Фарғона вилоятида маст ҳолдаги 17 ёшли бола автомашина олиб қочиб, ЙТҲга учради

0

Фарғона вилояти Бешариқ туманида вояга етмаган бола маст ҳолатда танишининг Lacetti русумли автомобилини олиб қочиб, ЙТҲга учради, деб хабар бермоқда Тергов департаменти.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 03 август кунидан 04 август кунига ўтар кечаси 23 ёшли А.О. вояга етмаган танишлари 17 ёшли А.Т., 17 ёшли Д.Х. ва 15 ёшли Б.С. билан биргаликда Бешариқ туманида жойлашган яшаш хонадонида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Кейинроқ Д.Х. ва Б.С. кўчага чиқиб кетган, А.Т. эса хонадон эгаси А.О.ни ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, Lacetti русумли автомашинасини қўриқлов пульти орқали очиб, автомашинани бошқариб, яқин атрофда бўлган Б.С. ва Д.Х.ни автомашинага чиқариб, қонунга хилоф равишда олиб қочиб кетган.

Сўнг, А.Т. спиртли ичимлик таъсирида ушбу автомашинада Бешариқ тумани, Яккатут қишлоғи ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтида бошқарувни йўқотиб, йўлнинг чап томонида бўлган дарахтга урилиб тўхтаган.

Натижада А.Т. Б.С. ва Д.Х. енгил тан жароҳатлар олиб, ҳодиса жойидан қочиб кетган

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида Lacetti русумли автотранспорт воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бешариқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. А.Т. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

loading...