МУРДАЛАР ГАПИРМАЙДИЛАР… (14-қисм)

1

 

 

* * *

 

«Айтдим-у, қутулдим, жоним фойдага қолди», деб кўнглига хотиржамлик оралаётган Турсунали пичоқни кўриб, қўрқиб кетди.

— Ечин, — деб буюрди Мурик, совуқ оҳангда.

— Айтдим-ку! — деди Турсунали жон ҳолатда.

— Шу гапингга ишонадиган аҳмоққа ўхшайманми мен?

— Рост айтдим, гапим рост, ахир! — Турсунали йиғламсиради. — Нега ишонмайсиз?

Устуннинг тагида чуқурча бор. Чуқурчада икки қават ёғоч қопқоқ бор.

— Сен тирик одамнинг терисини қандай шилишганини кўрганмисан? — Турсунали бу саволга жавобан жавдираганича бош чайқади. — Кўрмагансан, — деди Мурик пичоқни букиб, чўнтагига солгач. — Агар алдасанг — кўрасан. Уч-тўрт кун ичида кўрасан. Терингни шилиб, би-ир роҳатланаман. Унгача бировга чурқ этмайсан. Оғиз очишинг билан курагингнинг тагида шу пичоқни кўрасан. Бўлди энди, бор.

Турсунали қутулгани ростлигига бир ишониб, бир ишонмай изига қайта бошлади. Уч-тўрт қадам босгач, орқадан Мурикнинг овози келди:

— Земляк, иштонинг ҳўл бўлганга ўхшайди, алмаштириб ол, яна шамоллаб қолмагин. Сен менга тириклайин кераксан, — у шундай деб ҳиринглаб кулди. Турсунали орқасига қарамади.

У Мурикни алдамаган эди. Чиндан ҳам ертўладаги устун остида сандиқча бор эди. Аммо бу сандиқча бўш эди. Аниқроқ айтилса, бу сандиқча бир неча ҳафтагина асқотди — бойликларни бағрида яширди. Лекин Турсуналининг кўнгли тўлмай, тўплаганларини бош-қа жойга кўчирди. Ҳозир ертўлани айтишга айтди-ю, «бунинг одамлари уйга борар, сандиқчани топиб очар, сўнг алданганларини билиб хотинимни сиқувга олишар, болаларимни қийнашар», деб ўйламади.

Унинг учун ҳозир энг муҳими — ўз жонини қутқариш эди. Нияти амалга ошиб, Худога шукр қилган тарзда жойига қайтди. Маҳбуслар овқатланиб бўлишиб, ишга тарқалишаётган эди.

Турсунали жавдираган нигоҳи билан Нуриддинни қидирди. Тушликдан аввал уни Пачоқбурун чақириб кетган эди, ҳали ҳам қайтмабди.

Турсуналининг қўллари ишда, кўзлари эса Нуриддиннинг йўлида бўлди. Мурик икки марта унга яқинлашиб «Ҳорма, земляк, чарчамаяпсанми?» деб кетди. Нуриддин иш охирлай деганида пайдо бўлди. Баракка қайтар маҳалларида Турсунали унинг енгидан аста тортиб, паст овозда:

— Тенгизни тез кўришим керак, — деди.

— Олиб борайми? — деди Нуриддин.

— Йўқ, бехит жойда кўришим керак. Анов янги келган одам ишкал чиқаряпти.

Нуриддин «янги» деганингиз ким?» деб сўрамади, чунки у гап ким ҳақида бораётганини дарров англаб етди. Нуриддин «қандай ишкал чиқаряпти?» деб ҳам сўрамади, чунки Тенгиз огоҳлантиргандаёқ шу одамнинг бир балони бошлашини фаҳмлаган эди. Лекин айнан Турсунали атрофида ўралашаётгани унга янгилик бўлса-да, ортиқча саволга ҳожат сезмади.

Кечки овқат пайтида Тенгиз кўринмади. Шу сабабли Қўтоснинг ёнидан ўтаётиб «Князга зарур гапим бор», деб қўйди. Қўтос унга қарамаган ҳолда «тушундим» дегандай бош ирғади. Ўша кеч «политбюро»нинг йиғини белгиланган эди. Шу боис Тенгиз Нуриддинни йўқлатмади.

Пачоқбурун уни эртасига, нонуштадан сўнг чақирди.

