МУРДАЛАР ГАПИРМАЙДИЛАР… (12-қисм)

0

 

 

* * *

 

Пачоқбуруннинг ҳозир рўпарага келиб ўтириши ёқмади, ғашига тегди.

— Сен жучокларга тайинла, бундан узоқроқ юришсин. Аммо ҳар бир қадамини кузатишсин.

Айтиб қўй, ким бунга яқинлашса, трамвайга қўйилади.

— Хўп, — деди Пачоқбурун мутелик билан.

— Гапимни эшитдингми?! — деди Тенгиз зардали оҳангда.

— Эшитдим. Ҳаммасига айтаман.

— Эшитган бўлсанг, тухум босиб ўтирмай, тур ўрнингдан!

Пачоқбурун келиб ўтиргани хожасига ёқмаганини англаб, ўрнидан турди-да, барак томон юрди. Остона ҳатлай деганда орқадан овоз келди:

— Менга Ҳамзатни топиб кел!

Амрга итоат этмоққа одатланган Пачоқбурун остона ҳатламай, елкасидаги пахталигини кийди-да, дарахт кесаётганлар томон юрди. Дарахт арралаётган Нуриддинга яқинлашиб, одатига хилоф қилмаган тарзда «Бу ёққа юр», деб тўнғиллади-ю, изига қайтди. У амрга сўзсиз итоат этилмоғига ишонгани учун ҳам «келяптимикин?» деган хаёлда орқасига қараб ҳам қўймади. Пачоқбуруннинг ким эканини яхши билган назоратчи аррани қўйиб, унга эргашган Нуриддиндан «қаёққа кетяпсан?» деб сўрамади ҳам.

Нуриддин гулханга яқинлашиб, салом берди. Тенгиз саломга алик олгач, рўпарадаги ғўлача томон имлаб «ўтир», деди. Нуриддин ўтиргач, косовнинг учи билан чўғни титиб, орасидаги картошкани у томон сурди. Биттасини ўзи олиб, совутиш учун у кафтидан бу кафтига отиб ўйнади.

— Мусулмонларнинг афзал томони нимада, биласанми? — деб сўради у картошка пўстлоғини арчаётиб.

Нуриддин «билмайман, ўзингиз айта қолинг», дегандай унга қараб, елка қисиб қўйди.

— Афзаллиги шундаки, мусулмон ҳамиша бошқаларга яхшилик тилайди. Мана, сен менга соғлик тилаб яқинлашдинг. Мен эсам сенга сиҳатлик билан бирга Оллоҳнинг раҳматини сўрадим. «Бу ўғри бунақа гапларни қаердан билади?» деб ҳайрон бўляпсанми? Мен бобомдан эшитганман бу гапларни. Менинг фожиам нимада, биласанми? Чин мусулмон бўла олмаганимда. Бобомнинг чизиғидан чиқмаганимда бу ерда картошка еб ўтирмас эдим.

— Энди афсусланяпсизми?

— Афсусланишимдан фойда йўқ. Бу ҳам дунёнинг бир синови-да. Ўлмасам яна Худони таниш йўлига ўтарман. Лекин… унда кеч бўлиб қолиши мумкин. Фиръавнни эшитганмисан?

Нуриддин «йўқ» деб бош чайқади.

— Ҳа, эшитмагансан. Қадимда Миср подшоси бўлган. Ўзини Худо деб билган экан. Ўша аҳмоқ Мусо пайғамбарни қувиб бораётганида сувга чўккан экан. Ўлаётиб «бўлди, Худони танидим», деганида Худо ҳам «Eнди кеч!» деган экан. Бу жуда кучли фалсафа, Ҳамзат! Ҳаётда кечикмаслик муҳим, жуда муҳим!

— Кечикмаслик учун ҳозирдан бошласангиз-чи?

— Ҳозирдан? — Тенгиз унга қараб жилмайди: — Ҳозир йўл йўқ… Ҳамзат, бир янги одам келди. Сен у билан гаплашибсан. Кимлигини биласанми?

