ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИ МИЛИЦИЯ ТАЪҚИБИ ОСТИДА ҚОЛДИ. НИМА БЎЛДИ ЎЗИ?..

0

 

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси ўлими тўғрисидаги хабарни тарқатган қорақалпоғистонлик журналистлар ярим тунда ўз уйидан мажбуран олиб кетилди. Жамоатчилик ушбу ҳолатни мамлакатда матбуот эркинлигига нисбатан қўл урилган навбатдаги таҳдид ўлароқ баҳоламоқда. Би-би-си прокуратура томонидан сўроққа тутилган журналистларнинг бири билан суҳбатлашди.

25 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига узоқ йиллардан буён раислик қилиб келаётган Муса Ерниязовнинг ўлими тўғрисида хабарлар тарқалди, қисқа вақт ичида расмийлар бу хабарни рад этдилар.

Аввалроқ, Ерниязовнинг коронавирусга чалиниб, даволанаётгани маълум қилинган эди.

Ерниязовнинг ўлими тўғрисидаги хабарнинг ягона манбаси маҳаллий Repost. uz нашри бўлди.

Бироқ нашр бош муҳаррири сайтнинг ҳакерлар ҳужумига учраганини маълум қилиб Repost. uz раиснинг ўлими борасида ёлғон маълумот тарқатмаганини таъкидлаб чиқди.

Ерниязов ўлдига чиқарилган хабар Repost. uz нашри номи остида тарқалган бўлсада, ушбу хабарни ўз Telegram каналларига жойлаштирган бир гуруҳ қорақалпоғистонлик журналистлар 25 июль куни ярим тунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўз уйидан олиб кетилгани борасида чиққан хабарлар шов-шувга айланди.

Бу хабарларга кўра, орган ходимлари Makan. uz, Kruz. uz ва Kar24. uz нашрлари бош муҳаррирлари билан деярли уч соат суҳбат қилган.

Кейинчалик журналистлар қўйиб юборилган бўлсада, уларнинг телефонлари ва ноутбуклари олиб қўйилган.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси журналистларнинг олиб кетилганини тасдиқлаган, Ерниязов ўлимига оид хабарни қорақалпоқ тилига ўгириб тарқатган сайтлар бош муҳаррирлари билан профилактик суҳбат ўтказилганини маълум қилган.

Хабарда прокуратура «элнинг назарида бўлган киши»нинг саломатлигига доир ахборот «унинг оиласи, меҳнат жамоаси, билган яқинларида турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин»лигини таъкидлаган.

«Шу боис, бундай уйдирма хабарлар ким томонидан тарқатилганини аниқлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул шахслари томонидан «Makan. uz» cайти муҳаррири Л. Каллыханова, «Kruz. uz» сайти муҳаррири И. Юсупов, «Kar24. uz» сайти муҳаррири Қ. Бегниязовалар билан профилактик суҳбат ўтказилди. Профилактик суҳбат чоғида прокурор ёки ички ишлар ходимлари томонидан журналистларга ҳеч қандай босим ёки тазйиқ ўтказилмаган», дейилади прокуратура баёнотида.

Мазкур ҳолат матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингларда ҳануз қуйи поғоналарни эгаллаб турган Ўзбекистонда журналистлар фаолиятига нисбатан навбатдаги босим ўлароқ баҳоланмоқда.

 

Кинолардаги манзара

 

 

Қаллихонова уч ярим йилдан буён қорақалпоқ тилида Makan. uz сайти ва Telegram каналини юритиб келишини айтади.

У 25 июль ярим тунда содир бўлган ҳолатни «кинолардаги манзара»га менгзайди.

«Ўша куни “Телеграм”да ўтирган эдим. Танишимдан хабар келди. Унга кирсам, Муса Ерниязовнинг вафот этгани ва ўлими сабаби тўғрисида рус тилидаги хабар бор экан. Кейин мен бу хабарни каналимга жойладим, ҳаволасини ҳам тўлиғича бердим», эслайди журналист.

