Қалампирмунчоқ ангина ва ҳиқичоқни бартараф этади

0

Қалампирмунчоқ Ҳиндистонда қадимдан тиш, бўғим, ошқозон бузилиши, астма, йўтал, тери касалликлари ва ҳатто бош оғриғида қўлланиладиган шифобахш воситага айланган.

Қалампирмунчоқ бой кимёвий таркибга эга бўлиб, унинг ғунчасида жуда юқори миқдорда, яъни вазнига нисбатан 20 фоиз кўп эвгинол эфир мойи мавжуд. Бундан ташқари, қалампирмунчоқ таркибида олеанол кислотаси, гликозидлар, карифиллен, гумулен, ошловчи ва таркибида ёғ бўлган моддалар, В1, А, РР, В2, С витаминлари мавжуд. Шунингдек, бу зиравор ўзида кальций, магний, фосфор, натрий ва темир моддаларини мужассам қилган.  Қалампирмунчоқ жуда машҳур зиравор бўлиб, унинг қуритилган ғунчаларидан фойдаланилади.

Қалампирмунчоқ антисептик, оғриқ қолдирувчи, ел ва гижжа ҳайдовчи, томир кенгайтирувчи, тиришиб-тортишиб қолишга қарши, овқат ҳазм қилиш, балғам кўчириш, пешоб ҳайдаш, тер бактерияларини ўлдирувчи ҳамда микробларга қарши курашиш таъсир кучига эга восита бўлиб, гарчи айрим мамлакатлар ошхонасида зиравор сифатида ишлатилса-да, шифобахшлиги туфайли замонавий тиббиёт ва халқ табобатида кенг қўлланилади.

Ундаги эфир мойи асаб тизимини тинчлантириб, стресс ҳолатини йўқотади, неврозни даволайди ва маҳаллий қон айланишини яхшилайди. Шунингдек, терини тиклаш ва юмшатиш хусусиятларига эга.

Стоматологияда

Қалампирмунчоқ тиш касалликларида тенгсиз муолажа воситаси саналади. У зарарланган оғиз шиллиқ пардаси, кариес, пародонтоз, пульпитда яллиғланишни йўқотади. Қадимда қалампирмунчоқдан тайёрланган кукунни милкларга ишқаш ёки шунчаки қуритилган ғунчасини чайнаш ёрдамида тиш оғриғи бартараф этилган. Қалампирмунчоқдан олинган мой эса йирингли тиш оғриғида жуда фойдали малҳам саналади. У оғриқни камайтириш билан бирга инфекция тарқалиб кетишининг олдини олади.

Отоларингологияда

* Қулоқ оғриғида қалампирмунчоқ ва кунжут мойлари аралаштирилади. Сўнг аралашма иситилиб, 2-3 томчиси қулоққа томизилади.

* 5-6 дона қалампирмунчоқни 30 мл сувда қайнатиб, кунига уч маҳал асал билан бирга балғам кўчирувчи восита сифатида фойдаланиш мумкин.

* 6-7 дона қалампирмунчоқни 15 г арпабодиён уруғи билан ярим литр сувда тўртдан бир қисми қолгунча қайнатилади. Бундай қайнатма шакар билан бирга шамоллаш ва тумовда жуда самарали восита саналади.

* Қалампирмунчоқни ош тузи билан чайнаш йўтални бартараф этади.

* Агар йўталаётган бўлсангиз ва томоғингиз ҳам шамоллаган бўлса, қовурилган қалампирмунчоқни чайнаб кўринг. У, шунингдек, ҳалқумдаги яллиғланиш (фарингит) жараёнини тўхтатишда ажойиб восита саналади.

* Астмани даволаш учун 2 дона қалампирмунчоқ, 12-15 дона райҳон уруғи, 10 дона мурч доначаларини 15 дақиқа давомида қайнатиб, икки чой қошиқ асал ва сут билан ичиш керак.