Қор бўралаб ёғаётганига қарамай Тенгиз одатини канда қилмаган — гулхан яқинидаги ўрнини эгаллаган эди. Бошига, елкаларига қўнган қорга қараганда у жо-йида кўпдан бери ўтирар эди.

Тенгиз Нуриддиннинг саломига алик олиб, унга қўл узатди. «Кел, Ҳамзат, ўтир», деб рўпарасидаги тўнкани кўрсатди.

— Нима бўлди?

— Янги одам Турсунали акага илакишиб қолибди. Бир ишкал чиқармоқчига ўхшаётганмиш.

— Ҳа… илинибди-да.. — Тенгиз шундай деб жилмайди. — Узумни йиғиштирадиган пайт келибди… Шу қорда ҳам узум йиғиштириладими, деб ҳайрон бўляпсанми? Бизда ҳикмат бор: бир ўргимчак қарасаки, узумзорда капалаклар кўп эмиш. Дарров тўрини тўқиб, овга киришибди. Узум пишган пайт экан. Боғбон узум узишни бошлабди-ю, ўргимчакни тўрларига қўшиб пачоқлаб ташлабди. Ўргимчакда нафс бор эди-ю, ақл йўқ эди, тадбир йўқ эди. Чўмичвой ўша ўргимчакка ўхшаган аҳмақ. Турсунали аканг эса капалакка ўхшаган аҳмақ.

— Чўмичвой?.. — Нуриддин кулимсиради. — Лақаби қизиқ экан. Ким ўзи у?

— Ким бўларди, бизга ўхшаган бир қул-да… Гапим ёқмади, а? Хўп, сенга ўхшамаган, менга, ҳамтовоқларимга ўхшаган бир қул. Сен эса озод одамсан. Пичинг қилаётганим йўқ. Чиндан ҳам ҳурсан. Шунинг учун сени яхши кўраман, сенга ҳавасим келади. Сен Эпиктет деган одамни эшитганмисан? Уни кўпчилик билмайди. Дунёда шунақа файласуф ўтган. Ленинградда ўқиб юрганимда унинг китоби қўлимга тушиб, эсимни тескари қилиб юборган эди. Битта фикрини айтиб берайми? — Тенгиз шундай деб иягини сила- ди — гўё калаваниг учини топиб олмоқчидай ўйланди-да, синиқ овозда давом қилди: — «Дерларки, Инсон учун энг улуғ дунёвий неъмат — унинг озод ва ҳурлигидир. Агар озодлик неъмат экан, озод инсоннинг бахтсиз бўлмоғи мумкин эмасдир. Агар сен бахтсиз инсонга дуч келсанг, қайғу-ҳасратда ёнаётганига гувоҳ бўлсанг билки, у ОЗОД ЭМАСдир. У шубҳасиз, ким ёки нима томонидан эзилгандир. Агар озодлик неъмат экан, озод инсон аблаҳ бўла олмайди. Агар сен бир одамнинг бошқалар олдида паст кетаётганини, лаганбардорлик қилаётганини кўрсанг билки, у озод эмасдир. У бир қулдир. У бўйнини қуллик сиртмоғига тутиб, бунинг эвазига бир товоқ овқат ёки бирон мансаб, ёки шунга ўхшаш бирон нима ундирмоқ истайди. Ким озроқ манфаатга эришибди, демак, озроқ хушомад қилибди. Зўрроқ хушомад билан эса каттароқ бойликка эришади.

Озод одам ҳеч бир тўсиқсиз эгалик қилиш мумкин бўлган нарсага эгадир. Ҳеч бир тўсиқсиз нимага эгалик қилиши мумкин? Фақат ЎЗ-ЎЗИГА! Агар сен одамнинг ўз-ўзига эгалик қилмай бошқаларга ҳам ҳукм ўтказмоққа жазм этганини кўрсанг билки, у озод эмасдир. У бошқаларга ҳокимлик қилишни истадими, демак, у ўз истаги, нафси қулидир…»

Тенгиз шундай деб бошини эгди. Қўлидаги косов билан гулханни титди. Олов бағридан алам билан отилиб чиққан ҳисобсиз учқунларни қор зарралари ютди. Тенгиз ҳозир бир неча дақиқага ўғрилик ботқоғини руҳан тарк этиб, талабалик дунёсига, файласуф бўлиб етишмоқ орзусидаги йигитнинг покиза оламига қайтган эди. Нуриддин уни бу ҳолатда аввал кўрмагани сабабли ажабланганича ўтираверди. Унга бирон сўз айтиш ёки айтмаслигини ҳам билмади.

