Имомларнинг обрўсига тажовуз қилаётган глобал қулоқлар

0

• Мусулмонлар орасида қадимдан алоҳида гуруҳлар бор, улар умумий мусулмонлар учун яхшилик бўлишидан ҳар доим ғашланади.

• Уларнинг наздида ҳар қандай яхшилик остида аслида яхшилик йўқ!

• Бу гуруҳлар ҳар замон уммат орасидаги муаммодан озуқаланади.

• Шу сабабли ҳеч қачон яхшиликни кўрмайди, кўрса ҳам кўрганини билдирмайди, бошқага кўрсатмайди ҳам.

• Булар тарихдаги Мадина мунофиқлари услубини, Зул Хувайсиралик хавориж тактикасини ўзлаштиришган.

• Имомларнинг обрўсига тажовуз қилиш орқали ўз атрофидаги болаларга ўзидан бошқа ҳақиқатпарвар йўқдек кўрсатишга уринади ва ҳа, буни уддалайди ҳам.

• Чунки уларнинг атрофида Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ таърифлаганидек, ҳақ қаерда бўлса эргашаман, деган болалар эмас, балки ҳақ мен айтган жойда бўлиши керак, деган болалар йиғилган, яъни улар ҳақни ҳақнинг мезони билан эмас, ўз шахсий мезонлари билан ўлчаб, хулоса қилишади.

• Уларнинг эҳтиёжини билган маккор-ҳийлакорлар эса ўша болаларга ёқадиган гапни ҳар доим топиб, гапириб бера олади.

• Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул лаънатуллоҳи алайҳ қори ва олим саҳобаларни камситганида, булар жамият учун кераксиз, дегандек фитна гап тарқатганида ўша мажлисда ўтирган Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу унга қараб жим ўтирмаган эди: «Сен мунофиқсан!» дея олганди. Ҳатто ўша мунофиқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб беришини таъкидлаган ва ҳатто бу борада алоҳида оят ҳам тушганди.

• Аллоҳ таоло имомларни мана шундай ҳимоя қила оладиган, бу йўлда маломатчидан қўрқмайдиган жамоага нусратини тўкис қилиб берди.

• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тик қараб: «Эй Муҳаммад, адолат қил!» деган безбет чолга қарши: «Ё Расулаллоҳ! Изн беринг, бўйнига қилич билан урай!» деганди Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу.

• У зотлар ўз пешволарининг айбини титкиламас, балки уларнинг ҳимоясида туриш диннинг буйруғи эканини билишарди.

• Аллоҳ таоло шунинг учун ўша жамоага нусратини тўкис қилди…

• Бугун-чи…

• Бугун нусрат нима учун кечикмоқда деб ўйлайсиз?!

• Бугун биттаси чиқиб: «Қорилар жамиятда нима иш қилиб қўйибди?» деса, унга қарши чиқиш у ёқда турсин, унга қўшилиб олиб қориларни «чайнаётган», қорининг тарафини олаётганни эса гурра-гурра «тошбўрон» қилаётганлар жамоасига қандай ҳам нусрат келсин?!

• Бугун ўзидан ҳақпарвар ясаб олган биттаси Имомларимизга ёрдам пули берилганидан ижирғанса, оддий вазиятдан кир қидирса: «Бу пулни нима учун беришяпти, имомлар ҳеч нарса қилмаяптику?!» дея имомларни камситса, фасод тарқатишга уринса, саҳюний донишмандларининг «Исломни чўктириш учун имомларни камситинг!» деган буйруғини «Ислом ғамидаги шахс» профили билан амалга оширса, зимдан душман сиёсатига «қулоқлик» қилса ва атрофидаги тарафкашларини шу тарзда «сеҳрласа», унинг бу фитнаси Ислом таълимоти учун зид эканини айтганга ёвқараш қиладиган, бу фитнага қарши чиқмаган, балки уни қўллайдиган жамоага қандай ҳам нусрат келсин?!

• Бугун болаларнинг масжидга чиқиши хабари хушхабар эканида шубҳа йўқ, аммо шу хушхабардан ҳам фасод қидирган, мусулмонлар ютуғини саботаж қила оладиган ва шу саботажчиларнинг тарафида турган жамоага қандай ҳам нусрат келсин?!

• Аллоҳ таоло амалларга яраша ажр бераверади, аммо нусрат эса комил динга келади.

• Шундай экан, орамизда бу каби бадгумонлар бор экан, уларни қўлловчилар топилар экан, нусрат кечикиши табиий!

• Дўстим, яхшилаб таниб қўйинг, аслида, душманга ишлаётган орамиздаги «глобал қулоқ»лар, сафимизни пароканда қилиш учун жон куйдираётганлар мана шу тоифалардир.

• Агар ҳозир Имом Маҳдий чиқсалар, бу тоифалар у зотга ҳам қарши туришади ва: «Бу биздан чиқмади, демак биздан эмас», қабилида иш кўришади.

• Чунки булар ҳақ қаерда бўлса эргашаман, деган эмас, балки ҳақ мен айтган жойда бўлиши керак, ҳамма менга эргашиши керак, деган тоифалар!

• Етказдимми?

• Сафингизни тўғрилаб олинг, елкалар бир-бирига тегиб турсин, орамизда бўш жойлар қолмасин, холис Аллоҳ учун:

– АЛЛОҲУ АКБАР!

© Аброр Мухтор Алий

(“Facebook”даги саҳифасидан)

loading...