МИБ расмий муносабати: Қарздорлик тўланмаса, қарздорнинг мол-мулклари аукционда сотилади!

0

Жорий йилнинг 05 август куни “YouTube” ижтимоий тармоғидаги “1.500.000.000 нега ухлатилмокда? Пискент тумани: Тадбиркорга кун борми?” номли видео хабар жойлаштирилган эди.

Мазкур хабар бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ўрганиш ўтказилиб, қуйидагилар аниқланди.

Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 07.01.2020 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор “Nature cotton” МЧЖ ХКдан ундирувчи “Пискент кимё плюс” МЧЖ фойдасига жами 1.508.017.840 сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича дастлаб Бюронинг Сергели, кейинчалик Пискент туман бўлимлари томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилган.

Ижро ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида ундирувчи “Пискент кимё плюс” МЧЖ директори А.У.Ёрматов 06.03.2020 йилда МИБ Пискент туман бўлими бошлиғи номига ариза билан мурожааат қилиб, ижро ҳужжатини Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 40-моддаси 1-қисмига асосан ижросиз қайтаришни сўраган.

Шу боис, ижро ҳужжати 10.03.2020 йилда тамомланиб, ундирувчига қайтарилган.

“Пискент кимё плюс” МЧЖ директори А.У.Ёрматов томонидан 13.05.2020 йилда ижро ҳужжати қайта Бюронинг Пискент туман бўлимига топширилган.

Ижро ҳаракати жараёнида қарздор “Nature Cotton” МЧЖ ХКга тегишли авторанспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда бошқа кўчмас мулклари аниқланиб, уларга тақиқ солинган ва “Nature cotton” МЧЖ ХКнинг Тошкент шаҳар ТИФ “Миллий Банк” Сергели филиалидаги ҳисоб рақамларига банд солинган.

Айни вақтда 36 турдаги умумий нархи 1.053.804.667 сўмлик қишлоқ хўжалиги техникалари кўздан кечирилиб, “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида сотиш учун чиқарилди.

Келгусида қишлоқ хўжалик техникалари сотувдан тушган пул маблағлари қарздор “Nature Cotton” МЧЖ ХКнинг қарздорликларини қоплашга етарли бўлмаган тақдирда, кейинги навбатдаги мол-мулкларга қаратилади.

Ҳурматли юртдошлар, қарздорликни вақтида тўламас экансиз, омма олдига ўзингизни жабрдийда қилиб кўрсатишдан бироз уялинг. Ва шуни ҳам унутмангки, қонунга бўйсунмаслик ва ўзгалар меҳнатини йўққа чиқариш орқали ҳеч нарса эришиб бўлмайди.

Бош прокуратура ҳузуридаги

Мажбурий ижро бюроси

loading...