— Йўқ, ўзи келиб гап бошлади.

— Нима дейди?

— «Бизлар мусулмон фарзандларимиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик», деди.

— Ўша тўққиз қайтган энди мусулмон бўлиб қолибдими? Билиб қўй: у бир мараз! Ундан нарироқ юр. Аммо ҳаракатини кўздан қочирма.

— Ким ўзи у?

— Вақти келса билиб оласан. — Тенгиз шундай деб ўрнидан турди-да, барак томон юрди.

Нуриддин эса изига қайтди.

 

ОСМОН УЗОҚ

 

Бу одамнинг гаплари Турсуналига мойдек ёқди.

«Мен қамалавериб пишиб кетганман. Сенда мусулманин, менда мусулманин. Бир-биримизни суяб юрмасак, бу ҳаромилар бизни ебда юборишади. Земляк, яхши одамлигингни қора кўзларинг айтиб турибди. Унча-мунча одамга сўзимни ўтказа оламан, қамоқларнинг тупроғини бекорга яламаганман. Сен менга суянавер…» Бунақа ёқимли гапларни ўзига яқин олиб юрган Нуриддиндан ҳам эшитмаган эди. «Кўзлари совуқ бўлса ҳам Худо кўнглига яхшилик солибди.

Худо менинг раҳмимни еганга ўхшайди», деб ўйлади у. Қамоқхоналар тупроғини ялайвериб тўйиб кетган бу «меҳрибон»нинг кўнгли нима учун ийиб кетганини у яна уч-тўрт кундан кейин билади. Ҳозир эса… Худога шукур қилади. «Худо тавбамни қабул этди», деб кўнгли таскин топади. У қўлларига кишан солингандан бошлаб Худони тилдан қўймайди. Дам тавба, дам муножот қилади. «Гуноҳим бўлса кечир», дейди. Ҳа, айнан шу сўзлар учади тилидан. «Ё яратган Эгам, мен гуноҳкор бандангман, билиб-билмай қилган гуноҳларимни кечир», демайди.

«Гуноҳим бўлса кечир», дейди. Ҳаром-хариш юриб, еб-ичганларини гуноҳ эмас, одатий яшаш тарзи деб билади. Зино қилаётган пайтда Худони эсламаган эди. Қўлларига кишан тушиши билан ёдга олди. «Шайтон васвасаларидан қутқар» деб сўрамаган эди, «қамоқдан қутқариб ол» деб нолалар қилди. Бировларнинг ҳаққини еганида бу дунёнинг ҳисоб-китобли эканини унутган эди, қамоқ зиндонида хотирлади. «Нафс балоларидан қутқар» деб сўрамаган эди, «зиндон азобларидан қутқар», деб фарёдлар қилди. Емоқнинг қусмоғи борлигини билмагандай юрди, тепки зарбидан қайт қилганида бу ҳақиқатни англагандай бўлди. «Нафсимни ўлдир», деб сўрамаган эди, «ўзимни ўлдирма», деб таваллолар қилди.

Банданинг ҳоли шу: гўё у ёки бу ишнинг гуноҳ эканини билмагандай юраверади. Боши деворга урилиб, зарба туфайли кўзларидан учқунлар сачраганида Тангрини эслайди. Сўнг «гуноҳларим бўлса кечир», дейди. Шундай дегани ҳам катта гап. Баъзан «E Худойим, қайси гуноҳларим учун мени бунчалик қийнайсан?» деб зорланиб ҳам қўяди. «Ҳаромдан сақлансам эдим, нафсимни тия олсам эдим, бунчалар хорликка йўлиқмас эдим», деб ўзини айбламайди.

Билъакс, «Фалончи мендан кўпроқ еган эди, бегона тўшакларни мендан кўра кўпроқ гуллатган эди. У ялло қилиб юрибди, мен эсам бунда ҳорман», деб Худони адолатсизликда айблаб ҳам қўяди. Ҳар бир одам ўз амалининг асири эканига эса фаҳми етмайди.

