Машҳур актёрларнинг фильмларда талаффуз қилган ҳар бир сўзи учун 7000 долларгача ҳақ тўланади…

0

Мутахассислар томонидан актёрларнинг фаолияти давомида барча ролларида айтилган сўзларнинг қиймати ҳисоблаб чиқилди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди, деб ёзмоқда «Daryo.uz».

Ушбу маълумотлар асосида «ҳар бир сўзнинг баҳоси» рейтинги тузилиб, улар юлдузларнинг гонорари билан таққосланди.

Рейтингнинг юқори поғонасидан жой олган энг қиммат сўзлар эгаси Том Круз бўлиб, битта сўзи баҳоси 7091 долларни ташкил этди. Иккинчи ўрин Курт Рассел – 5882 доллар, учинчи ўринни эса Жонни Депп – 4877 доллар билан эгаллади.

Шу тариқа рейтингдан Дензел Вашингтон – 4581 доллар, Леонардо Ди Каприо – 4326 доллар, Брюс Уиллис – 4080 доллар, Киану Ривз – 3643 доллар, Арнольд Шварценеггер – 3447 доллар, Том Хэнкс – 3150 доллар ҳамда Брэд Питт – 3058 доллар жой олди.

Аёллар рейтингида биринчи ўрин ҳар бир сўзи 4637 долларлик Камерон Диасга насиб этди. Унинг ортидан Кортни Кокс – 3528 доллар, Жоди Фостернинг сўзи 3265 долларга баҳолангани маълум қилинди.

Шунингдек, Жулия Робертс бир сўз учун 2415 доллар, Холли Берри – 2405 доллар, Николь Кидман – 2308 доллар, Нив Кемпбелл – 2010 доллар, Женнифер Лоуренс  – 1869 доллар, Сигурни Уивер – 1402 доллар ва Женнифер Лопес – 1192 доллар олиши маълум бўлди.

Шу билан бирга, персонажларнинг ҳам «энг қиммат сўзи» ўрганиб чиқилди. Бунга «Ҳарбий» фильмидаги Тодд ролини ижро этган Курт Расселлнинг ҳар бир сўзи 36855 долларга лойиқ деб топилди. Ундан сўнг «Титанлар жанги» фильмида Зевс ролида ўйнаган Лиам Нисон – 35211 доллар, «Алиса мўъжизалар мамлакатида» фильмида Жонни Депп ҳар бир сўзига 34037 доллар миқдорида пул олган.

Аёллар ўртасидаги рейтингда биринчи ўринни «Оушеннинг 11 дўсти» фильмида Тресс Оушен образини қойилмақом қилиб ижро этган Жулиа Робертс  – 14599 доллар, иккинчи ўринда ҳам «Оушеннинг 12 дўсти» фильмида Жулиа ҳар бир сўзи учун 12315 долларни қўлга киритган. Учинчи ўринни «Қичқириқ-4» фильмида Кортни Кокс қаҳрамонида намоён бўлган Гэйл Уэзерс ҳар бир сўзи учун 11094 доллар олишга муваффақ бўлди.

loading...