МУРДАЛАР ГАПИРМАЙДИЛАР… (11-қисм)

0

 

 

* * *

 

Шу сўзларни айта туриб худди нафаси сиқилгандай чуқур тин олган эди. Сўнг овозини пастлатгани ҳолда бир байт ўқиб эди:

«Маризинг бир тарафдин, бир тарафдин хорсан — миллат,

Бадандан доимо қон олдурар беморсан — миллат…»

Болаликда шеър ёдлашга уқуви дуруст бўлган Нуриддин бир эшитишдаёқ бу байтни эслаб қолган, сўнг мағзини чақмоқ учун тез-тез такрорлашни одат қилган эди.

Дарбадарнинг тунлари уйғотиб беҳалавот қилғувчи, савол аломати муҳрланган кўзлари билан шуларни гаплашади. Ҳибсхонадаги қисқа суҳбат такрорланаверади.

Дарбадар дуо қилди. Лекин юртга қайтиш бахти Нуриддинга насиб этмади. Бир қишлоққа ҳужум қилишганида чидай олмади. Хонадондаги ҳимоясиз аёллар, болаларни отаётган шеригининг бошига қўндоқ билан урди. Сўнг автоматнинг барча ўқларини унинг кўксига бўшатди.

Дарбадарнинг умиди жасади билан биргаликда кўмилди — жаҳолат, ғафлат уйқусидан уйғониш, қуллик тамғасидан қутулиши зарур бўлган йигит Сибириянинг овлоқ ерларида қандайдир одамларга чой дамлаб, хизмат қилиб юрибди. Ўша тун уйғониб, Дарбадарнинг кўзларига рўпара бўлганида шуларни айтиб:

«Сиз ғафлатдан уйғон, дедингиз. Қандай уйғонишни эса айтмадингиз».

«Худо сенга ақл, зеҳн берган. Ўйла, йўлни топ».

«Мен бунақа жойларда нима қилай энди?»

«Сен бу жойларда озодликнинг қадрига етасан».

«Мен булар билан бирга бўлишни истамайман».

«Буларнинг миллати йўқ. Сен миллатсиз одамлар билан бирга бўлиб, миллатни қадрлашни ўрганасан…»

Нуриддин одати бўйича Дарбадарнинг кўзларига қараб кўп саволлар берди. Лекин жавоб ололмади. Чунки у Дарбадарнинг кўзи билан эмас, балки ўзи билан ўзи гаплашарди. Унинг онги эса кўп саволларга жавоб топмоққа ожиз эди.

 

 

«АЗИЗ МEҲМОН»

 

 

Дарахт кесишга ижозат берилиб, кераксиз зовур қазиш барҳам топди. Ер юзаси қалин қор билан қопланган кезларда кутилган «азиз меҳмон» — ўғрилар оламида «Мурик» деган янги лақаб олган Слава Галиулин пайдо бўлди. Тенгиз қиш кунлари ҳам баракда биқиб ётмай, ташқарида ёқилган гулхан яқинида ўтиришни хушлар эди. Айниқса, қор бўралаб ёғаётган дамда узоқ ўтирарди. Бундай пайтда баланд тоғ бағрига жойлашган овули ёдига тушиб, юраги эзиларди. Елкаларига бўркларини ташлаб олган овул  оқсоқоллари гулхан атрофида суҳбат қуришарди. Эргашиб чиққан набираларни боболари бўркка ўраб олишарди. Булар орасида Тенгиз ҳам бўларди. Улар худди халтадан бошларини чиқариб жавдираётган кенгуру болаларига ўхшаб кетишарди. Боболари уларни совуқдан асрамоқчи бўлишарди. Аммо болачалар «кенгуру халтасида» узоқ ўтира олишмасди. Типирчилайвериб, боболарининг жонларига тегаверишгач, «озодлик»ка чиқишарди. Қорда югуриб-югуриб, думалаб-думалаб ўйнашарди…

Қани ўша озод онлар… Қани ўша меҳрли боболар… Қани уларнинг ёмон шамоллардан асрагувчи бўрклари… Қани она овул…

Ана шу ҳислар билан ўтирганида кимдир гулханга яқинлаша бошлади. Озод осмонлардан яйраб-ўйноқлашиб тушиб, то баҳорнинг иссиқ нафасига қадар ястаниб ётмоқни ният қилган қор оғир қадам юкига дош беролмай зорланиб ғижирлади. Тенгиз «ким экан бу?» деб ўгирилмади. У «азиз меҳмон»нинг шу кезлари келишини кутаётган эди, зийрак зеҳни бу сафар ҳам панд бермади.

