Санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари 1 млрд 750 млн сўмдан ортиқ маблағни талон-тарож қилишган

0

Сенат раиси Танзила Норбаева Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан 1 млрд 750 млн сўмдан ортиқ маблағ талон-тарож қилинганини маълум қилди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».

«Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги Санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан умумий ҳисобда жамғарманинг 1 млрд. 750 млн. сўмдан зиёд маблағи талон-тарож қилингани масалага жиддий эътибор қаратишни тақозо этади», — деди сенат раиси.

«Давлатимиз раҳбари томонидан халқимиз саломатлигини асраш, инқироздан имкон қадар тезроқ ва талофатларсиз чиқиш учун не-не машаққатлар билан маблағлар жалб этилаётган бир шароитда ўз нафсининг қулига айланган, айрим калтабин мансабдорлар томонидан коррупцияга кўл урилаётганини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Юқорида айтиб ўтилган хато ва камчиликларни бартараф этишга биз ҳам бирдек масъулмиз. Назоратни қаттиқ олиб боришимиз, ижро органларига қатъий талаблар қўйишимиз керак», — дея таъкидлади Танзила Норбаева.

Сенат раиси яқинда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада ўрганишлар, таҳлиллар олиб бориб, тизимда коррупцияга олиб келувчи сабаб ва омилларни бартараф этиш бўйича асосли таклифлар билан чиқиши кераклигини айтди. Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Агентлик билан биргаликда бу борада аниқ ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиши лозимлиги таъкидланди.

«Коррупцияга қарши курашиш Миллий Кенгаши раиси сифатида бир нарсани аниқ айтишим мумкин, эндиликда коррупция масаласидаги ишларимиз тизимли, аниқ мақсадга йўналтирилган ва албатта, муросасиз бўлади», — деди сенат раиси.

Шунингдек, у тизимда жамоатчилик назорати самарадорлиги пастлиги ҳамда «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун ишламаётганига эътибор қаратди. «Камбағалликни белгилаш ва уни тизимли равишда қисқартириш борасида яхлит қонунга эҳтиёж бор. Имкон қадар қисқа муддатларда шу масалаларни ҳал қилмас эканмиз, норозиликлар давом этаверади. Ҳукуматнинг мутасадди аъзоларидан ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратишни сўраймиз», — деди Норбаева.

loading...