— Бу оддий гапларга ўхшайди, — деди Тенгиз бошини кўтариб. — Лекин уни тушуниш осон эмас. Амал қилиш эса, мушкул… жуда ҳам мушкул. Биз… ўғрилар, ўзимизни озод инсонлар деб ҳисоблаймиз. Бу нисбий тушунча. Аслида эса Эпиктет ҳақ — биз қуллармиз!.. Ана энди ўйлаб кўр: бу дунёда озод инсон кўпми ёки қулми? Мен Чўмични аҳмақ ўргимчакка ўхшатдим. Аслида биз ҳам ўша аҳмақ ўргимчакларнинг биримиз. Фақат қайси боғбон қандай янчиб ўлдиришини билмаймиз. Бизнинг қисматимиз шу — бошқача бўлиши мумкин эмас… Шунақа гаплар ҳам бор бу дунёда, ошнам. Акангга айтиб қўй, талвасага тушмасин. Чўмични тинчита оладиган ақлимиз бордир.

Нуриддин суҳбат якунланганини англаб, ўрнидан турди. Ярим соатдан сўнг Пачоқбурун Турсуналини бошлаб келди. У келгунига қадар Тенгиз ўрнидан туриб, эгнига қўнган қорни қоқиб, гулхан яқинида у ёқдан бу ёққа юрди. Унга Мурикнинг мақсади оз бўлса-да аён эди.

Собиқ совхоз директоридан нимани исташ мумкин? Пул. Балки Гобелян унга шу ишни топширгандир? «Уч ҳарф»дан олган вазифаси-чи? «Бу қанжиқ ҳамма ёқни чигаллаштириб ташлади-ку?» деб ғижинди Тенгиз. Калаванинг учини топа олмай юраги сиқилаётганда Турсунали яқинлашиб, салом берди.

— Нима гапинг бор? — деди Тенгиз саломга алик олай.

Бундай қўрсликларга кўникиб қолган Турсунали жойида қотиб, атрофига қўрқув аралаш бир аланглаб олди.

— У мени ўлдирмоқчи бўлди, — деди мискинлик билан.

— Нега ўлдирмади?

«Нима учун ўлдирмоқчи эди», деган саволни кутган Турсунали жавобга тараддудланди.

— У «бойликни қаерга яширдинг?» деб зуғум қилди.

— Хўш, айтдингми?

— У ёқда бойлик қолмаган ўзи…

— Сени Гобелян сўроқ қилганми?

— Ҳа.

— Бойлигинг қаердалигини унга айтганмисан?

— Бўлса айтаман-да.

— Қанжиқ сени нега ўлдирмади?

— Унга айтдим.

— Демак, бор экан-да? — Тенгиз шундай деб унга ғазабли нигоҳини қадади.

— Ўзи йўқ, бўлса сизга айтмасмидим. Унга айтган еримда сариқ чақа ҳам қолмаган. Мени қутқариш учун хотиним ҳаммасини совуриб, адо қилган.

— Бойлигинг қолмаган бўлса, нега қақшаяпсан? Нимадан қўрқяпсан?

— У мени ўлдирмоқчи.

— Ўлдирса савобга қолади.

— Нега, ахир?.. — нажот умиди билан келган Турсунали совуқ тарзда айтилган бу гапни эшитиб бир сесканди. «Шартга биноан сиз мени ҳимоя қилишингиз керак-ку!» демоқчи бўлди-ю, даъво қилишга тили бормади — қўрқди. «Нега, ахир…» дан нарига ўта олмади. Даъвосини айтолмаган бўлса ҳам, Тенгиз унинг мақсадини англади.

— Сени унинг чангалидан қутқаришим керакми? Калланг жойидами?! У сен билан учрашиш учун атай бўйнини сиртмоққа тутиб берган. Бекордан бекорга қамаладиган боламас у. Бир нарсанинг исини сезмаса изингдан тушмас эди. Шу бугундан бошлаб шартни бекор қиламан.

Тўлайдиган солиғинг ҳам ўзингга сийлов. Эрта-индин уйингга одам бориб, айтган ерингни титади. Ҳеч нарса тополмаса хотин, бола-чақангни ўлдиради. Кейин ўзинг бу ерда ит азобида ўласан. Шунақа бўлгани дуруст. Сен аҳмақни ҳимоя қилганим учун мен ўғрилар орасида иснодга қоламан. Йўқол, кўзимга кўринма.

