Шаҳрихонда бедарак йўқолган эркак ва аёлнинг жасади, беш кун ўтиб, каналга ағдарилган «Москвич»дан топилди

0

Катта Фарғона каналининг Шаҳрихон тумани, «Бегбачча» МФЙ ўрамидан оқиб ўтган қисмидан 25 ёшли йигит ва 40 яшар аёлнинг жасади топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизматига асосланиб «Daryo.uz» маълум қилди.

Таъкидланишича, 2020 йилнинг 31 июль куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги «Қайрағочгузар» маҳалласида яшовчи фуқаро О.Ғ. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. У ўз мурожаатида 23 июль куни соат 19:30 ларда 25 яшар турмуш ўртоғи Т.А. ўзининг бошқарувидаги автомашинасида фарзандларига қовун олиб келиш мақсадида чиқиб кетиб, яшаш уйига қайтиб келмасдан бедарак йўқолганлигини ва умр йўлдошини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мазкур ҳолат бўйича 31 июль куни Шаҳрихон туман прокурори томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, худди шу санада туманнинг «Қоракўрпа» маҳалласида истиқомат қилувчи М.И. ҳам туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади. У 40 ёшли онаси Т.Д. 23 июль куни соат 20:00 ларда яшаш уйидан ҳеч бир сабабсиз чиқиб кетиб, хонадонига қайтиб келмасдан бедарак йўқолганлигини ва онасини топишда амалий ёрдам берилишини сўрайди.

Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув материали 4 август куни юқоридаги жиноят ишига қўшилган.

«Ўтказилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида, 5 август куни Т.А. бошқарувидаги давлат рақами 50 З 480 ЖА бўлган «М412» русумли автомашина Катта Фарғона каналининг Шаҳрихон тумани, «Бегбачча» МФЙ ўрамидан оқиб ўтган қисмидан топилган.

Автомашина кўздан кечирилганида, унинг ичида Т.А. ва Т.Д.нинг жасади тан жароҳатларисиз борлиги аниқланди. Т.А. жасади турмуш ўртоғи ва синглиси томонидан, Т.Д.нинг мурдаси эса икки нафар фарзандлари томонидан таниб олинди. Ҳолат юзасидан баённома расмийлаштирилди.

Суд-тиббий экспертиза бюросининг дастлабки маълумотномасида Т.А. ва Т.Д.нинг танаси ҳамда ички аъзоларида сувда чириш аломатлари мавжудлиги, ўлим ҳолати эса сувга чўкиш натижасида келиб чиққанлигини баён қилинган», — дейилади Бош прокуратура маълумотномасида.

loading...