«Булбули йўқ баҳордан қумри тўла куз яхши…»

0

(Хуршид ДАВРОНга)

Эй дўстларим, дунёда

Ортда қолган из яхши,

Булбули йўқ баҳордан

Қумри тўла куз яхши.

 

Миннат тўла ҳалводан

Айвондаги муз яхши,

Ўпич кўрган паридан

Сепкил тошган юз яхши.

 

Ичмасанг ҳам қимиз зўр,

Қучмасанг ҳам қиз яхши.

Эй дўстларим, дунёда

Ортда қолган ёд яхши.

 

Тўқлигингда йўқлаган

Қариндошдан ёт яхши,

Ўнта номард дўстингдан

Битта чўлоқ от яхши.

 

Олисдаги олтиндан

Қучоқдаги гард яхши,

Вафоси йўқ хотиндан

Давоси йўқ дард яхши.

 

Ғаламис берган ғазнадан

Бурда арпа нон яхши,

Қирқта чала мулладан

Битта мусулмон яхши.

 

Муҳаммад Юсуф

loading...