«Азиз меҳмон» икки қадам нарида тўхтаб овоз берди:

— Салом, Княз!

Тенгиз саломга дарров алик олмади. Қўлидаги косов билан гулхандаги ўтинларни титиб қўйгач, орқасига ўгирилди-да:

— Ҳа, Чўмич, келдингми, ўтир, — деди.

Тенгизнинг ўрнидан турмагани, кўришмагани, атрофида хира пашша каби ҳар он ғинғиллаб ғашига тегувчи одамни кўргандай энсасининг қотиши сабабсиз эмас эди. «Мурик»нинг хоинлиги хусусидаги маълумот, гарчи текшириб, аниқланмаган бўлса-да, унга илтифот кўргазмоққа мутлақо йўл бермасди. Тенгиз ҳеч нарса билмагандай уни илиқ қаршилаши, гапни айлантириши мумкин эди. Лекин буни истамади. Чунки у айёрликка нисбатан тоғликларга хос мағрурликни афзал биларди.

Мурик Тенгизнинг совуқ муомаласидан ажабланмади. Аввало «княз» мартабасидаги бу йигитнинг довруғини эшитгани билан ўзини энди кўриши. Гарчи «қонундаги ўғри» деган мақомга Тенгиздан аввалроқ етишган бўлса-да, бу оламда етарли даражада ном чиқара олмаган эди. Шундай экан, довруқли ўғрининг бу қадар беписандлиги, табиий бир ҳол бўлмоғи аниқ. Бироқ Мурик бу илтифотсизлик боисини яхши англади. Қамоқ лагерларида махсус топшириқ билан юргани ўғрилар оламига маълумлигини, ўзига «Мурик» деган лақаб тақалганини у билар эди. Бу ишга розилик берганидаёқ оқибатни — ўғрилар оламида лаънатга учрамоғи аниқлигини ҳисобга олган эди. Аммо тарозининг бошқа палласидаги ўлжа қаршисида бу лаънат арзирли гап эмасди. Таъбир жоиз бўлса, «қимор»га жуда катта бойлик тикилган эди.

Мурик нафс олдида ожиз қолди — ўзини тўхтата олмай «ё ўламан, ё бо-йиб кетаман», деб таваккал қилди. «Илоҳий туйғулар руҳга ҳаёт берур, ҳайвоний орзулар ҳайвоний ҳисларга қувват берур», деганларидек, яхшилик кўчасидан юрмаган бу одамнинг ўзгача қарорга келмоғи мумкин ҳам эмасди.

Мурик Тенгизнинг елкасига кафтини қўйиб, гўё саломлашган бўлди-да, қаршисига ўтиб, ғўлача устига ўтирди.

Тентиз қўлидаги косов билан гулханни яна титиб қўйди. Тақдирга тан берганича оҳиста ёниб адо бўлаётган ўтинлар бу титкилашга дош беролмай фарёд чеккандай ҳисобсиз учқунлар сачратдилар: гўё ўлаётган ўтинларнинг безовта руҳлари осмонга сапчигандай бўлди. Бу ҳол узоқ давом этмай, аланга яна ўтинларни ямлаб ютаверди. Унинг мағрур тиллари учқунларни қувалаб юқорига интилди. Аммо ўчган учқунларнинг изларини тополмай тўлғонди.

Бир оламнинг икки фуқароси орасида гулхан ана шундай ҳунар кўрсатмоқда эди. Тенгиз кутилган меҳмонга қаттиқ тикилди. Мурик эса бу нигоҳни сезмагандай хотиржам ўтирди.

Тенгиз ундан кўзларини узмаган ҳолда умрини яшаб бўлган ўтин чўғлари остидан картошкани косовда тортиб олди-да, Мурик томон сурди. Биттасини ўзи томон тортди. Чўғда пишиб етилган картошкалар пўстлари арчилиб, еб адо қилингунча гап сўз бўлмади. Ташқаридан кузатган киши буларнинг бирдан-бир мақсади гулханда исиниб, картошка ейишдан иборат деб ўйлаши мумкин эди.

— Чўмич, — деди ниҳоят Тенгиз, — сен катта ишлар қилиб юрган одам эдинг. Уйни уришга уриб, роялда ўйнаганингга ҳайронман.