— Нега ишонмайсиз? — Турсунали шундай деб йиғлаб юборди.

Тенгиз «ўл бу кунингдан!» дегандай афтини буриштирди-да, бурилиб нари кетди. Тўрт-беш қадам юриб, гулхан яқинидаги тўнкага ўтирди.

Турсунали нима қиларини билмай гангиган ҳолда туриб қолди. Ёрдамга ишонган эди, нажотни Яратгандан эмас, шу йигитдан кутган эди. Ҳозир ҳам умидининг сўнгги ипларини шу одамга боғлади. Агар ҳозир бир мўъжиза юз бериб, Тангри-таоло айтсаки, «Eй Одам боласи, мен бутун оламларнинг яратувчисиман, сен ҳам бандасан, у ҳам бандамдир. Нажотни кимдан кутасан?» Нодонлик, жаҳолат чодирига тамоман буркалиб олган, кўз нурларини, ақл-фаросатини шайтон алайҳилаъна ихтиёрига буткул топширган бу банда ҳеч иккиланмай иккинчи бандани кўрсатар эди. (Астағфируллоҳ!)

У аста юриб, ҳўнграб йиғлаган ҳолида Тенгизга яқин келдида, ёнида тиз чўкди. Шу ёшга кириб бирон марта бўлсин Яратганига сажда қилмаган банда хорлик либосига ўралиб иккинчи бир банда ёнида тиз чўкди. Тенгиз тўғри айтган эди: эркакнинг бу қадар хорланишидан кўра ўлиб кетавергани минг карра афзалроқ.

— Мени қутқаринг. Ўлгунингизча қулингиз бўлайин.

Тенгиз салгина бурилди-ю, унинг ёноғига мушт туширди. Марҳамат кутиб тиз чўккан Турсунали бу зарб-дан чалқанчасига йиқилди.

— Мишиғингни арт, ҳе хунаса! — Тенгиз шундай деб кафтига қор олиб ишқади. — Қул бўлармиш… Сендақа эркакни моягидан осиб қўйиш керак. Эркакман, деб юрибсанми ҳали… — Тенгиз хумордан чиққунича сўкиб, унга қараб тупурди. — Оилангнинг эҳтиётини қиламан. Улар емаган сомсаларига пул тўлаб юришмасин. Сен билан ишим йўқ. Йўқол!

«Ҳамманг бир гўрсанлар! Ҳамманг аблаҳсанлар! Ҳаммангни қириб ташлаш керак!

Уруғларингни ўйнатиб ташлаш керак!» — Турсуналининг хаёлини шундай ҳайқириқ тўзитди, аммо бўғзи бу нидони тилга кўчишига йўл бермади. Тенгизнинг салгина ён босгани унга далда бўлиб, ўрнидан турди. Раҳмат айтиб, изига қайта бошлади. Ўн қадамча босиб тўхтади-да, нажот кўзлари билан орқасига ўгирилиб, Тенгизга қаради. «Кел, бўпти, ўзингни ҳам ҳимоя қиламан», деган гапни кутди.

Иш жойига қайтиб, қўлига болта олди. Амал курсисини эгаллаб, райком тахтига йўл кўрсатган ақли энди жонини сақлаб қолиш йўлини аниқлашга ожизлик қилаётган эди. Юзлаб одамларнинг нонини яримта қила олган тадбирлари бу ерда ўлумтук аҳволга тушди. Ақл ҳам, тадбир ҳам унга хиёнат қилди. Ақл, тадбир деганлари шайтон измида бўлгач, ўзгача оқибат кутиш мумкинми?

Беихтиёр равишда дарахт шохларига болта урар экан, қутулиш чораларини излайди. Аммо сонсиз капалак сингари тўзиган фикрлари ўзига бўйсунмайди. Шайтоннинг бурчи уни жар ёқасига етаклаб келмоқ эди — вазифасини адо қилди. Қадамини бир қаричгина нари ташласа кифоя. Шу пайтгача шайтоннинг меҳри булоғидан сув ичиб, қувват олган ақли уни асраб қола олармикин?

Бу ақл унга ягона нажот йўлини кўрсата бошлади.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

loading...

1 ТА ФИКР

Comments are closed.