Бухоро халқаро аэропорти директори Тоҳир Баҳронов вафот этди. Унга коронавирус ташхиси қўйилган эди

0

Бухоро халқаро аэропорти директори Тоҳир Баҳронов 61 ёшида ҳаётдан кўз юмди, дея хабар қилди «Газета.uz» Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига асосланиб. Ҳокимиятдан «Газета.uz»га тасдиқланишича, унга коронавирус ташхиси қўйилган эди.

Тоҳир Баҳронов 1959 йил 21 апрелда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. 1986 йилда Бухоро давлат педагогика институти, 1996 йилда Санкт-Петербург фуқаро авиацияси академиясини сиртдан ўқиб тугатган.

Меҳнат фаолиятини 1976 йилда Бухоро сув хўжалиги бошқармаси киномеханиги ёрдамчиси сифатида бошлаб, Бухоро «ХАТП-11» автокорхонаси ҳайдовчиси (1977−1978), Бухоро авиаотрядининг ташиш бўлими диспетчери (1980−1982), Бухоро шаҳар авиаагентлиги бошлиғи (1982−1985), Бухоро аэропорти йўловчилар ташишни ташкил қилиш хизмати бошлиғи, директор ўринбосари (1985−1997) лавозимларида ишлади.

1997 йилда «Бухоро халқаро аэропорти» ДУК директорлигига тайинланди. Шунингдек, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати (1999−2004), Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати (2014−2019), Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси (2014−2019) сифатида фаолият кўрсатган.

loading...