Танзила Норбоева: «Одамлар кўпроқ маҳалла тизими вакилларининг нохолислигидан шикоят қилмоқда»

0

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Танзила Норбоева маҳалла институти, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятига доир танқидий фикрларини айтди:

– Давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 июль куни қабул қилинган коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир фармони мисли кўрилмаган чора-тадбирларни ўз ичига олди. Бутун халқимиз, кенг жамоатчилигимиз томонидан ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида ижобий қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 миллион 700 минг ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 миллион 700 минг пенсионер ва жорий йил якунига қадар 500 минг ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланди.

Умуман олганда, ижтимоий нафақа олувчиларнинг умумий сонини икки бараварга кўпайтириб, жорий йил якунига қадар 1,2 миллионга етказиш кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат давлатимиз бугунги оғир шароитда барча қийинчиликларни енгиб ўтишга қодир эканини, ҳеч бир оила эътибордан четда қолмаслигини яна бир бор тасдиқлади.

Бироқ амалиётда кўрдикки, ажратилган маблағларни тақсимлаш жараёнида айрим ҳудудларда норозиликлар юзага келди. Одамлар “темир дафтар”га ҳақиқий камбағал ва кўмакка муҳтож оилалар четда қолиб, етарлича даромадга эга бўлганлар киритилганидан шикоят қилмоқда. Тизимда очиқлик ва шаффофлик йўқ.

Давлатимиз раҳбари бежизга 4 августдаги йиғилишида тизим мутасаддилари фаолиятини танқид қилмади. Бу борада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизим фаолиятини танқидий кўриб чиқиш кераклигини айтди. Негаки, одамлар кўпроқ маҳалла тизими вакилларининг нохолислигидан шикоят қилмоқда. Маҳалланинг, айниқса, қуйи бўғинлари эскича иш услубидан воз кечолмаяпти. Маҳалла идоралари ходимларининг дунёқараши ўзгармаяпти. Уларда аҳоли билан ишлаш, конструктив мулоқот қилиш кўникмалари етишмаяпти. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Одамларнинг маҳалла идораларига бўлган ишончига путур етмоқда, – деди Сенат Раиси.

Нурилло Насриев

(ЎзА)

loading...