СУСАННА… (68-қисм. Охири)

0

Сўнгги шишадан сўнг яна бир дона сигарет тутатишим алам ўтига ёғ сепди. Миямни ғувиллатиб, танам бўйлаб ғиз-ғиз айланаётган дард мени олдинга ундади. Ҳозироқ масалани кўндаланг қўйишга, бир кун келиб албатта жажжи қизалоғимни бағримга босишга аҳд қилдим-у, уй томон жўнадим.

Хонада сукунат ҳукмрон эди. Қобилжон эртанги дарсларини тайёрлаш билан банд, Сусанна эса каравотда ўтирган кўйи нимадир тўқишга тушиб кетганди.

Мен салом-аликни-да унутиб, каравотнинг бир четига ўтирдим ва сигарет тутатдим.

Уй ичи кўз очиб юмгунча тутунга тўлди. Сусанна бу ҳолатни бош кўтариб қисқа муддат кузатган бўлди-ю, индамай машғулотини давом эттирди.

Сезиб турардим. Авзойим бузуқлигини кўрди. Шунинг учун миқ этмаяпти. Балки нима демоқчилигимни ҳам пайқаб улгургандир. Шу хусусда сўзлашишни хоҳламай атайин тилини тишлаб ўтиргандир. Йўқ, у ўйлаганчалик лақма ва овсар эмасман. Бу масала ҳозироқ бир ёқли қилиниши шарт. Одатим шундай. Бир ишни бошласам, охирига етказмагунча осойиш топа олмайман.

— Хўш, мен қачон қизли-ю, Қобилжон сингилли бўлади? — савол ташладим ҳе йўқ, бе йўқ.

Саволимни кутган эканми, Қобилжон мен томон ялт этиб қаради-ю, кулиб қўйди.

Ҳа, фарзандим ҳам худди шу ҳақда ўйлаб турган кўринади. Йўқса бўлар-бўлмасга кулавермайди у. Эҳ, жажжигина болам! Кошкийди бизларнинг шу армонимиз ҳақиқатга айланса!.. Йўқ, айланади, мен айтдим бу гапни сенга!..

— Нега индамайсан? — қайтадан Сусаннага юзландим қовоқ уйиб. — Ё саволимга тушунмадингми?

Сусанна аста қўлидагиларни бир четга қўйди-да, оғир хўрсинди.

— Бугун ҳам меъёридан ошибди шекилли ичкилик, — деди у босиқлик билан. — Топдимми?

— Меъёрминан сенинг ишинг бўлмасин! — дедим ғашим келиб. — Сен саволга жавоб бер!

— Қайси саволга? — елка қисиб менга тикилди Сусанна. — Тушунмадим.

— Қачон мен қизли, Қобилжон сингилли бўлади? Яна такрорлайми саволни?

— Шартмас, эшитдим, тушундим, — икки кафти билан бошини чангаллади Сусанна. — Қанақа тушунмайдиган одамсиз ўзи? Сизга олдинги гал яхшилаб уқтирдим, вазиятни тушунтирдим. Тағин бошладингизми? Қачонгача кайфингиз ошса менга таъна тошини отаверасиз?

— Нимани тушунтирдинг? Қанақа вазият? Бу масалага вазиятнинг нима даҳли бор?

— Инсон, тушунсангиз-чи, менинг юрагим хаста, заиф, кучсиз, оғрийди, оғрийверади. Қолаверса, қоним кам. Буни яхши биласиз. Кофе ичмадим дегунча қулоқларим битиб қолиши, бошим ёрилай деб оғришига кўп марта гувоҳ бўлгансиз. Шуларни билиб-кўриб туриб яна эски ашулангизни айтаяпсиз.

— Қобилжон-чи? У дардини ичга ютганча юраверадими? Бировларнинг синглисига қараганда, ич-этини еб яшайдими?

— У ҳали ёш бола, — деди Сусанна тоқати тоқ бўлганини сир тутолмай. — Боланинг ҳар бир талабини бажараверсангиз, нима бўлади? Биласизми?

— Э, менга ақл ўргатма! — қўл силтадим жаҳл билан. — Мен бир нарсани илтимос қилдимми, тамом, насиҳатгўйликка ўтиб оласан. Вей, менам жа сен ўйлаганчалик анқов эмасман! Уялсанг бўларди. Ундан кўра, мен айтган масалани ҳал қилишни ўйла!

Сусанна сўнгги дағдағамни эшитгани ҳамоно даст ўрнидан туриб кетди.

Тепамга келди-да, бор овозда бақирди.

— Ичкиликни кўтарсангиз ичинг! Сиз ичкилик ичмаяпсиз, менинг қонимни ичаяпсиз! Тўйиб кетдим-ку таъналарингиздан!

— Унда ўғлим иккимизнинг талабимизни бажар! — дедим тап тортмай. — Мени биласан, айтганимни қилдирмагунча қўйма йман!

— Қилмасам-чи айтганингизни! — Сусанна асабий лаб тишлаб кўзларимга аламли боқди. — Нима қиласиз? Ҳайдайсизми?

— Ҳа, қиз туғиб бермас экансан, ҳайдашданам тоймайман!

