Гўрков, жарроҳ ва тартиб сақловчи чумолилар

0

Бир қарашда чумолилар ва одамлар орасида умумийлик йўқдек туйилади. Аммо олимлар чумолиларни алоҳида ўрганиб чиқишгач, бу фикрни кескин рад этишди.

Дастлабки хулоса шу бўлдики, чумолилар ҳаётларининг биринчи куниданоқ ўз вазифаларини англаб етадилар. Улардаги ҳаёт тарзи умумийлик системасига таянган бўлиб, ўзаро биргалик ҳисси уларни бирлаштириб туради.

ЖАРРОҲ ҲАШАРОТЛАР

Эндигина туғилган чумолилар алоҳида парваришхона — “ясли”ларда сақланади. Бу чумоли болаларининг тарбиясига ёши катта чумолилар масъул этиб тайинланади.

Яна бир қизиқарли томони шундаки, тарбиячи чумолилар ёш чумолиларни тез-тез табиат қўйнига олиб чиқишади.

Қария чумолилар ва бемор чумолиларга махсус шифокор чумолилар қарашади. Шифокор чумолилар бемор чумолиларни муолажа қилишда ампутациядан фойдаланади, яъни бемор чумолиларнинг зарар етган жойларини кесиб ташлайди. Чунки кўп оёқлиларда оёқлар янгидан ўсиб чиқади, бу табиий ҳол.

ЖОНЛИ КЎПРИК

Америкада яшаб келган “Фермер чумолилар” дарахт ва девор кавакларида ҳамда ер остида жон сақлайдилар. Ҳамма ишни биргаликда қилишга ўрганган бу меҳнаткаш ва аҳил ҳашаротларни қишки мавсумга тайёргарлик олдидан кўрсангиз, уларнинг инсониятга қанчалар ўхшашлигини фаҳмлайсиз.

Америка марказида эса “ўроқчи” чумолилар яшайди. Улар йўллар қуради. Бунда бир-бирлари билан боғлангандек ҳаракат қилади. Масалан, ўзлари турган жойдан буғдойзоргача жонли кўприк ясаб, захира донларни қўлма-қўл узатиб ғамлайди. Бу кўприк чумолиларнинг ўзларидан қурилади. Кўприкнинг узунлиги баъзан 1 кмгача ҳам бориб қолади. Ишни тўхтовсиз ва бехато бажараётган чумолиларга қараб турсангиз, бу меҳнат замирида улкан куч-қудрат ётганини ҳис қиласиз.

НАВБАТ ТАРТИБ ПОСБОНЛАРИГА!

Баъзан, айрим сабабларга кўра, бир чизиқ бўлиб тизилган чумолилар сафи бузилиб кетса, “тартиб посбони” бўлган чумолилар келиб, тартиб ўрнатмагунча иш тўхтайди. Энг қизиғи, бу чумолиларни ҳеч ким чақирмайди. Ҳали тасдиқланмаган айрим тахминларга кўра, улар ўз телепатияси сигнали орқали воқеликдан хабардор бўлиб, етиб келишади. Сўнг бир зумда тинчлик ўрнатишади.

Ўлган чумолиларни дафн қилиш маросими ҳам инсониятникига ўхшаш. Яъни марҳумларни “ҳаммол” чумолилар кўтариб боради. “Гўрков” чумолилар эса 2 см ли гўр қазиб, марҳумларни ерга қўяди ва кўмади.

Кўпгина олимлар бу жараёнларни ўрганиб чиқиб, шундай бир тўхтамга келдилар: «Чумолилар ер юзида мавжуд ҳашаротлар ичида энг ақллиси бўлса-да, ҳаракатларининг барчаси шартли рефлекс ва уларнинг оддий инстинктларидан келиб чиққан».

Интернет манбалари асосида

З.ИСОҚОВА тайёрлади.

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

loading...