Унинг сўзларига кўра, ҳавола Repost. uz сайтига тегишли бўлган.

«Лекин эътибор берсам, бу хабар 20 июль куни чиққан экан. Хабар санасини алоҳида белгилан, скриншот олдим ва уни ҳам каналга қўйдим. Жўқорғи Кенгесдан бу маълумотга очиқлик киритишини ҳам қўшимча қилдим».

Қаллихонова орадан беш дақиқа ўтиб, бирламчи манбадаги хабар йўқолиб қолганини билдиради.

Жўқорғи Кенгес ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги зудлик билан Ерниязовнинг соғ-омон эканини маълум қилиб, унинг ўлими тўғрисидаги хабарларни рад этган.

Лолагул Қаллихонова 25 июль тунида бу маълумотларни ҳам канали орқали ўз ўқувчиларига етказганини билдиради.

Унинг ҳикоя қилишича, Ерниязов ўлими ҳақидаги хабарни тарқатган таниш журналистлардан бири ўша тунда унга қўнғироқ қилган.

«Каналимда охирги постимни соат 12 га яқин жойладим ва ухлашга ётдим. Шу пайт Круз. уз сайти юритувчиси Искандар Юсупов телефон қилиб, ўзини орган ходимлари олиб кетмоқчи бўлаётганини айтди. Менга ҳеч қандай қўнғироқ бўлган-бўлмаганини сўради».

«Бунга қадар менга ҳақиқатан ҳам нотаниш рақамлардан кўп қўнғироқлар бўлган, кўплаб ўқувчилар раиснинг ўлими тўғрисида менга ёзган эди, лекин кеч бўлгани учун уларга эътибор бермаган эдим», давом этади журналист.

Қаллихонованинг давом этишича, Юсупов билан суҳбатдан кўп ўтмай унинг маҳалласида бир неча машиналар пайдо бўлган.

«Дарров чиқиб қарадим. Кўчамиз тор бўлганидан иккита машина тенгдан сиға олмайди. Кўп машина тўпланиб қолган эди. Энди киноларда бўлади-ку! Олтита машинани бир кўз олдингизга келтириб кўринг. Уларнинг ичида ҳар хил формадаги одамлар бор эди. Давлат хавфсизлик хизмати ҳам, участковийимиз ҳам бор. Хуллас, қанақа форма хоҳласангиз, ҳаммасидан бор. Фақат божхона билан солиқдан одам йўқ эди, холос».

Қаллихонова бу шахслар унинг уйига бостириб кира бошлагани, улар билан бирга келган аёл эса журналистнинг телефонига ташлангани ҳақида сўзлайди.

«Худди қатағон вақтидаги манзарага ўхшар эди. Энди у пайтларни кўрмаган бўлсам ҳам, шунақа бўлган бўлса керак, дея тасаввур қилдим», қўшимча қилади у.

Қаллихонова ўзини таништирмаган, ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган ва ташриф сабабини маълум қилмаган шахслар уни прокуратура биноси томон олиб кетганини айтади.

 

 

Онангни қози урса…

 

 

Лолагул Қаллихонова прокуратура биносида унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ёки таҳдид ўтказилмаганини маълум қилади.

«У ерда суҳбат, асосан, журналистлик фаолиятим тўғрисида бўлди. Нега Ерниязов ўлими тўғрисида тасдиқланмаган хабарни тарқатиб юборганим, нима учун яхши хабарлар эмас, танқидлар чиқаришим, қаердан пул топишим билан қизиқишди», сўзлайди у.

Бундан ташқари журналист ходимлар унинг телефонини ўзбошимчалик билан текширганини ҳам қўшимча қилади.

Қаллихонова прокуратура ходимлари унга босим қилмаган бўлсада, ярим тунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг уйига бостириб кириши қанчалик қонуний бўлганини савол остига олади.

