Евроосиё иқтисодий иттифоқи клиник ўлим ҳолатидами?

0

Роппа-роса бир йил олдин, 2019 йилнинг август-декабрь ойларида Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги энг асосий мавзу – Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) кириш-кирмаслик, фойда-зарарлар муҳокамаси эди. Шу йилнинг бошида Ўзбекистон бу иттифоққа «кузатувчи» бўлишни танлади. Бир йил ичида бу иттифоқнинг маънавий-сиёсий мақоми тўлалигича трансформация бўлди.

Бугун, орадан бир йил ўтиб, ЕОИИ клиник ўлим ҳолатида. Клиник ўлим – ҳаёт ва биологик ўлим ўртасидаги ҳолат бўлиб, организмда ҳаётийлик элементлари кўринмайди, ташқаридан қараганда яшаш учун мужда мавжуд бўлмайди. ЕОИИнинг бош давлати Россия Президенти Путин, иттифоқ аъзоси Қозоғистонга маънавий ҳамла қилиб, «ниҳоятда катта рус ерларини олиб чиқиб кетишда» айблади ва ҳудудий даъволари борлигини билдирди. Бу билан Россия-Қозоғистон дўст ва иттифоқчи эмас, сиёсий рақиб ва потенциал душманлар эканлиги маълум бўлди.

Кеча Беларусь Президенти Лукашенко сайловолди дастурий чиқишида Россияга тегишли «Вагнер» ҳарбий-хусусий компанияси солдатларини «атайлаб Белоруссияда давлат тўнтариши, беқарорлик қилиш учун келишган» деган даъвони алоҳида урғулади. Бу билан, ЕОИИ аъзо бўлган Беларусь давлати Россияни «террорист давлат» мақомига қўйди ва икки тарафлама муносабатларни «дўстона ва биродарлик алоқаларидан» «партнерлик алоқалари»га туширди.

ЕОИИ ташкилотида бир йил олдинги легитимлик, гравитация ва аъзо давлатлар орасидаги консенсус бугун мутлақ мавжуд эмас. Белоруссия, Қозоғистон ва Россиянинг ўзида кейинги йилларда ҳокимият трансформацияси пишиб етилмоқда. Россиянинг Қозоғистон ва Беларусь билан ўткир зиддиятлари бўла туриб, Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо қилишга қаратилган босимлар тизимини парваришлаб бориши – маъносиз. Демак, кейинги йилларда Ўзбекистонга шимолдан эътибор ва босимлар, асосан, икки томонлама муносабатларни парваришлашга қаратилган бўлади, лекин кўп форматли алоқаларни эмас. Бир йил олдин Ўзбекистон элитаси ва жамиятини пароканда қилган ЕОИИга аъзолик масаласи бугунга келиб, ўз-ўзидан маъносини, жозибасини ва истиқболини йўқотди.

Битта муаммо ҳал бўлгандек. Лекин бошқа муаммо жойида турибди: монополиялар… Ўзбекистондаги монополиялардан қандай қутулсак экан?!

Камолиддин Раббимов

(“Facebook”даги саҳифасидан)

loading...