Кўпчиликнинг ҳаётини жаҳаннамга айлантирган хато

0

Болакайлар Рона ва Жанет Реймерлар оиласида дунёга келганди. Воқеа Канадада рўй берди. Виннипеге шаҳрида истиқомат қиладиган бу эр-хотин камтарин ва эзгу хислатларга эга ёшлар эди. Жанет официант бўлиб ишлар, Рон эса тўйдан сўнг маҳаллий кушхонага ишга жойлашганди.

Улар тўйдан сўнг эгиз фарзанд кўришни орзу қила бошлашди ва ибодат вақтида ҳам буни Яратгандан сўрашни канда қилишмасди. Худди шундай бўлди. Жанет турмуш ўртоғига эгиз ўғиллар: Брюс ва Брайанни туҳфа қилди.

Бир неча ойдан сўнг ғамхўр она ўғилларида пешоб чиқариш билан боғлиқ муаммо юзага келганини пайқаб қолди. Шифокор уларни текшириб кўриб, етарлича кенг тарқалган фимоз хасталиги ташхисини қўйди. Бундай ҳолатларда, одатда, жуда оддий жарроҳлик амали — хатна қилинарди. Буни касалхона жарроҳи ўтказиши керак эди. Айтишларича, қаттиқ бўрон жарроҳнинг иш жойига етиб боришига халал берган. Шу боис навбатчи шифокор Жан-Мари Гуо хатна қилган. Аммо…

Биринчи бўлиб операция столига Брюсни ётқизишган. Лекин негадир шифокор Гуо кичкинагина жароҳат ўрнини куйдириш учун кучли электр асбоби — термокаутердан фойдаланишга қарор қилган. Шифокор хатоси туфайли митти гўдакнинг жинсий аъзоси бутунлай куйиб кетган. Албатта, бундан кейин ота-она иккинчи фарзандига қўл теккизишга ҳам рухсат беришмаган. Натижада Брюс тиббий хато қурбонига айланган. Брайандаги фимоз эса вақт ўтиб ўз-ўзидан йўқолиб кетган.

Бечора аёл фарзандига яхшилик қиламан деб катта хатога йўл қўйгани учун бир умр айбдорлик ҳисси билан яшади. Реймерлар хонадонидан қувонч ариди. Жанетда депрессия бошланди. Рон имкони борича уйда кам бўлишга интилар, барларда ичкиликбозлик билан кун ўтказарди…

Аммо кўп ўтмай, тақдир бу оилада ғайритабий бурилиш қилди. Машҳур америкалик олим, руҳшунос Жон Мани болаларда туғма гендер нейтраллик назариясини кўп йиллардан бери олға суриб келарди. Бошқача қилиб айтганда, Мани инсон жинси туғилишгача бўлган даврда намоён бўлмайди, аксинча, 5-8 ёш оралиғида шаклланади, деб тахмин қиларди. Бола ўзини ўғил бола деб ҳам, қиз бола деб ҳам билмайди. Фақат катталаргина уларга ким эканликларини уқтиради. Ёш боланинг хулқ-атвори шунга қараб шаклланади, деб ҳисобларди.

«Эҳтимол, ўғил бола қиз бола бўлиб вояга етишни истар, аммо унга буни тақиқлашади. Бизнинг ҳаётдаги омадсизлигимиз эса худди ана шу ердан бошланади», — дерди у.

Бу назария билан Жон Мани ҳатто телевидениеда ҳам чиқиш қилди.

Бу вақтда Жанет Реймер қаттиқ руҳий тушкунлик исканжасида эрталабдан ярим тунгача телевизор томоша қиларди. Педиатрия профессори ва тиббий руҳшуноснинг бу эълонини эшитиши билан аёл ўғлини қутқариш чорасини топгандек бўлди.

У Жон Манига хат ёзди. Ўз навбатида профессор ҳам дарҳол бу ҳодисага қизиқиш билдирди. Тез орада оила Канададан АҚШга узоқ йиллар излагани — «валинеъмат ва нажоткор»и ҳузурига бориб, бутунлай профессор ғамхўрлиги остида бўлишди. Жон Мани қуйидагиларни тавсия қилди: Брюсни кастрация қилиш, унинг ўғил бола бўлиб туғилганини ёддан чиқариш ва қиз боладек тарбиялай бошлаш керак. Профессор бола бир ёшга тўлгунига қадар жарроҳлик амалини ўтказиш кераклигини таъкидлаб, ўйлаб кўриш учун вақт бермади.