Дунё бамисли бирданига кўкариб тезда қуриган далага ўхшашини, эҳтиётсизлик қилинса бу манзара кишини алдаб қўяжагини, алдангач эса, бир куни ҳаёти сарғайиб сўла бошлагач, маъюс ва ғамгин бўлажагини англамайди. Дунёни фоҳишанинг қучоғидай тотли деб ўйлайди.

Дунёнинг ботқоқ юзасини қоплаган ўтлоққа ўхшашини, ўйламай ташланган ҳар бир қадам ботқоққа ботиражаги мумкинлигини фаҳм этмайди.

Турсунали шундай бандалардан бири. У марҳамат сўраб Худога кўп ёлборади. Аммо иймон калимаси билан юмшамаган тилдан учган бу ёлборишлар қабул бўлармикин, валлоҳи аълам?!

Инсонларни саломатга, саодатга эриштирувчи ягона нарса иймондир. Бани Одам ҳар қандай ёмонликни фақат иймон билангина енгажагини ва ҳар бир зафарга фақат иймон билан эришажагини англаб етмоқ шу қадар мушкулми? Дунё тўплашга етган ақл бу ҳақиқатни тушунишга келганда қосирлик қиларми? Ёки буни фаҳм эта олмасликка қалбларнинг муҳрлангани сабабми экан?

Турсунали бир муттаҳамнинг алдов сўзларига маҳлиё бўлиб «Худо менга марҳамат қилди», деб ўтирибди. Нодон банда билмайдики, бу одамнинг рўпара бўлгани — гуноҳларига яраша ваъда қилинган ажрларнинг давомидир. «Гуноҳим нима эди?» деб янада баттар йиғлатадиган дақиқаларнинг дебочасидир.

Тангрининг марҳаматига эришмоқ осон эди. Нафсни тиймоққа куч топса, сабр эта олса, кунни шукр билан ўтказса бас эди. Бу унга оғир туюлиб, янада машаққатлироқ, азоб оролига етакловчи йўлни танлади. Ҳамонки шу орол насиб этган экан, ўзи пиширган ошни ичмоқдан ўзга чораси йўқдир!

Турсунали Мурикнинг ширин сўзларига маст бўлиб ўтирганида пастдаги каравотда ётувчи «қўшни»си бехосдан «Аблаҳ, мараз!» деб қичқириб юборди. Сўнг қўлидаги мактубни пора-пора қилиб йиртди. Кейин эса дуч келган нарсани тортқилаб, ирғитаверди. Бунга ҳам қаноат қилмай каравотни маҳкам чангаллаганича силкита бошлади. Атрофдагилар «ҳай-ҳай»лаб ушлаб қолишмаганида Турсуналининг тепадан ерга қулаши аниқ эди.

Чорасиз одам жойига ўтириб йиғлай бошлади. Дунёдаги энг аянчли нарса балки эркакнинг йиғлашидир. Қамоқ лагерларида эса тез-тез учраб тургани учунми аянчли туюлмайди.

Кундузлари буталар панасида, тунлари эса ёстиққа ҳасратларини тўккан тарзда йиғлаш одатий ҳол. Лекин бу чорасиз одам каби ҳўнграб, елкалари силкиниш даражаси йиғламоқ камёб ҳодиса. Шу сабабли ҳам «Нима бўлди, нега додлаяпсан?» деб сўрагувчилар топилди. Чорасиз одам аввалига қўл силтаб қўйиб жавоб бермади. Дам ўтмай кўз ёши дарёси қуриб, ҳасрат денгизи эса тоша бошлагач, дардини айтди:

— Хотиним мендан ажралишибди. Аблаҳ, ифлос! Ахир мен уни севардим. Мен уни деб ўтирибман бу ерда. Одамни мен босмаганман. Рулда унинг падарлаънати укаси эди.

Машинамни яширинча олиб чиққан экан, ҳайвон! Хотиним «ёлғиз укамни қутқариб қолинг», деб ялинса, мен лақма бўйнимга олиб ўтирибман.

