Чилонзорда оилавий коронавирусга чалинган оғир аҳволдаги беморлар ИИББ аралашувидан сўнг шифохонага ётқизилди

0

2020 йилнинг 23 июль куни ишонч телефони орқали Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғига Чилонзор тумани оилавий поликлиникаларидан бирида ишловчи шифокор Зулхумор И. мурожаат қилди. Шифокорнинг маълум қилишича, унинг патронажида бўлган “1-Чарз Камолон” маҳалласида яшовчи оиланинг барча аъзолари коронавирус инфекцияси билан касалланган бўлиб, ҳозирда уй карантинида даволанаётган бўлган. Афсуски, амбулатор даволаниш натижа бермаган ва 1 ва 3 ёшли икки нафар болалар оғир аҳволда бўлишига қарамасдан, уларни шифохонага жойлаштиришнинг иложи бўлмаган. Уларнинг саломатлигидан хавотирда бўлган аёл ИИББдан ёрдам сўради.

Шу куннинг ўзида мазкур мурожаат бўйича Чилонзор тумани ИИО ФМБ раҳбарияти оилавий поликлиникада бўлиб, ҳолатни ўрганишди ва туман тиббиёт бирлашмаси билан боғланишди. Тез орада тез тиббий ёрдам автомобили уч нафар вояга етмаган болалар ва уларнинг онасини стационар даволаниш учун Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига етказишди.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

loading...