Лўлиларнинг келиб чиқиши ва дунё бўйлаб тарқалиши тарихини биласизми?

0

Жаҳонда миллатлар кўп, элатлар бисёр. Шубҳасиз, уларнинг ҳар бири кишилик ривожига маълум даражада ҳисса қўшган.

Улар қаторида лўли аталмиш бир қавм борки, ўзининг ғаройиб миллатпарварлиги ва антиқа анъаналари билан дунё халқларининг диққат марказида туради. Жумладан, уларнинг этник тарихи, кўчиб юриши, қолаверса, бугунги кунда ўзига хос маданияти, ижтимоий ҳаёти ва турмуш тарзини атрофлича ўрганиш, бу қавм ҳақидаги тасаввуримизни бойитади.

Жаҳон миқёсида 18 000 000 кишини ташкил этувчи лўли миллатининг вакилларини кўплаб мамлакатларда учратиш мумкин. Расмий маълумотларга кўра, АҚШда 1 000 000, Канадада 80 000, Албанияда 70 000, Бельгияда 35 000, Бразилияда 678 000, Германияда 100 000, Грецияда 350 000, Полшада 50 000, Португалияда 40 000, Россияда 400 000, Руминияда 2 000 000, Туркияда 2 000 000 га яқин, Испанияда 800 000, Эронда 114 000, Мисрда 234 000, Ҳиндистонда 200 000 киши лўли миллатига мансуб, деб саналган. Ҳар бир мамлакатнинг маҳаллий аҳолиси уларни турли номлар билан атаб келишган. Масалан, арманлар – «боша», инглизлар – «тревелерс», «жипси», итальянлар – «зингари», руминлар – «зинкани», молдаванлар – «лаеш», африкаликлар – «мавр», немислар – «синти», финлар – «мусталаитет», турклар – «қорача», руслар – «рома», «циган», испанлар – «хитанос», эронлар – «косиб», «заргар», афғонлар – «карбут», «ноша» ва ҳоказо.

Ўзбекистонда ҳам қадимдан лўлилар истиқомат қилишиб, маҳаллий аҳоли томонидан улар «лўли», «мўлтони», «жўги» каби номлар билан аталадилар. Лўлилар ўзларини эса «мугат» (муғ, оловга топинувчи) деб атайдилар. Бироқ ҳозирда Ўзбекистон лўлиларининг аниқ сони ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Фақат, «Ўзбекистоннинг этник атласи»га кўра, 2000 йили мамлакатда уларнинг сони 5 000 нафарни ташкил этганлигини билиш мумкин. Олиб борилган тадқиқотларга асосан, бугунги кунга келиб, мамлакатда тахминан 50 000 дан ортиқ лўли истиқомат қилади, деб ҳисобланса хато бўлмайди.

Лўлиларнинг келиб чиқиши ва дунё бўйлаб кенг тарқалиши тарихи ҳақида элшунослик фанида турли қарашлар мавжуд. Улардан бири лўлиларнинг Мисрдан келиб чиққани ҳақидаги талқин ҳисобланади. Лўлиларга нисбатан gypsy (мисрлик) этноними халқаро муомалада кенг қўлланилишининг ўзи ҳам, яқин вақтларгача, яъни ХХ аср бошларига қадар уларнинг асл ватани Миср диёри эканлигининг тан олинганлигини кўрсатади. Бироқ, кейинчалик бу талқин ўзининг илмий асосларини топмади. Илмий жамоатчилик томонидан қабул қилинган ва асосланган қараш сифатида лўлиларнинг Ҳиндистон диёридан келиб чиққани эътироф этилди.

Баъзи маълумотларга кўра, лўлиларнинг дастлабки гуруҳлари V-VII асрларда ва кейинги даврларда Шимолий Ҳиндистондан тарқала бошлаган. Уларнинг айрим гуруҳлари Ҳиндистондан Балужистон – Афғонистон – Эрон – Кавказ – Туркия орқали Юнонистонга ва у ердан бутун Европага тарқалган. Иккинчи йўл Ҳиндистон – Эрон орқали Марказий Осиёга тарқалган.

Лўлиларнинг Ҳиндистонни тарк этиб, бошқа ҳудудларга кўчиб ўтишларининг кейинги тўлқини иккинчи минг йилликнинг бошларида (милодий X аср) амалга ошган бўлиши мумкин. Чунки бу вақтда Ҳиндистон мусулмон жангчилари томонидан истило қилина бошлаганди. Бундан ташқари, Ҳиндистон ички низолар ва қудратли Деҳли султонлигининг таназзулга учраши каби оғир тарихий даврни бошдан кечираётган эди. Шу каби кўчишлар кейинги асрларда ҳам босқичма-босқич амалга ошиб турган.

