Медведев Абхазия-Осетия можаросини «Россияга қарши уруш эълон қилиш» деб атади

0

Грузия ҳукуматининг 2008 йилда Жаубий Осетия ва Абхазияга нисбатан қилган ҳаракатини Россияга қарши уруш эълон қилиш деб баҳолаш мумкин. Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев «ВКонтакте»даги саҳифасида ёзди.

«Аслида, Россия Федерациясига уруш эълон қилиниши тўғрисида гап борган», — деб ёзди у.

Медведев Грузиянинг ўша пайтдаги раҳбари Михаил Саакашвилининг ҳаракатларини «жинояткорона» деб баҳолади.

«Ўшанда мураккаб, лекин ечим бўладиган ягона қарорни қабул қилганман —Абхазия ва Жанубий Осетияни тажовуздан ҳимоя қилиш, сўнгра эса улар фуқароларининг илтимосига биноан тўла мустақиллигини тан олиш», — деди сиёсатчи.

Жанубий Осетиядаги қуролли низо 12 йил аввал содир бўлганди. 2008 йил 8 августда Грузия ҳудудга қўшинларини олиб кирган. Ўшанда Россия президенти бўлган Медведев жавоб сифатида «тинчликка мажбурлаш» операцияси ўтказилишини эълон қилган.

Беш кун давом этган қарама-қаршиликдан сўнг Грузия ҳарбийлари ҳудуддан сиқиб чиқарилган, Россия ҳарбийлари Грузияга кириб борган ва Тбилиси яқинида тўхтаган.

12 август куни  Медведев операция якунланганини эълон қилган. Август охирида эса Россия Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олган.

Расмий статистикага кўра, тўқнашувлар давомида Грузиядан 170 ҳарбий ҳалок бўлган, 2 мингга яқини жароҳатланган. Россия томонидан 64 аскар ҳалок бўлган ва 291 нафари яраланган.

loading...