— Укаси ёлғизмиди?

Чорасиз одамнинг талвасасини энсаси қотган тарзда кузатаётган Қўтос шундай деб унга яқинлашди.

— Ҳа, биттагина укаси бор эди.

— Эри-чи? Эри нечта эди?

— Тушунмадим, ўртоқ, бу нима деганингиз?

— Укаси битта, аммо эри битта эмас экан, демоқчиман.

— Ундай деманг, биз бир-биримизни севар эдик.

— Бурнингни арт! Ҳе, мишиқи! — Қўтос шундай деб ҳеч бир кутилмаганда тарсаки тортиб юборди. Зарбнинг зўридан чорасиз одам ёнбошлаб қолди. Тарсакидан қаноатланмаган Қўтос унга қараб тупурди.

— Сен ҳам эркакман, деб юрибсанми? Бир-бирини севар эмиш! Билиб қўй, «севгилим!» деб қучоқлаганида хаёлида сен эмас, кетворган ўйнаши туради. Ҳезалак! Хотинларни сенга ўхшаган ҳезалаклар бузади. Эплаш қўлларингдан келмаса нима қиласанлар уйланиб?! Шу ҳолларингга яна кўнгилларинг бегоналарни ҳам тусайди. Сен ҳам борармидинг бегонага? — Юзини силаб ўтирган чорасиз одам индамади. — Борардинг. Бегона билан ўпишаётганингда хотинчанг ҳам бегона билан айшини сурарди. Сенларнинг ҳаётинг мана шунақа ахлат.

Хотининг сени қўйган бўлса нима бўпти? Бу ерда ўлиб кетмасанг, чиқиб, бошқасини топасан.

Юзта эр кўриб тўймаган шилта бир ишваси билан кўзингга қиздек кўринадию, тамом, унга уйланасан. Бир-бирларингни севиб юраверасанлар. — Қўтос шундай деб чорасиз одамнинг оёғига тепди-да, сўкинганича нари кетди. Солиқни вақтида тўламаган маҳбуснинг масаласини ҳал қилишга кирган Қўтос ишни пишитиб, чиқиб кетгунича биров лом-мим демади.

Бу ердаги бемаъниликларга, бекордан бекорга сўкишлару уришларга кўникиб қолган Турсунали чорасиз одамнинг калтаклангани боисини тушунмади. Ҳар қандай шароитда ҳам ўзини четга олиш тинч ҳаётини таъминлаяжагини англаб етган Турсунали яна жойига чиқиб ёнбошлади. Чорасиз одам эса йиғламасираб, ўзича бир нималар деб ўтираверди. Унга дардкаш топилмади. Олам-олам дардни елкаларида ортмоқлаб юрган одамларга бегона дарднинг ҳожати бор эканми? Шулар каби Турсунали ҳам ўз дардининг асири эди. Ҳозирги воқеа сабаб бўлиб, кўз олдига хотини келди. Шу пайтга қадар «хотиним мен билан ажралиши мумкин», деган фикр хаёлига келмаган эди. Одатда эр хотинни қўйгувчи эди. Хотин «жавобимни беринг», деб сўрагувчи, эр жаноблари эса ҳушларига келса талоқ хатини бергувчи эдилар.

Ажиб замоннинг ажиб қонунларини қарангки, энди хотин эрни қўядиган бўлибди. Яна «қамоқдаги эримни қўйдим», деса қонун ҳам «хўп» деяверар экан. Турсунали шунисига беш кетмади. Ҳозир кафтларини болиш қилиб шифтга тикилиб ётар экан, «Битта аҳмоқнинг гапига кириб Матлуба ҳам ажралишса-я?!» деган фикр хаёлига урилиб даҳшатдан сапчиб кетаёзди.

Даврини суриб юрган кезларида хотини «жавобимни беринг» деб қолса, кўп ҳам таранг қилмаган бўларди. Матлуба баъзан нолиб қолса «Чидасанг шу, чидамасанг тўрт томонинг Тошкент» деб ажралишга шаъма қиларди. Ҳозир эса «ажралиш» деган сўз уни даҳшатга солди.

