Қабул-2020: 8660 чет тили сертификатининг 581 таси талабга жавоб бермади

0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани киритилган барча бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари Б2 ва ундан юқори бўлган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.

Бундан ташқари, 2019 йилгача Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатнинг амал қилиш муддати сақлаб қолиниши ҳам қарорда кўзда тутилган.

Бу дегани 2019 йилга қадар Давлат тест маркази томонидан берилган Б1 даражадаги миллий сертификат (амал қилиш муддати тугамаган бўлса) ҳам абитуриентга кириш имтиҳонида имтиёз бериши мумкин.

Бунда истисноли ҳолатлар ҳам мавжуд, яъни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети 2019 йилдан олдинги Б1 сертификатларини (амал қилиш муддати тугамаган бўлса ҳам), Тошкент давлат юридик университети эса ёзиш (writing) кўникмаси 5.5 баллдан паст IELTS сертификатларини қабул қилмайди.

Давлат тест маркази томонидан ушбу сертификатларнинг ҳақиқийлиги текширилади ва тасдиқланади.

Чет тилини билиш даражасини кўрсатувчи халқаро сертификатларнинг ҳақиқий ёки сохта эканини текширишнинг бир нечта усуллари мавжуд. Халқаро сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш чет тилини билиш даражасини кўрсатувчи сертификатларни тақдим этувчи давлатларнинг қонунчилиги ва уни берувчи ташкилот сиёсатига қараб турлича амалга оширилади.

Миллий сертификат (Давлат тест маркази), HSK (хитой тили) каби тест тизимларининг расмий веб-сайтида сертификатни текшириш имконияти мавжуд.

Айрим тест тизимлари IELTS – Британия Кенгаши, FCE – Cambridge assesment ташкилоти, TOEFL IBT – Educational Testing Service ташкилоти, TestDAF – TestDAF институти, Goethe Zertifikat – Гёте институти билан Давлат тест маркази ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Мазкур ҳамкорлик доирасида сертификатларни текшириш бўйича томонларнинг келишуви мавжуд.

Бевосита жараёнга тўхталадиган бўлсак, чет тилларидан сертификатга эга абитуриентлар рўйхатдан ўтишда сертификат қайси чет тилидан берилганлиги, сертификат тури, тилни билиш даражаси, ҳужжат церийаси ва рақами, сертификат берилган сана ва сертификат расмини тизимга киритади. Мазкур маълумотларнинг барчаси сертификатларни текширишда жуда муҳим.

Абитуриентларни рўйхатга олиш давомида Давлат тест маркази томонидан сертификатларнинг ҳақиқийлиги текшириб борилди ва уларга 3 хил – сертификат дастурга киритилганда – «Текширилмоқда», сертификатнинг ҳақиқийлиги ва имтиёз бериш учун талабга жавоб бериши аниқланганда – «Тасдиқланди», сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаса ёки имтиёз бериш учун талабга жавоб бермаса – «Тасдиқланмади», деган жавоб берилди. Бунда сертификат тасдиқланмагани сабаби ҳам келтирилади.

Умуман олганда, 20 июндан 20 июлга қадар рўйхатдан ўтиш давомида абитуриентлар томонидан 8660 ҳужжат чет тили сертификати сифатида дастурга киритилди.

Буларнинг барчаси Давлат тест маркази томонидан текширилди ва 8079 сертификат ўз тасдиғини топди. 581 сертификатнинг эса талабга жавоб бермаслиги аниқланди.

Бунда, 200 сертификатда тилни билиш даражаси Б2 дан паст эканлиги, 117 сертификат миллий ёки халқаро имтиҳон тизимларидан олинмаганлиги (ўқув марказлари томонидан берилган ёки халқаро бўлмаган сертификатлар), 69 сертификатда амал қилиш муддати тугаганлиги, 7 ҳолатда сертификатларнинг ҳақиқий эмаслиги, 9 тасида сертификат бошқа шахсга тегишли эканлиги ва бошқа ҳолатлар аниқланди.

Жорий йилда олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида чет тилидан имтиёзи мавжуд абитуриентлар битта фандан тест топширади ва уларга тест ечиш учун бир соат вақт ажратилади.

Тест синовларида тест топшириш вақти фарқ қиладиган абитуриентлар алоҳида гуруҳланади ва улар бир-бирига халақит бермайди.

UzA.uz

loading...