Олимлар: «Коронавирус ёш ва соғлом кўринадиган одамлар томонидан тарқатилади»

0

Охирги пайтларда олиб борилган илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ёш, аломатларсиз касаллик ташувчилар вирус тарқалишида илгари ўйлагандан кўра кўпроқ роль ўйнаши мумкин. Бу ҳақда «Deutsche Welle» нашрига асосланиб, «Daryo.uz» хабар бермоқда.

Америкалик мутахассислар, Хитойда COVID-19’нинг симптомсиз ташувчиси бўлган аёл ўз уйининг лифтида бир неча дақиқа ичида 71 кишига касаллик юқтиргани ҳақида маълум қилди.

Қайд этилишича, аёл март ойида АҚШдан Хитойга қайтиб боради ва коронавирусга тест топширади. Тест жавоби манфий чиқади. Шунга қарамай, у карантинга риоя қилишга қарор қилади. Лекин аёлнинг айтишича, у икки ҳафта давомида фақатгина бир марта лифтдан фойдаланган.

Бундан ташқари, яқинда япон олимлари 3000 дан ошиқ касалланиш занжирларини текшириб кўрди. Мутахассислар инфекция тарқалишининг дастлабки манбалари бўлган 22 кишини аниқлашга муваффақ бўлган. Уларнинг ҳар иккитасидан бири 20 дан 39 ёшгача бўлган. Бу олимларни ҳайратда қолдирган, чунки Японияда маълум бир даврда касалланиш ҳолатларининг аксари 50-70 ёшдаги беморларда аниқланган.

Киото университетининг вирусология кафедраси доценти Юки Фурусенинг таъкидлашича, ёшлар кўпинча касалликнинг енгил турига чалинади ва улар бошқаларга юқиши мумкинлигини англамайди.

Япониядаги Тохоку университети вирусология профессори Хитоши Ошитани ҳам ёш авлод аъзолари ўзларини камроқ хавфли деб билади, шунинг учун улар кўпроқ ҳаракатчан ва инфекция манбаси билан алоқада бўлиш эҳтимоли кўпроқ.

Ўз навбатида, Гонконг ва Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, вирусни ташувчилар орасида яширин ташувчиларнинг улуши 50 фоизгача бўлиши мумкин.

Бироқ олимлар аломатларсиз ташувчиларнинг SARS-CoV-2’нинг тарқалишига қандай даражада ҳисса қўшиши тўғрисида ҳали ҳам бир қарорга кела олмаган.

Аксарият мутахассисларнинг фикрига кўра, коронавируснинг аниқ белгилари бўлган беморнинг инфекцияни юқтириш хавфи аломатларсиз бўлган вирус ташувчисига қараганда юқори.

loading...