Алишер Айматли: «Хотинимдан ортиқ дўст тополмадим…»

0

Мен сизга бир ҳолни ҳикоят айлай,
Ўзимдан ўзимга шикоят айлай,
Гар ҳидоят бўлса, ҳидоят айлай,
Жонимни берайин, ҳимоят айлай,
Ўтган кунимдан кам-кўст тополмадим,
Хотинимдан ортиқ дўст тополмадим.

Кимга ош бермадим, ош кўтармадим,
Хаста бўлдим, кўзда ёш, кўтармадим,
Саккиз ой ёстиқдан бош кўтармадим,
Ўлди деди, отди тош кўтармадим,
Термулдим тўрт тараф, рост тополмадим,
Хотинимдан ортиқ дўст тополмадим.

Миш-мишларга парво қилмади хотин,
Уввос солиб, сочин юлмади хотин,
Ёнимдан бир нафас жилмади хотин,
Эҳ, қанчалар дуо қилмади хотин,
Унинг вафосига сўз тополмадим,
Хотинимдан ортиқ дўст тополмадим.

На юраман, на-да чополмай қолдим,
Кирган эшигимни ёполмай қолдим,
Дўстман деганларин тополмай қолдим,
Майли, ҳаммасини Худога солдим,
Инсульт бўлдим – турфа фикрлар қилдим,
Тўрт мучам бут, шунга шукурлар қилдим.

Дўстим Жалол айтган жононлар қани?
Кўзи шаҳло, қоши камонлар қани?
Ўлдим-куйдим деган ёлғонлар қани?
Инсон шаклидаги шайтонлар қани?
Инсульт бўлдим – турфа фикрлар қилдим,
Тўрт мучам бут, шунга шукурлар қилдим.

Айтар қўшиқларим битмай қолганда,
Қўлим то оғзимга етмай қолганда,
Томоқдан қултум сув ўтмай қолганда,
Дастим бойликларни тутмай қолганда,
Ўтган кунимдан кам-кўст тополмадим,
Хотинимдан ортиқ дўст тополмадим.

Бундай пайтда ётдир тоғанг, холанг ҳам,
Ҳеч кимга етмайди қилган ноланг ҳам,
Ҳатто эшитмайди туққан боланг ҳам,
Бошингдан тушмасин битта толанг ҳам,
Бу ёлғон дунёда рост тополмадим,
Хотинимдан ортиқ дўст тополмадим.

Тошкентда хотиннинг сингиллари бор,
Роҳила, Мукаррам, Саодат, Сайёр,
У учун жонини беришга тайёр,
Муҳаббатни кутар интиқ, интизор,
Майли, омон бўлсин уларнинг бари,
Менинг хотинимнинг жон сингиллари.

Майли, гап ҳам анча чўзилиб кетди,
Нетай, тонгда кўнглим бузилиб кетди,
Эргаш Жуманбулбул авлодиман мен,
Шу боис умримни сўз илиб кетди,
Бу ёлғон дунёда рост тополмадим,
Хотинимдан ортиқ дўст тополмадим.

 

Алишер Айматли

loading...