Масъулиятли ота иқрори: 3 нафар фарзандимнинг эртасига бефарқ бўлолмадим!

0

Аввал хабар қилганимиздек, Денов туманида алимент тўловчи ота ўз фарзандининг 18 ёшгача бўлган, яъни 84 млн. 864 минг сўм алимент пулларини олдиндан тўлаб берганлиги учун Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими томонидан ижро харакатлари тўхтатилган эди.

Худди шунингдек, яна бир деновлик алимент тўловчи ота уч нафар фарзандларининг 18 ёшгача бўлган алимент пулларини олдиндан тўлаб берди.

Мажбурий ижро бюросининг Денов туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 12.02.2019 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор Ғ.Қурбоновдан вояга етмаган уч нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун барча ишлаб топган даромадларининг ½ қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган ва ижро харкатларига киришилган.

Қарздор Ғ.Қурбонов Мажбурий ижро бюросининг Денов туман бўлимига алимент пулларини олдиндан ҳисоблаб беришни сўраб, мурожаат қилган. Шундан сўнг, давлат ижрочиси томонидан олдиндан ҳисоблаб берилган 140 миллион сўм алимент пуллари собиқ турмуш ўртоғига тегишли хужжатлар нотариус хизматлари орқали расмийлаштирилиб, тилхат асосида топширилган.

Шундан сўнг Бюронинг туман бўлими томонидан юритилган мазкур ижро ҳужжати муддатидан олдин Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддаларига асосан тугатилди.

Ҳа, орамизда ана шундай масъулиятли оталарнинг борлиги бизни қувонтиради. Чунки улар сабаб фарзандлар эртаси ёруғ бўлади, оила эса моддий қийинчиликка дуч келмайди.

loading...