Аёлин қизғанмай қўйди-я эркак!..

0

Ғаюр мардлар бугун мозийдан дарак,

Рашк отлиғ фазилат гўё бир эртак,

Ор-номус бегона қўлларда эрмак,

Аёлин қизғанмай қўйди-я эркак!

 

Эр қолар уйида боласин қараб

Аёл тижоратчи, кезар Турк, Араб,

Бундайин балога бирдан-бир сабаб,

Аёлин қизғанмай қўйди-я эркак!

 

Кийимлар баданга ёпишар таранг,

Кийимин кийим деб атайсиз аранг,

Буни маданият аташар, қаранг,

Аёлин қизғанмай қўйди-я эркак!

 

Уйидан чиқарда хўб пардозланар,

Номаҳрам олдида кулиб нозланар,

Ҳайвон ҳам жуфтини ахир қизғанар,

Аёлин қизғанмай қўйди-я эркак!

 

Бу элдан чиққанми тунги капалак,

Бундайин иснодни кўрганми фалак,

Бундан кўра урма, тўхта, эй юрак,

Аёлин қизғанмай қўйди-я эркак!

 

Юрар бўлди камина эл ичра маъюс,

Ерга қадаганча кўтаролмай кўз,

Эй воҳ, уруғлади заминда даъюс,

Аёлин қизғанмай қўйди-я эркак!

Акбарали Ҳожиболаев

(«Facebook»даги саҳифасидан)

loading...