Улар 1417 йили Венгрия, 1418 йили Германия, 1422 йили Испания, 1500 йили Полша, 1422 йили Италия, 1430 йили Англия ва болтиқбўйи мамлакатларида пайдо бўлганлар.

Лўлилар Европада тез тарқалиб, кўп ўтмай Атлантика океани қирғоқларигача бориб етишган. Бир-бир ярим асрдан сўнг эса, улар Америка қитъаси ва ҳатто Австралияда ҳам истиқомат қиладиган бўлишди.

Шундай қилиб, асрлар давомида бутун дунёга кенг тарқалган лўлиларнинг азалий ватани Ҳиндистон эканини топонимик тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Юқорида айтилганидек, Ўзбекистоннинг турли минтақаларида истиқомат қилувчи аҳоли лўлиларни ҳар хил номларда, яъни «лўли», «жўги», «мўлтони» деб аташади. Бу Карачи ва Мўлтон шаҳарлари номи билан боғлиқ, деган фаразлар мавжуд. Марказий Осиё лўлиларининг айрим гуруҳлари «жўги» (ҳиндчада камбағал, қашшоқни билдиради), «ҳиндистоний», «бўлужий» деб аталиши ҳам лўлиларнинг асл ватани Ҳиндистон бўлганлигини тасдиқлайди.

Умуман олганда, лўлилар ўз ватанларидаги ноқулай тарихий шароит туфайли анъанавий машғулотлари (қўшиқ куйлаш, рақсга тушиш ва бошқалар) билан шуғулланиш имконини топа олмай, муносиб жой излаб бошқа давлатларга кўчиб ўтганлар. Албатта, бундай ҳолатда тараққий этган мамлакатларга интилишлари табиийдир.

Хусусан, ўрта асрларда Марказий Осиё ҳудудлари бундай талабларга тўла жавоб берган. Лўлилар Ҳиндистонни тарк этишгач, узоқ пайт Афғонистонда истиқомат қилганлар. Маҳаллий аҳоли таркибига сингиб, ўзига хос этник гуруҳларни вужудга келтирганлар. Кейинчалик, у ердан ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларига кўчиб ўтганлар.

Қадимда кўчманчи ҳаёт кечирган қавм вакиллари қандай географик, ижтимоий, маданий муҳитга тушсалар, шунга мос касб-корни эгаллаб бораверганлар. Масалан, Марказий Осиё лўлилари XIX аср охирларига қадар от даллоллик, зулук сотиш, ёғочлардан турли уй-рўзғор буюмларини тайёрлаш, паншаха, кетмон, ғилдирак тўғини, ғилдирак гупчагини чархлаш, дўппи, белбоғ тикиш, қалайдан ҳалқа ясаш каби машғулотларга уқувлари баланд бўлган. Шу билан бир қаторда, заргарлик, паранжи учун отнинг қилидан чачвон тайёрлаш ҳам этник гуруҳ вакиллари фаолиятининг бир қисмини ташкил этган. Лўлиларнинг мусиқа, рақс, ҳайвонларни ўргатувчиликка рағбатлари кучли бўлиб, бозорлар, сайллар, жамоат жойларида турли халқ томошаларини кўрсатиб, шуҳрат қозонганлар. Аёлларнинг кўпчилиги эса, халқ табобати ва тиланчилик билан шуғулланиш орқали оила иқтисодига сезиларли ҳисса қўшганлар. Бундан ташқари, лўли этник гуруҳларидан бири мазанглар ўтроқ ҳаёт кечириб, бошқа уруғларидан фарқли равишда асосан деҳқончилик қилиб, аёллари турли пардоз буюмлари савдоси билан машғул бўлишган.

Лўлиларнинг бундай маиший ҳаёти ва кўчманчи турмуш тарзи эвазига уй-жойлари ҳам ўзига хос бўлган. Лўлиларнинг қадимда яшаш жойлари чодирлар бўлиб, уларнинг икки тури мавжуд бўлган: қишки чодир (чодири зимистон) ҳамда ёзги чодир (чодири гарм). Қишки чодирлар ерга ковлаб ўрнатилган икки ёки уч таёқнинг қутбларига туташган бўз матодан иборат бўлса, ёзги чодирлар жуда кичик ва одатда битта қутбга туташган, соябон вазифасини ўтаган. Чодирга кигиз ёки намат ёйиб қўйилган. Чодирнинг чиқиш жойида унча катта бўлмаган чуқурча қазилган ва унинг ичида гулхан ёқилган. Бу гулхандан фақат чодирни иситиш учун фойдаланилган. Овқат пишириш учун эса чодирдан ташқарида алоҳида гулхан мавжуд бўлган. Мазангларнинг уй-жойлари лўлиларнинг чодирларидан фарқли ўлароқ, ёйсимон эгилган ва ерга қадалган қалин шох-шаббалардан ёки қамишлардан тайёрланган. Чайланинг баландлиги инсон бўйи баробар ҳолда, баъзан эса 3-4 метргача етган. Чайланинг эшиги қамишдан тайёрланган бўйра ёки мато билан ёпилган.

