Илон Маск асос солган «SpaceX» компанияси яна бир улкан парвозга ҳозирлик кўрмоқда

0

4 августдан 5 августга ўтар кечаси Илон Маск асос солган «SpaceX» компанияси илк бор «Starship SN5» русумли ўта оғир космик ракетанинг иккинчи поғонаси прототипини ҳавога кўтаришга муваффақ бўлди.

Бундан олдин ўтган тўртта синов муваффақиятсиз якун топган эди.

Ракета поғонаси 150 м баландликка кўтарилиб, ҳавода 40 сония муаллақ осилиб тургач, учириш майдонининг бошқа четига қўнди. Синов Техас штатининг Бока-Чикасида ўтказилди.

Синов жараёнида «SN5» прототипи ҳавога бироз бир ёнига оғиб кўтарилди. Кема конструкциясида жами олтита «Raptor» русумли двигатель бўлиши кўзда тутилган. Улар марказ атрофида ўрнатилади. Синалган прототипга эса фақат битта двигатель ўрнатилди. Шунинг учун ракета бироз оғиб кўтарилиши режада кўзланган меъёрий ҳолат бўлди.

«Starship» моделининг техник хусусиятлари синов натижасига кўра ўзгариб бориши мумкин. Элтувчи ракетанинг баландлиги тахминан 50 метрга етиб, космосга 31 та «Raptor» двигатели ўрнатиладиган «Super Heavy» русумли биринчи поғона воситасида кўтарилади.

Ракетанинг «Super Heavy» поғонаси ҳам, «Starship» поғонаси ҳам кўп марта фойдаланадиган, навбатдаги парвозга тез ҳозирланадиган поғоналар бўлади.

Элтувчи ракетанинг биринчи тўлақонли шакли 2021 йили тайёр бўлиб, космосга учирилиши ҳақида маълумот бор. Ракета поғоналарини синаш тадбирлари ҳали давом этади.

Биз эса соҳанинг америкалик мутахассисларига катта омад ва улкан зафарлар тилаб қоламиз.

Шокир Долимов

loading...