— Атай қилдим бу ишни, — деди Мурик хотиржам тарзда. — Олдинроқ зўр бир ишни дўндириб қўйган эдим. «Иш» босди-босди бўлгунича озгина саёҳат қилиб кела қолай, дедим.

Бир хунаса билмай туриб гап тарқатиб юборибди. Княз, сен ақлли одамсан, ҳар қанақа гапларга ишонаверма. Мен номига иснод келтирадиган қанжиқлардан эмасман.

— Сен иснодга қолиб бўлгансан, Чўмич.

— Бир хунасанинг сассиқ иғвоси билан иснодга қолавераманми?

— Хунасанинг иғвоси… дегин. Яхши. Унда Гобелян билан нима учун учрашдинг? Сенинг ишинг раён прокуроридан нарига ўтмайдиган эди. СССР прокуратурасида нима қилиб юрибсан?

Мурик бу саволдан гангимади. Бироқ, жавоб қайтаришга ҳам шошилмади. Бошини эгиб, совуқда эти жунжиккандай бўлиб, кафтларини гулханга тутди.

— Айтсам, ишонмайсан, — деди у шу ҳолатда. — Бир шилта ишга аралаштирмоқчи бўлишди.

— Қанақа шилта иш экан?

— Икки йил олдин бир «товуққа» бориб юрардим. Ўшани ўлдириб кетишибди.

— Қанақасига қутилдинг?

— Алиби! Ўша куни мен Чоржўйда эдим. Қариндошларникига тўйга борувдим. Нафсим бузуқлик қилиб кўп еворибман. Ичбуруқ бўлиб тўрт кун касалхонада ётдим.

— Гобелян ишондими шу баҳонангга?

— Нега ишонмасин?

— Ё Гобелян аҳмоқ, ё сен. Ёки… мен.

— Нега… ахир…

— Мурикжан… — Тенгиз бу сўзни армани лаҳжасида, эркалаш оҳангида айтди, —

Мурикжан… Сен айтган шилта иш билан МУР шуғулланяпти. Гобеляннинг иши бошқа.

Ўзбекистоннинг тит-питини чиқариб юрган одам бир шилта ишни деб бир шилта ўғри билан коняк ичарканми?

— Коняк ичганим йўқ.

— Сен қулоққа лағмон осма, Мурик. Сенинг тақдиринг ҳал этилган. Гобеляннинг хонасидан чиқишинг-да ўзингга ўзинг ҳукм ўқигансан. Агар юрагингда бир томчигина ҳалол ўғрининг қонидан қолган бўлса ҳам ҳукмни ўзинг ижро этишинг керак. Ўзингни ўлдирсанг, яхши ном билан кетасан. Биз ўлдирсак, «қанжиқ» деган ном кафанинг бўлади. Бошқа йўлинг йўқ,

Мурикжан.

— Княз, иккита йўл бор жойда учинчиси ҳам топилади. Менга имкон бер.

— Гобелян нима деди сенга?

— Бу гап иккимизнинг орамизда қолиши керак, княз. Бу жуда нозик масала.

— Сен менга шарт қўйма. Гап шу ерда қоладими ё телетайпга қўяманми, ўзим ҳал қиламан.

— Яхши, Княз. Мен сенинг ақлингга ишонаман. Гобелян аввалига мени ўша шилта иш билан қўрқитмоқчи бўлди, ишон. Кейин бир таклиф айтди. «Яқинда катта «ов» бўлади. Атрофингга ишончли ўғриларни тўпла. Агар шартимизга кўнишса, ҳам озод бўлишади, ҳам бойиб кетишади. Вазифа қойилмақом қилиб бажарилса, то ўлгунларича уларга тегмаймиз», деди.

— Қанақа вазифа? Қанақа «ов»?

— Унисини аниқ айтмади. Гапининг мазмунига қараганда «Ов» Ўрта Осиёда бўлиши керак.

Вазифамиз — ғалва чиқариб бериш бўлади. Қолганини ўзлари эплашади.

— Яхши вазифа олибсан… Демак, сен ўғриларни эмас, қанжиқларни тўплашинг керак экан.

Сен мени қанжиқ деб юрармидинг?

— Княз, ундай дема. Сен мен ҳурмат қилувчи энг буюк ўғрилардан бирисан. Улар бизга яхши иш таклиф қилишди. Эвазига умрбод эркинлик…

— Ҳукуматнинг ҳар қандай ишига ёрдам бериш қанжиқлик эканини унутибсан, Мурик!