Унинг ишонч билан айтган гапларидан сўнг Реймерлар ўғли бу аҳволда яшаши жуда оғирлигини ўйлаб,  жарроҳлик амалига розилик беришди.

Жинсни ўзгартириш бўйича жарроҳлик амали 1966 йилнинг июлида амалга оширилди.

Профессор Мани гўё еттинчи осмонда эди. Чунки Брюс ўз назариясини тажрибада синаб кўриши учун айни муддао, қолаверса, унинг эгиз укаси Брайан бу қўпол экспериментни текшириш учун хизмат қиларди.

Мани биз ўз генетикамиз меросхўрларими ёки тарбия маҳсули ва ташқи муҳитнинг ўзаро таъсири мавзусидаги илмий баҳсларга нуқта қўйиш ҳақида орзу қила бошлади. У «инсонларга табиат кўпроқ таъсир кўрсатадими ёки жамият ва тарбия?» деган жумбоққа ечим топишни мақсад қилганди. Брюс Брендага айлантирилди, ота-она ҳам болага энди қизалоққа қарагандек қарарди, Брайан ҳам синглиси борлигига ишониб улғайди.

Аввалига ҳаммаси яхши кетаётганди. Атрофдагилар Жанет ва Рон эгизаклари: бурмалар билан безатилган чиройли кўйлак кийиб олган жингалаксоч Бренда ва ҳамма болалар каби дарахт шохларига осиладиган ҳамда пластмасса аскарчалар йиғиб юрадиган тўполончи Брайан билан сайр қилиб юришганини кўриб туришарди. Ташқаридан қараганда ҳеч қандай эътирозга ўрин йўқ эди. Реймерлар шифокор Мани кўрсатмаларини аниқ бажарарди. Тарбиявий суҳбатлар ўтказар, Брендага керагидан ортиқча гормон дорилар ичирарди.

Орадан бироз вақт ўтгач, профессор Жон Мани ўз назариясининг сўзсиз ғалабаси сифатида илмий жамоатчиликка «эгизаклар ҳодисаси»ни маълум қилди. У ўзи истаганидек обрў-эътибор қозониб, бир қадар имтиёз ва эътирофга сазовор бўлди. Илмий олам руҳшуноснинг шов-шувли янгилигидан карахт эди, ҳеч ким руҳшуноснинг ғоясини қувватламаётган ёш олим Милтон Даймондга қулоқ солмасди.

Даймонд Канзасс университетида ишларди ва денгиз чўчқалари устида ўтказган тажрибасига кўра, ҳайвонлар жинси ҳали у эмбрион пайтидаёқ шаклланишини исботлаганди.

Милтон Даймонд ва унинг ҳамфикрлари бир неча йил давомида ҳатто ўз тадқиқотлари натижасини эълон қила олмай юришди. Чунки Мани ҳар томонлама улар учун йўлни ёпиб қўйганди.

Бу вақт давомида Бренда улғайди. Ҳали мактаб ёшидаёқ «қизалоқ»да ўғил болаларга хос хатти-ҳаракатлар, хулқ-атвор пайдо бўлди. Она Брендани қўғирчоқдек кийинтиришда давом этар ва ҳеч қачон сочларини тартибга келтирмасдан уйдан ташқарига чиқармасди. Аммо иш ҳамиша бир хил якун топарди: қизи уйга кийимлари кир-чир, бадани ўғил болалар билан муштлашув боис кўкарган ва тирналган ҳолда қайтарди. Улғаяётган Брендада ҳақиқий муаммо мактабда юз берди. Синфдошлари уни қабул қилишмади. Қиз болаларга унинг ҳаддан ошиқ эркакшодалиги, ўғил болаларга эса, табиийки, соч тўғнағичлари ва бежирим кўйлакчаси ёқмасди. Брендада эркакларга хос бўлган мушаклар шакллана бошлади. Товуши ўзгарди, қизиқишлари ҳам қизларга хос эмасди. У ўйинчоқ қурол ва укасининг машиналарини маза қилиб ўйнар, отасига дурадгорлик ишларида сидқидилдан қарашарди. Жисмоний жиҳатдан ҳам кучлироқ эди. Бренданинг «ғайриоддий»лиги ҳақида ҳамиша миш-мишлар юрарди.