Лўлилар узоқ вақт Марказий Осиё халқлари билан ёнма-ён яшаб, бир элат бўлиб шаклланишлари эвазига маросим ва анъаналари ҳам ўзаро ўхшашлик касб этган. Улар учун, айниқса, фарзанд туғилиши ва тарбияси билан боғлиқ одатлар алоҳида аҳамиятга эга. Ақиқа, соч қирқиш, азон ўқиш, бешик тўйи, суннат тўйи ҳамда мучал тўйлари мавжуд бўлиб, атрофдаги ўзбек ва тожикларнинг маросимларидан деярли фарқ қилмайди. Шунингдек, никоҳ маросимлари, мотам маросимларида ҳам ўзаро мувофиқ жиҳатларни ўзида акс эттирган. Айрим маросимларни лўлиларнинг ўзига хос маросимлари сифатида қайд этиш мумкин. Чунончи, момо оши (ёки етти пир), қозон тўлди, бозорлиқ, етти олов ва бошқалар.

Бугун Ўзбекистонда истиқомат қилаётган лўлиларнинг турмуш тарзи ўтмишдагидан анча фарқ қилиб, ижтимоий ва маданий ривожланиш кўзга ташланади. Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган шароитлардан лўлилар ҳам фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Шу даврларда лўлиларнинг орасидан тадбиркорлик ёки кичик бизнес билан шуғулланувчи қатлам шаклланди. Таълим жараёнларига кенг кўламда қамраб олинди, маълумотли кадрлар етиша бошлади.

Ўтмишда кўчманчи ҳаёт тарзини кечирган, муқим яшаш манзили ва иш жойига эга бўлмаган лўлилар, бугун замонавий уй-жойларда истиқомат қилиб, турли касб-корларда фаолият олиб боришмоқда. Жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида барча ижтимоий, сиёсий, фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиб келмоқдалар. Айниқса, охирги йилларда замонавий Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, аҳолининг барча қатламлари ижтимоий, сиёсий ва маданий жабҳанинг бевосита иштирокчисига айланиб бораётганлиги лўлилар мисолида ҳам кўринади. Улар жамиятнинг фаол аъзолари сифатида ҳунарманд, тадбиркор, ўқитувчи, шифокор, ишчи, санъаткор, спортчи каби касбларда ҳам фаолият олиб боришмоқда. Бу соҳаларда ишлаётган лўлилар сони ортиб бораётганлигидан уларнинг атроф-теваракка бўлган муносабатини ҳам ўзгартирмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, лўлилар узоқ тарихга эга бўлиб, ўзига хос этник жараёнларни бошдан кечирдилар. Биринчи минг йилликнинг ўрталарида азалий ватанлари Ҳиндистонни турли ижтимоий-сиёсий омиллар таъсирида тарк этиб, бутун дунё бўйлаб тарқалган қавм ҳисобланади. Жаҳон лўлилари ҳақида гап борганда, фанда шундай қараш мавжуд: муайян бир маконда истиқомат қилмайдиган, ягона тил бирлигига эга бўлмаган, руҳий бирдамлиги ва турмуш тарзлари билан дунё халқлари ичида «ягона ҳудудсиз миллат» деб эътироф этиладилар. Балки, бу талқин Европа ва бошқа хориж мамлакатлари мисолида айтилса тўғри бўлар. Бу ҳудудларда лўлилар ўзларининг яккалаган ҳолда турмуш кечириб яшашлари, муайян ҳудудда муқим яшамай, бошқа жойларга кўчиб ўтишлари бугун ҳам кузатилади. Бироқ бу тамойилни замонавий Ўзбекистон лўлиларига нисбатан татбиқ этиш ноўрин. Чунки улар асрлар давомида маҳаллий аҳолига маданий яқинлашиш, ўзаро қоришув жараёнлари натижасида бир халқ сифатида шаклланиб улгурдилар. Шу билан бирга, ўзларининг анъаналари, қадриятлари, умуман этник хусусиятларини ҳам маълум маънода сақлаб қолган ҳолда турли жабҳаларда ривожланиш йўлини босиб ўтмоқдалар.

Зуфар Қорёғдиев,
ФА Тарих институти таянч докторанти

(ЎзА)

loading...