Олий таълим вазирлиги: «Контракт нархини ўзгартириш режалаштирилмаяпти»

0

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020/2021-ўқув йилида контракт миқдорини оширишни режалаштирмаяпти.

Вазирлик вакили кузги семестрда ўқиш масофадан ташкил этилса ёки айрим курсларда ўқиш сентябрдан эмас, октябрь ойидан бошланса, контракт нархи ҳам шунга мос тарзда камайтирилиши ёки ўзгармаслигига ойдинлик киритган.

Фарҳод Бабашев дастлаб пандемия муносабати билан эълон қилинган карантин чекловлари даврида ОТМларнинг барча профессор-ўқитувчи ва ходимларига белгиланган тартибда иш ҳақлари ва меҳнат таътил пуллари ўз вақтида тўлиқ, жумладан, талабаларга стипендия тўловлари ҳам амалдаги норматив ҳужжатлар асосида тўлаб келинаётганини таъкидлаган.

«Бу борада талабаларга профессор-ўқитувчилар 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, масофавий иш режимига ўтган ҳолда тасдиқланган фан дастурлари асосида белгиланган дарсларни онлайн кўринишида ўтиб келмоқда. ОТМлар талабаларга масофавий (онлайн) таълим бериш жорий этилгани муносабати билан уни ташкил этиш ва моддий базасини яратишга қўшимча маблағлар сарфламоқда.

Бундан кўриниб турибдики, амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори, ўқитишнинг ҳақиқий харажатларига нисбатан кам (бугунги кунда харажатларнинг 69 фоизини қопламоқда холос) белгилангани сабабли тўлов-контракт миқдорларини камайтиришнинг имкони мавжуд эмас», – дейди Фарҳод Бабашев.

Бабашевнинг қўшимча қилишича, коронавирус пандемияси туфайли фуқароларнинг иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолганини инобатга олган ҳолда вазирлик 2020/2021 йилги ўқув мавсумида талабаларнинг тўлов-контракт миқдорида ўзгариш қилишни режалаштирмаяпти.

«Бу борада тегишли ҳужжат яқин кунларда ОАВга эълон қилинади. Шу ҳужжатда батафсил барчасини кўришингиз мумкин», – дейди вазирлик матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 16 мартдан барча таълим муассасалари қатори ОТМларда ҳам ўқиш тўхтатилиб, таътил эълон қилинган, кейинчалик таълим масофавий шаклда тикланган эди.

Daryo.uz

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here