— Бу алоҳида бир имконият, Княз. Ўғрилар оламига катта фойда келтиради.

— Фақат иснод келтиради.

— Яхши, княз. Мен бу таклифни фақат сенга айтдим. Агар сен буни қанжиқлик деб ҳисобласанг, майли, мен ҳам бу ишга қўл урмайман. Икки йилни эплаштириб, тинчгина юравераман.

— Шундай қил: тинч юравер, — Тенгиз бу гапни айтиб заҳарли илжайди.

Мурик суҳбат якунига етганини англаб, ўрнидан туриб нари кетгач, Тенгиз у ўтирган томонга қараб тупурди. Унинг тупуги гулханнинг оловли бағрини ёриб ўтолмади — манзилга етолмади.

Гулхандан узоқлашаётган Мурик «Князни ишонтирдим», деб енгил тортиб янглишган эди.

Тенгиз у ўйлаган даражада бефаҳм эмасди. Гобеляннинг асл мақсади унга ҳозирча аниқ бўлмаса-да, Мурикка «катта ов»ни ваъда қилганига ишонмади. Ишонмаслигига бир қанча сабаблар мавжуд эди. Агар чиндан ҳам «катта ов» бўлса, буни аллақандай «Чўмич»га қўйиб бермайди. Бу ёқда Арутюнан, Нерсесян, яна аллақанча наҳанг балиқлар турганида бу итбалиққа бало борми? Гобелян ўзининг «ян»ларини ишга солмадими, демак, «ов» катта эмас.

Ёмон ном чиқаришга арзимайди. Бу бирламчи сабаб. Иккиламчиси — прокуратура жанжал чиқариш билан шуғулланмайди. Тенгиз Мурик билдирган ишдан исқирт бир сиёсат ҳиди анқиётганини сезди. Демак, Мурик Гобеляндан ташқарида яна бир киши билан учрашган.

«Аммо ким билан, қаерда? Агар уч ҳарфлиларга аралашган бўлса, иш жиддий, — деб ўйлади Тенгиз. — «Ов» балки уларнинн режасидир? Унда Гобелян нима деган бу қанжиққа?» Муаммо ботқоғига ботаётган Тенгиз косовни жаҳл билан бир-икки гулхан бағрига санчди. Ўтинларни оҳистагина ямлаб ютаётган гулхан алангаси норизо ҳолда бир тўлғонди-ю, яна юмушини давом эттираверди.

Меҳмон узоқлашгач, баракнинг дарчасидан хожасини кузатиб ўтирган Пачоқбурун ўрнидан турди-да, елкасига пахталигини илиб, ташқарига чиқди. Гулхан томон борсамми, ё йўқми, деган ўйда бир неча нафас турди-да, сўнг «бирон амри бордир», деган ўйда хожаси томон юрди.

Тенгиз рўпарасидаги ғўлачага ўтирган Пачоқбурунга бир қараб олди-ю, индамади. Гапириш ўрнига амрни ижро этмоқни афзал билувчи Пачоқбурун бекорга қараб ўтирмаганини билдириб қўйиш учун сўз айтди:

— Жмура12, — деди у сўнг овозини баландлатиб қайтарди: — жмура! — сўзига хожаси томондан эътибор бўлмагач, қўшимча қилди: — елканларини поралаб ташлаш керак.

Тенгиз унинг бу ҳукмини эшитиб, унга ўқрайиб қаради.

— Оғзингни юм! — Тенгиз шундай деб чирт этиб тупурди-да, «Биковатий» деб минғирлаб қўйди. Тенгиз бу «унвонни» тез-тез ишлатарди. Овоз чиқариб айтган маҳаллари ҳам кўп бўларди. Бу қамоқ лагерига келиб, «тахт»га ўтирган онида Пачоқбурунни «хос нав-карлик»ка тавсия этаётган Қўтос «ўзи биковатий бўлгани билан ишимизга садоқати зўр», деб таърифлаган эди. Тенгиз таърифнинг иккинчи қисмини қўйиб, биринчи бўлагига эътиборини қаратган эди. Баъзан шундай тўнкага рўпара бўлгани учун тақдиридан нолиб қоларди. Аммо тур деса туриб, ўлдир, деса ўлдириб келувчи одамнинг онг даражаси бундан ортиқ бўлмаслигини билгани учун ҳам чидар эди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

loading...