Кўз ёшидан бунёд бўлган атиргул

0

Жазоирнинг Сахар чўлидаги атиргуллар ғайритабиий даражада чиройли шаклга келган кристаллардир. Бу жуда ғаройиб ва хаёлий шаклга эга, чиройли тош-гул табиий ҳолда чўлларда туз, сув ва қумдан ҳосил бўлади.

Туя яратган мўъжиза

Бу мўъжизакор шаклга эга тош тарихи қадим замонлардаги Сахар кўчманчи қабилаларига бориб тақалади. Бепоён чўлларда узоқ йўл босган кўчманчилар кучли жазирамада чанқаган ва ҳолдан тойган туяларга дам бериш учун тўхташади. Шу лаҳзаларда содир бўлган кутилмаган воқеадан ҳамма лол қолган. Чунки сал нарироқда турган туя пешоби ўрнида ҳар қандай кишини ҳайратга соладиган ажойиб «атиргул» пайдо бўлган. Шу-шу одамларда бу ўзига хос «гуллар» туя пешобидан ҳосил бўлади, деган тушунча пайдо бўлган. Аслида эса «чўл атиргули» қум қатламларида гипснинг майда зарралари кристаллашуви натижасида ҳосил бўлади. Туя пешоби ўрнида унинг пайдо бўлишига сабаб, қум зарралари ювилиб кетиши натижасида ер остидаги «атиргул» усти очилиб қолганидир.

Тош-гул қандай пайдо бўлади?

«Чўл атиргули»нинг пайдо бўлиши учун махсус шароит керак. Чўлда ёғин-сочинлар сувини қум тез шимиб олади. Натижада қум зарралари ювилади, агар гипс миқдори кўп бўлса, улар сув билан бирга чуқурроққа тушиб кетади.

Кучли жазирама чоғида сув яна юзага чиқа бошлайди. Сув бутунлай буғланиб кетгач, янги гипс кристаллари ўзига хос эгри-бугри шакллар билан ҳосил бўла бошлайди. Минералларнинг шаклланиш жараёни қум ичида кечгани учун у кристаллнинг бир қисмига айланади.

Очиқ ҳавода очилишининг сабаби нима?

Омади келганлар «чўл атиргули»ни 1 метрдан кам бўлмаган қум остидан кавлаб олишга эришади. Ана шу пайтда «атиргул»ни очиқ юзага қўйсангиз, у аста-секин очила бошлайди. Бу чўл шамолининг иши бўлиб, у яхши ёпишмаган қумларни «атиргул» гулбандларидан учириб юборади, гипс кристаллари эса мафтункор қиёфага келиб қолади.

Атиргул ранги нега ҳар хил?

«Чўл атиргули»нинг ҳар бир гулбарги диаметри 2-3 миллиметрдан бир неча дециметргача бўлиши мумкин. Кристалларнинг ранги бутунича улар шаклланган қумнинг қандай тусда эканига боғлиқ. Оқ «чўл атиргули»ни Туниснинг Сахар биёбонларидан, қора ранглисини эса Аргентина чўлларидан топиш имкони бор.

Қадр топган тош

Бундай эффектли ўсимталарни сайёрамизнинг жуда кўплаб чўл иқлимига хос ва қумлоқ ерли, гипсга бой ҳудудларида учратиш мумкин. Албатта, қум юқори таркибга эга бўлгани учун бундай гипсдан қурилишда фойдаланилмайди. Лекин «чўл атиргули» коллекционерлар ва безаклар иштиёқмандлари томонидан жуда қадрланади.

Афсона

Маҳаллий афсоналарга қараганда, бу — севиб қолган шаҳзоданинг кўз ёшлари билан ювилган ҳақиқий атиргул. Шаҳзода жон бераётган қаллиғига ушбу гулни олиб бориши керак бўлган. Аммо шаҳзода «атиргул»ни топиб, уни севгилиси ёнига олиб борганда жуда кеч бўлган.

Ҳозирда «Сахар атиргули» ёки «гипс атиргул» Тунисда энг оммалашган сувенир ҳисобланади.

Ҳукумат тақиқлади…

Охирги йилларда бу гўзал тошга бўлган талаб шу қадар кучайиб кетдики, натижада Жазоир ҳукумати уни экспорт қилишни тақиқлаб қўйди. Айрим мамлакатларда «чўл атиргули»ни абадий муҳаббат рамзи сифатида ёшлар бир-бирларига тақдим этишса, Тунисдаги оилаларда бундай «атиргул»ни тўйда келиннинг онаси қизига оиланинг бир бўлаги сифатида тақдим қилиш одатга айланган.

БАРНО тайёрлади.

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

loading...