Брендани очиқчасига камситишиб, унинг мактаб ҳожатхонасига боришига йўл қўйишмасди. Бренда Реймер ўзи билан нима юз бераётганин тушунмасди. Шу боис ота-оналарига саволлар бера бошлади…

Бу вақтда Жон Мани шон-шуҳрат дарёсига чўмганди. У берган маълумотлар ёритилган кўплаб илмий мақолалардан ҳамкасб олимлар ҳайратда қолишарди.

Бренда ва Брюс ҳар йили профессор ҳузурига йўл олиши, у ерда текширувлардан ўтиши шарт эди. Ҳар гал ота-она уларни боришга кўндириши қийинлашиб борарди. Болалар профессор Манининг хонасида ўзларини ноқулай ҳис этишарди. Кейинчалик Брайаннинг иқрор бўлишича, агар руҳшунос «тўғри» жавоб ололмаса, уларни қўрқитар, баъзида бир-бирлари билан худди яқин муносабатда бўлаётгандек ҳаракатлар қилишга ва беҳаё расмларни томоша қилишга мажбурлар экан.

Кейинчалик Манининг айтишича, у буларнинг барини Бренда ҳам, Брюсда ҳам гендер тенглик дастури доирасида қўллаган.

Жон Мани ўз назариясини шу қадар кучли ҳимоя қилардики, ҳеч ким унга шубҳа билан қарамасди. Кичкина Реймерлар реал ҳаётда яшашга мажбур бўлишди. Бренда ўзида нимадир меъёрий ҳолатда эмаслигини билар, Брайан эса ота-онасини «синглиси»дан қизғанар, «Фақат уни яхши кўришади», деган хаёлда улардан қаттиқ ранжиб, бошқариб бўлмайдиган ўсмирга айланди. Болакай ҳатто бир марта дўконни ўмаришга ҳаракат қилиб кўрди, натижада ота-онаси энди унга ҳам эътибор қила бошлашди. Бу ҳам етмагандек, Брайанда шизофрения аломатлари пайдо бўлди.

Профессор Мани Брендага сунъий вагинопластика қилиш вақти етганини қаттиқ туриб талаб қила бошлади. Қиз эса бунга жавобан ҳеч қандай жарроҳлик амалига рози эмаслигини айтди. Реймерлар, илгари ҳам нохушликни сезишганди. Улар Бренда жуда кўп гормонал дори-дармонлар қабул қилганига қарамай, ўзида эркаклик аломатлари борган сайин кучайиб бораётганидан ўзини қўйишга жой топа олмаётганини кўриб туришарди.

Шундай кунларнинг бирида ота-она ва фарзандлар ўртасида жиддий суҳбат бўлиб ўтди. Болаларга бор ҳақиқатни айтишди. Чунки бошқа илож қолмаганди.

Бренда билан узоқ суҳбатлашишди. Маълум бўлишича, у кичкиналигида ўзини ёмон тутганлиги ва қулоқсиз бўлгани учун онаси уни уриб шу аҳволга келтириб қўйган, деб ҳисоблар экан… Бу гапдан Жанет даҳшатга тушди.

Брюс ва Брендага улар кичкиналигида содир бўлган ўша бахтсиз ҳодиса ҳақида гапириб беришди. Ўсмирлар аввалига гап нима ҳақида эканига тушунишмади. Тушунмаслик ишончсизликка айланди. Ишончсизлик эса қаҳрга. Кейин бир муддат руҳан тушкунликка тушиб қолишди. Бренда бутун тун давомида фақат битта савол берди: «Менинг исмим нима эди?»

Шифокор Мани қабулига бориш тўхтатилди. Ниҳоят, Милтон Даймонднинг гапларини эшитишди. Брюс яна ўғил бола бўлишга қарор қилди. Аммо биринчи галда исмини ўзгартириши керак эди. Энди уни ҳамма паҳлавон Голиафни енгган афсонавий қаҳрамон шарафига Давид деб атай бошлади.