«Тўғри, мендан ҳам хато ўтди. Тасдиқланмаган хабарни бериб юбордим. Аслида, беришдан олдин учта манбадан тасдиқлатиб олишим керак эди. Бироқ соат 22. 00 дан кейин бировнинг уйига бостириб бориш, қўлидан шахсий мулки бўлган телефонни юлиб олиш, ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан олиб кетиш ҳолатига нисбатан ваколатли органлар ҳуқуқий баҳо беради, деган умиддаман».

«Энди «Онангни қози урса, додингни кимга айтасан?» дейдику. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шунақа қилиб турса, нима дейишни билмайман очиғи», давом этади Қаллихонова.

Журналист Repost. uz нашрига оид тарқалган хабарни текширмай туриб тарқатгани катта хато бўлганини тан олсада, Қорақалпоғистонда коронавирус пандемиясига доир маълумотлар яширилаётгани, маҳаллий расмийларнинг матбуотга ҳаққоний маълумот бермаслиги каби омиллар туфайли бирламчи манбага таянишни маъқул кўрганини таъкидлайди.

Би-би-си журналистнинг орган ходимларининг қонундан ташқари хатти-ҳаракатлари даъвоси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо бу ҳаракатлардан натижа чиқмади.

Шундан сўнг Би-би-си айни саволлар билан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга юзланди.

Мулозим Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси 27 июль куни эълон қилган журналистлар билан профилактик суҳбат ўтказилгани ва уларга ҳеч қандай босим ёки тазйиқ ўтказилмагани тилга олинган хабарни юбориш билан чекланди.

Журналистларнинг иддаоси ўрганиб чиқилиб, юқори турувчи органлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ходимлари хатти-ҳаракатига ҳам ҳуқуқий баҳо бериладими, деган саволга эса мақола эълон қилинган вақтга қадар Бош прокуратура вакилидан жавоб олинмади.

 

 

АОКА муносабати

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов:

Шу кунларда бир қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқларда «Repost. uz» нашри маълумотига таяниб, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Т. Ерниязовнинг вафоти ҳақида нотўғри ахборот тарқатган Makan. uz, Kruz. uz интернет нашрлари ҳамда Kar24. uz веб-сайти ходимлари Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан тунги соат 1: 00да уйидан олиб кетилиб, тушунтириш хати ёзишга мажбур қилингани ҳамда ноутбук ва мобил телефонлари олиб қўйилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Агентлик ўз ваколати доирасида ушбу вазиятни ўрганиб чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ёзма мурожаат юборди.

Мазкур мурожаатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10, 14-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 88-моддаси талабларини четлаб ўтишгани алоҳида қайд этилиб, журналистларни сўроқ қилиш зарурати пайдо бўлганда ЖПКнинг 97-моддасига асосан дастлаб чақирув қоғози юбориш тартиботига амал қилиш сўралди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардикки, Makan. uz, Kruz. uz ва Repost. uz (хакер ҳужумига учраганлиги ўрганилмоқда) Интернет-ОАВлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўрмасдан қонунга зид ҳаракат қилишган. «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасида ОАВ ўзи тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда жавобгар экани белгиланган. Шунинг учун Агентлик уларга тегишли тақдимномалар жўнатди.

Журналистларга нисбатан ўтказиладиган ҳар қандай тазйиқ ёки босим Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати ҳамда сўз эркинлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга мутлақо тўғри келмайди. Юқоридаги каби ҳолатларнинг содир бўлиши Ўзбекистоннинг халқаро имижига путур етказиши ҳамда давлат органларига нисбатан ишончсиз муносабатлар вужудга келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Шунинг учун, давлат органлари ҳам, ОАВ ва блогерлар ҳам ахборот соҳасидаги қонунчиликка бўйсуниши шарт, томонлар ўртасида пайдо бўладиган ҳар қандай низоли вазият мавжуд қонунлар, шунингдек, суд тизими доирасида ҳал қилиниши зарур.

“ВВС”

loading...