Тирик юрганидан ўлгани афзал, аслида, аёли севмаган эркак!

0

Интиҳоси фожеъ қўрқинчли эртак,

Жисми ҳам кўнгли хам қадрсиз бешак,

Рўзғорга яраган ҳаммол бир эшак,

Аслида аёли севмаган эркак!

 

Келтиргани ҳалол, лек гўшти ҳаром,

Пуштида мудом юк, кўрмагай карам,

Охурда нушхўрд ҳам йўқлиги алам,

Аслида аёли севмаган эркак!

 

Халачўп қон қилган гардандай қалби,

Тортилган айили бўлмайди салқи,

Кўйлаклари яғир тўқимдай балки,

Аслида аёли севмаган эркак!

 

Шими сўкилганда ўзидир чевар,

Олтмишда ҳам ўз кирини ювар,

Елкада ўстирган боласи тепар,

Аслида аёли севмаган эркак!

 

“Иҳ” деса дардига дармонаси йўқ,

Бошида сув тутган парвонаси йўқ,

Осмондан ишончли бошпанаси йўқ,

Аслида аёли севмаган эркак!

 

Нўхтаси бўшамас – эрксиз ҳар маҳал,

Ғашиқар кийганда бир янги абзал,

Тирик юрганидан ўлгани афзал,

Аслида аёли севмаган эркак!

 

Амиркул Каримов

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here