«Йўқ, ажрашадиган бўлса ўйнаш билан тутганида ташлаб кетарди. У мени яхши кўради», деб ўзига ўзи тасалли берди. «Яхши кўрарди…» — «Биз бир-биримизни севардик…» — «Билиб қўй, «севгилим!» деб қучоқлаганингда хаёлида сен эмас, кетворган ўйнаши туради!…» — «Бегона билан ўпишаётганингда хотинчанг ҳам бегона билан айшини суради…» Бу гапларни эслаб Турсуналининг юраги увишди. Шу пайтга қадар хотини бегона эркак билан дон олишмоғи мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эди. «У ҳам тирик жон, унда ҳам нафс бор. Шайтон уни ҳам васвасага солади», деган фикрдан узоқ эди. «Ўйнаш билан нафсни қондириш эркакка ярашади. Хотин ўз эрига садоқатли бўлмоғи шарт!» — Турсуналининг бу соҳадаги фалсафаси шундан иборат. У ўзининг бузуқлигини хиёнат деб ҳисобламаган, агар биров унга «бу қилиғинг оила деб аталмиш оппоқ, покиза дастурхон устида балчиққа ботган оёқлар билан юришдир», деса заҳарли жилмайиб «Бу йигит учун айб эмас, йигит кишига қирқта хотин оз», деб қўйган бўларди. Агар ўша одам «Бир жувонга қирқ эркак оз», десами, «Жинни экансан!» деб сўкиб бериши аниқ эди.

«Бегона билан ўйнашаётганингда хотинчанг ҳам…»

«Йўқ, — деди Турсунали ўзига ўзи, — Матлуба бунақа ҳаромдан ҳазар қилади…»

«Ҳаромми бу иш? Сен ўзинг нима учун ҳазар қилмадинг?»

Кимдир шундай деб қулоғи остида пичирлагандай бўлди.

Ғойибдан берилган бу саволга жавоб қайтара олмади. Чунки ҳаромдан нима учун ҳазар қилмаганини ўзи ҳам билмас эди. Шаҳарга тушган кезлари маишат қилган дамларида кўз сузиб турувчи офатижонлар устидан пул сочган онларида буларнинг фоҳиша эканини, кечагина ёки бир соатгина муқаддам бошқа бир эркак кўнглини овлаганини, эртага ёки бир неча соатдан сўнг бу аҳвол такрорланаяжагини, унга «жонгинам» деб чўччаяётган лаблар ўнлаб ёки юзлаб эркакка ишва қилгани ва қилажагини ўйламас эди. Нафсни қондиришдан ўзга нарсани билмасди. То заҳмга чалингунига қадар пала-партиш юрди. Сўнг танлайдиган бўлди.

Танлагани қурсин! Пул эвазига ўзини сотувчи аёлнинг яхши-ёмони, тозаси-ю, ифлоси бўларканми?! Оқ ит билан қора итнинг фарқи бўлмаганидек, буларда фарқ йўқлиги, барчаси «фоҳиша», «бузуқ», «шилта»… каби «унвон»лар билан хорланишини унинг оқсоқ фаҳми идрок қила олмас эди.

Иштони йўқнинг ҳадиги чўпдан, деганларидек, ўзи ботқоққа ботгани ҳолда, покиза одамнинг этаги лой эмасмикин, деб гумонсираши қизиқ. «Йўқ, бегонага яқинлашмоққа ҳаққи йўқ!» деб ҳукм чиқармоғи унданда қизиқ. Уйидаги покиза тўшакка ўйнашини бошлашдан ҳазар қилмаган одам «ҳаромдан ҳазар қилиш» хусусида ўйлагани янада қизиқроқ.

Хотинининг кўрпа-тўшакларни куйдириб ташлаганини билиб, «бунақа аҳмоқ хотин дунёда ягона бўлса керак», деб ўйлаган эди. Ҳозир ўша воқеани эслаб, юраги увишди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here