Исмингни ўзгартирсанг, тақдиринг ўзгарадими?.. (Биринчи мақола)

0

Қадим-қадимдан исм қўйишнинг турли расм-русум, удумлари сақланиб қолган. Чунки боланинг соғ бўлиши, яшаб кетиши, келгуси бахти унга қўйиладиган исм билан боғлиқ бўлади, деб ҳисобланган. Кишига муваффақиятли танланган исм унинг тақдири, ҳаётига катта таъсир кўрсатади, исм одамнинг руҳиятини ўзида мужассам қилади, киши ўз исмига ўхшайди, деб ишонишган. Ота-она ва яқин қариндошлар томонидан танланган исм баъзида ўз эгасини қониқтирмайди ва бошқа исм билан аталишни истайди. Сеҳр-жоду, инс-жинсга ишонувчилар эса ташқи таъсирлардан ҳимояланиш учун ўзларига бошқа бир исм танлаб, шу ном билан эл орасида юради.

«Кемани қандай атасангиз, у худди шундай сузади», дейишади. Худди шундай,  бугунги ҳаётини яхшилаш илинжида одамлар ҳам ўзларига янги ном танлашади. Аммо бу тўғрими? Исм ҳақиқатан ҳам тақдирни ўзгартирадими? Бу саволга кимдир иккиланмай «Ҳа», дея жавоб берса, бошқаси қатъият билан  инкор этади. Учинчи гуруҳдаги инсонлар эса бу саволга ўзлари ҳам жавоб излашаётганларини айтишади. Аслида-чи?

Муаммонинг сабаби иккита!

«Бунинг сабаблари иккита, яъни ички ва ташқи,  — дейди руҳшунос Елена Шендерова.  — Биринчисида ўзига ишонмаслик, ўз-ўзига паст баҳо бериш ётади. Бу инсон олдида кўндаланг турган муаммони ҳал этиш учун қўйилган қадам эмас, аксинча, ўз-ўзидан қочишдир. Бунда атрофдагиларни ўзига жалб этиб, шахсини кўз-кўзлаш истаги ҳам ўрин олган.

Исм туфайли ноқулай аҳволга тушиб қолиш эса муаммонинг иккинчи сабаби саналади. Шунингдек, исмни ўзгартиришга бўлган эҳтиёж инсон оғир ҳаётий босқичдан ўтаётганда туғилади ва у амалга оширилгач, олдинги исм билан бутун умрга хайрлашилади. Баъзида ота-оналар болаларига чет ёки узоқ мамлакатларга хос исм беришади. Улар каттариб, атрофдаги тенгқурларига мазах бўлганларида эса ундан қутулиш пайига тушиб қолишади».

«Янги исм муваффақият келтирди»

Ўз исмини ва фамилиясини паспорт бўйича алмаштирган ҳамда ҳозирги кунда маҳаллий газеталардан бирида муҳаррир бўлиб ишлайдиган Азиз Мардиев исм-шарифли киши бу борада қуйидагича ҳикоя қилади:

— 2005 йилда тахаллус танладим ва паспортдаги исм-шарифимни ҳам ўзгартирдим. Тўғри, бу ҳақда узоқ вақт ўйлаб юрдим. Мен жуда кучли изтиробни бошдан кечирдим. Ўзимга ишонмай қўйдим. Янгидан ҳаёт бошлашим керак эди ва илк қадамим исм-шарифимни ўзгартириш бўлди.

Қариндошларим ва яқинларим мени тўғри тушунишди. Ишим ва ҳаётий тажрибам туфайли «бунга бошқалар нима дейди?» деган фикрдан йироқ бўлдим. Ҳозир мени билмаганлар бирор хорижий мамлакатдан келган, деб ўйлашади. Чунки исм-шарифимда Европа ва Шарқ мамлакатларига хослик мавжуд.

Ҳамкасбларим илгариги исмимни билишса ҳам, ҳозир бошқача чақиришади.

Исмимни ўзгартирганимдан сўнг унга мос бўлишга ҳаракат қила бошладим. Натижада янги исм билан бирин-кетин муваффақият қозондим.

«Садоқат»ни соғинаман!»

Феруза исмли 29 ёшли аёлнинг айтишича, инсонни исм безамайди, аксинча, исмга инсон маъно бағишлайди.

— Мен беш йил илгари паспорт алмаштираётиб, исмимни «Садоқат»дан «Феруза»га ўзгартиргандим. Чунки ўз исмим сира ёқмасди, худди алмисоқдан қолиб кетганга ўхшарди. Яқинларим узоқ вақтгача янги исмимни айтишга ўргана олмай юришди. Аммо ўзим дастлабки вақтларда қилган ишимдан хурсанд бўлиб юрдим. Лекин бу узоққа чўзилмади. Ҳаётимда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Исмни ўзгартирган билан бошқа одам бўлиб қолмас экансиз. Хулосам шу бўлдики, исм инсонни безамас экан, аксинча, исмга инсон маъно бағишларкан.

Ҳозир ўзимни «Феруза» исми билан ҳеч қандай боғлиқлигим йўқдек ҳис этяпман. Ёшлигим ўтган «Садоқат»ни соғинаман.

БОБУРЖОН тайёрлади.

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

(Кейинги мақоламизда  одамнинг тақдири ва шахсий ҳаёти кўпроқ унинг исмига, айниқса, ундаги бош ҳарфга боғлиқ экани тўғрисида олимларнинг тадқиқоти билан танишасиз.)

loading...