Давид Реймер жуда кўп миқдорда эстероген истеъмол қилиш ҳисобига ўсган сут безини олиб ташлаш билан боғлиқ оғриқли жарроҳлик амалини бошдан кечирди. 21 ёшида у жинсий аъзосини тиклаш учун операция қилдирди.

Маълум бўлишича, ҳаммасини ўз изига солиш мумкин экан. Реймерлар оиласи хотиржам нафас оладиган вақт келди. Илмий хато тўғриланди, табиат ғалаба қозонди.

Реймерлар атрофдагиларга Бренда тўсатдан вафот этгани, аммо яқинда Давид исмли қариндоши билан топишгани ва уни асраб олишга қарор қилишганини айтишди. Бу чўпчакка жуда кам одам ишонди. Брайан уйланди ва Давидни хотинининг дугонаси — уч болали ёлғиз она билан таништириб қўйди. Давидни бу ташвишга солмасди, у шу аёлнинг эрига айланди. Болаларга эса оталик қилди. Аммо оғриқли хотиралар Давидга тинчлик бермасди.

…У шифокор Гуо хонасига кирди ва унга қурол ўқталганча ўзини нималарга гирифтор этганини, айбига иқрор бўлишини сўради. Гуо қаршисида ким турганини дарҳол англади. Кўринишидан ўтган ушбу йиллар давомида ўзи ҳам йўл қўйган хатоси учун виждон азобидан қийналганга ўхшарди. Жарроҳ йиғлади. Давид ҳеч нарса қила олмади. Касалхонадан чиқиб, қуролни дарёга улоқтирди.

Мазкур воқеадан сўнг Давид Реймер анонимликдан воз кечиб, бошқалар ҳам худди шу аҳволга тушиб қолмаслиги учун ўзи билан боғлиқ ғамгин воқеани жамоатчиликка ошкор этишга қарор қилди. Ёш йигит телевидение ва матбуотда чиқиш қилди. Опри Уинфри шоусига таклиф қилинди. Аммо энг асосийси, Давид Жон Мани кўзига тик қарашни жуда-жуда истаганди. У ҳатто олимга учрашишни таклиф этиб, хат ёзди. Аммо профессор жавоб бермади. Бундан ташқари, Мани то фоний дунёга рихлат этгунига қадар бўлиб ўтган воқеани бирор марта изоҳлаб бермади.

Эгизак ака-ука Реймерлар учун бу ҳодиса изсиз ўтиб кетмади. Болаликдаги жароҳат балоғат ёшидан сўнг ҳам уларни таъқиб этишдан толмади. Жамоатчилик асосий эътиборини Брюс-Бренда-Давидга қаратса-да, Брайан ҳам ундан кам азият чекмади.

Кутилмаганда сингилнинг укага айланиши, албатта, йигитчанинг руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатди. Катта бўлганидан сўнг, яъни Брайанда шизофрения аломатлари пайдо бўлганидан кейин уни хотини ташлаб кетди. Кейин ишдан бўшатишди ва узоқ давом этган депрессия 2002 йили суицид билан якун топди. Брайаннинг ўлими Давидни руҳий ларзага солди. У ҳар куни укасининг қабри олдига келар ва унинг ўлимида ўзини айбдор ҳис этарди.

Давид тез орада укасининг тақдирига шерик бўлади. У ўз қобиғига ўралиб, атрофдагилар учун феъл-атвори жуда оғир одамга айланади.

Ота-онасини кечира олмайди, кейин унинг хотини ҳам кетиб қолади, сўнгра молиявий инқироз бошланади…

2004 йилнинг 4 май куни 38 ёшли Давид Реймер супермаркетга келади ва ўз жонига қасд қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, шифокорнинг биргина хатоси туфайли икки кишининг ҳаёти барбод бўлди. Қанчадан-қанча азият чекилди. Олим бўлса-да одам бўла олмаган профессорнинг калтабинлиги туфайли инсон тақдири билан ўйнашилди. Илоҳим, Реймерлар оиласи чеккан азоб-уқубатлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Ҳа, бу эгизак Реймерлар ҳаётидаги дунёни уятга қолдирган даҳшатли ҳодиса эди.

Интернет материаллари

асосида БАРНО тайёрлади.

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

loading...