ИИВ БАЁННОМА ТУЗИШ БЎЙИЧА РЕЖА БОРЛИГИНИ РАД ЭТДИ…

1

 

Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда тарқаган аудионинг Олмазор тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси инспектори, подполковник Фаррух Холовга тегишли эканини тасдиқлаган, аммо маъмурий баённома тузиш бўйича «режа» борлигини рад этган.

Телеграм мессенжерида қолдирилган овозли хабарда ИИВ мулозими фуқароларга нисбатан маъмурий баённома тузиш бўйича натижалар юқори раҳбариятни қониқтирмаётганини айтиб, профилактика инспекторларига кам натижа кўрсатаётгани учун танбеҳ берган.

 

 

«Бештадан баённома»

 

 

Якшанба куни Телеграм мессенжеридаги махсус гуруҳда қолдирилган аудионинг ўзига тегишли эканини подколковник Холов ЎзА агентлигига тасдиқлаган.

Унинг сўзларига кўра, овозли хабар 14 июль куни Олмазор туман раҳбарияти ва 8та ҳудудий ИИБ раҳбарлари аъзо бўлган гуруда қолдирилган.

«Ўша ерда кўрсатма ва топшириқларни етказамиз. Бу овозли хабарни ўша ички гуруҳда қолдиргандим. Лекин қанақа қилиб кейин бу тарқаб кетди, очиғи билмадим», деб айтган Холов.

Аудиода подполковник Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари Маҳкам Вафоев ўтказган селектор йиғилишида «результат қилиш» бўйича қаттиқ гаплар бўлганини айтади.

«Қийин бўляпти жавоб бериш, сизлар кирмайсизлар-да селекторга. Кетган бўласизлар ўша пайтда. Майли, қатнашманглар, лекин «результат» қилиб беринглар.

Менга гапиряпсан «одамлар ўлиб кетяпти» деб. Қўлингдан келмайди одамларни қутқариш. Фақат шунинг олдини олиш бўйича ишлайсан, кимгадир ёрдам берасан, 183 бўйича «протокол» тузилса, шу ёрдаминг бўлади. Бошқа нарса қўлингдан келмайди одамни қутқариш учун. Ишдамисан, демак ишлаш керак. Коронавирус, коронавирус, коронавирус дейсанлар. «Результат» қилиб бер менга, «результат» сўраяпмиз сендан», дейди мулозим.

Подполковник «бугундан бошлаб ҳар бир профилактика инспектори фуқароларга нисбатан турли моддалар бўйича 5тадан маъмурий баённома тузишга» топшириқ берган.

«Майли, битта ГОМда учта участковый бўлса, иккитадан, учтадан тузсин, ўнта протокол бўлади шунда», — дейилади аудиода.

 

 

«Режа йўқ»

 

 

Тошкент шаҳар ИИББ хабарида айтилишича, аудиодаги «натижа» сўзидан мурод — профилактика инспекторларининг иш сифатидир.

«Режа» сўзини расмийлаштирилган баённомалар сони деб тушуниш нотўғридир. Ҳар қандай фаолиятда иш режаси зарур бўлади. Профилактика инспекторларининг иш режаси деганда аҳоли билан, фуқароларнинг алоҳида тоифаси билан ишлаш режаси назарда тутилиб, мазкур режа ишониб топширилган маҳалла ҳудудидаги криминоген ҳолатдан келиб чиққан ҳолда мувофиқлаштирилади», — дейилади расмий хабарда.

Унда айтилишича, «шахсий таркибга вазифаларнинг нотўғри етказилиши муносабати билан, раҳбар бўлмаган ва шахсий таркиб олдига вазифа қўйиш ваколатига эга бўлмаган Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимига нисбатан хизмат текшируви белгиланган.

 

loading...

1 ТА ФИКР

Comments are closed.