Гастроэнтерологияда

Қалампирмунчоқ ангина ва ҳиқичоқ тутишини даволашда тенги йўқ восита. Бунинг учун 200 мл сутни қайнатиб, унга 5 дона қалампирмунчоқнинг майдаланган кукунини қўшамиз. Қайнатмани иссиқлигича оғизда бироз ушлаган ҳолда майда-майда ҳўплаб ичиш лозим.

* Ошқозонда кислота даражаси ошиқча бўлган инсонлар қалампирмунчоқни сўриб юрса, у меъёрий ҳолатга келади.

* Ҳазм жараёнини яхшилаш учун овқатланишдан бир неча дақиқа олдин бир чой қошиқ асалга бир чимдим майдаланган қалампирмунчоқ қўшиб истеъмол қилиш керак.

* Кўнгил айниши ва қайт қилишни тўхтатиш учун қалампирмунчоқ кукуни ва асални аралаштириб, паста тайёрлаш лозим.

Травматологияда

Артрит ва артрозда бир неча томчи қалампирмунчоқ мойини массаж воситасига қўшиб ишлатиш самарали таъсир кўрсатади. Битиши қийни бўлаётган яралар ва чипқонни ҳам қалампирмунчоқ мойини малҳам сифатида зарарланган жойга бевосита қўйиш орқали даволаш мумкин.

* Қалампирмунчоқ ва хантал мойининг бир неча томчисини аралаштириб ичиш бўғимлар оғриғи ва мушаклар спазмида жуда яхши фойда беради.

Гинекологияда

Гинекологияда қалампирмунчоқ мойи ажойиб таъсир кўрсатади. У тўлғоқ вақтида самарали ёрдам беради. Шунингдек, қалампирмунчоқдан бачадон тонусини кўтариш ва ҳайз жараёнини меъёрлаштиришда фойдаланиш мумкин.

Шунингдек…

* Қалампирмунчоқ мойи шакар билан бирга қорин оғриғини даволайди.

* Қалампирмунчоқдан ош тузи билан бирга бўтқа тайёрлаб, уни сут билан ичсангиз, бош оғриғидан халос қилади.

* Сил касали (туберкулёз)да рўй берадиган нотекис йўтал, бронхит ва астмани даволаш учун қалампирмунчоқ мойи ва саримсоқ қўшилган асални аралаштириб, ҳар куни уйқудан олдин истеъмол қилиш керак.

* Говмиччани даволашда қалампирмунчоқни сувда қайнатиб, зарарланган жойга босилади.

* Оғиздан ёқимсиз ҳид келганда ҳам қалампирмунчоқ чайнаш жуда яхши самара беради.

Рўзғорда

* Қалампирмунчоқ мойидан ҳашаротларни йўқотишда ҳам самарали фойдаланилади. Бунинг учун у 1:10 нисбатда сув билан аралаштирилиб, ҳашарот бор жойга сепилади.

Қалампирмунчоқли чой

Қайнаган сувга 3-4 дона қалампирмунчоқ куртаги солиниб, 5-10 дақиқа дамлаб қўйилади.

Ушбу хушбўй ва мазали чой шиллиқ пардаларни тозалаб, қувватни оширади ва бардамлаштиради.

Қалампирмунчоқ мойини тайёрлаш усули

100 мл зайтун мойига 1 ош қошиқ қалампирмунчоқ қўшилади ва паст оловда қайнагунча туради. Кейин қайнатма совитилади ва докадан ўтказилиб, музлаткичда сақланади.

Тақиқланади…

Қалампирмунчоқ 2 ёшгача бўлган болаларга, гипертониядан азият чекаётганларга ва ҳомиладор аёлларга тўғри келмайди. Юқори кислотали гастрит, ошқозон яраси, шунингдек, мадорсизлик ва зўриқишда ҳам қалампирмунчоқдан фойдаланмаган маъқул.

БАРНО тайёрлади.

(«7 Мўъжиза» хазинасидан)

loading...