— Шунақами? — Сусанна очиқ айтган сўзларимни эшитиб, бир муддат иккиланди. Хонани айланиб, нималарнидир ўзича хомчўт қилган бўлди. Ора-сирада «Ҳали шунақами? Шунақа денг?» дея шивирлаб ҳам олди. Кейин эса…

Илкис шкафни очиб керакли буюмларини халтачалардан бирига жойлади.

— Юр, — деди Қобилжоннинг қўлидан тутиб ташқарига етакларкан. — Биз бу уйда бегона эканмиз. Майли, кўчаларда ўлиб кетсак, пешонамиздан кўрамиз!..

Ўғлимни ёнига олиши баттар ғазабимни қўзғади. Шартта ўрнидан турдим-да, нима қилишни билмай каловланиб турган Қобилжонимга ёпишдим.

— Бу бола отасиминан яшайди, — дедим уни қайтадан ўрнига ўтқазиб. — Кетгинг келдими, ўзинг кетавер! Боланинг миясини заҳарлама!

— Хўп, яхши… Демак, боладаям ҳақим йўқ-а? Бўпти, бўпти!.. Айтиб қўяй, қайтиб қорамни кўрмайсиз! Сиз мени қаттиқ ранжитдингиз! Бекор шундай қилдингиз! Худоям кечирмайди бу ишингизни!

— Худони ўртага қўшма! — бақирдим унга. — Бошимни қотирмагин-да, йўлингдан қолма!..

Сусанна ташқарига чиқиб, эшикни тарақлатиб ёпди. Шу заҳоти хона ичкарисини жимлик қоплади.

* * *

Бир соатча каравотнинг бир четида ўтириб, баъзида Қобилжоннинг мунгли нигоҳларини ер остидан кузатиб вақт ўтказдим.

У бир соатдаёқ мунғайиб қолганини кўрдим. Менга айтолмасди-ю, лекин ичидагини кўзларидан уқиб олиш мушкул эмасди.

Болажоним деразадан ташқарига қарар, хўрсиниб-хўрсиниб оларди.

«Униям онасига қўшиб юборсам бўларкан, — кўнглимдан ўтказдим мен. — Ичикиб қолса нима қиламан? Ҳалитдан онасининг йўлига кўз тутаяпти. Айтмоқчи бўлганини тилига кўчиролмаяпти…»

— Болажоним, сенга нима бўлди? — секин ўрнимдан турдим-да, Қобилжонни бағримга босдим. — Бирор еринг оғрияптими, болажоним? Ё биров хафа қилдими?

Қобилжон бошини кўтариб кўзларимга боқди. Ёлғизгинамнинг мунчоқдек кўзларидан ёш сизилиб чиқа бошлаганди.

— Ойимни қайтарайлик, дадажон! — деди Қобилжон йиғи аралаш. — Уни яхши кўраман! Жудаям яхши кўраман! Ойимсиз ўлиб қоламан!.. Ойимни ўзингизам яхши кўрасиз-ку!..

— Ҳ-ҳа, яхши кўраман, — дедим ўзим ҳам йиғламоқдан бери бўлиб. — Локигин… Ойинг ўжарлик қилди-да! Ўзинг кўрдинг-ку ҳаммасини!

— Менга сингил керакмас! — дея қўлимдан чиқишга уринди Қобилжон зарда аралаш силтаниб. — Қўйворинг мени, қўйворинг! Ойимни топиб беринг!..

Шундан кейингина нималар қилиб қўйганимни англагандек бўлдим.

Ахир… Мурғак гўдакнинг кўнглини синдираёзибман-ку!.. Нима қилиб қўйдим ўзи? Кўчага чиқсам, қишлоғимга борсам, кўрган борки мени зиёли, ўқимишли, тушунган банда деб ўйлайди. Мен бўлсам, биргина мурғагимнинг кўнглига озор бериб қўйишим мумкинлигига ақлим етмай аҳмоқона иш тутибман! Нега ичкиликка қул бўлдим? Нега бир неча лаҳзалик ширин лаззат қаршисида бўйин эгдим? Сусаннасиз яшай билмаслигимни, фарзандимнинг кўз ёшларига тоқат қила олмаслигимни билардим-ку! Буларсиз кечадиган ҳар бир оним заққумга айланишига ақлим етарди-ку! Нима учун шуни ўйламадим? Сусанна юрак, бош оғриғидан азобланганда юрагим тўкилай дейди, қандай бўлмасин унинг дардига малҳам бўлишни хоҳлаб яшайман-ку!

— Юр, — дея боламни ташқарига етакладим беихтиёр. — Ойингни топайлик! Тезроқ бора қолайлик! Тағин узоқ-узоқларга кетиб қолмасин!

— Ростданми? — Қобилжон азбаройи севиниб кетганидан мени маҳкам қучоқлаб олди. — Ростдан топиб келамизми ойимни?

— Албатта топиб келамиз, асалим, — дедим юрагим баттар ғаш тортиб. — Топмасак, усиз қандай яшаймиз? Тўғрими?

— Ҳа-а, — деди болаларча салмоқ билан у. — Ойим жудаям яхши, меҳрибон. Дадажон, энди сингилдан гап очмай қўя қолинг! Тағин хафа бўлади ойим!

— Хўп, ҳеч қачон гап очмайман! Юр тезроқ, шошилайлик!

Биз етаклашганча пастга тушдик. Аллақачон қоронғи тушган, ташқарида зоғ учмасди.

Мен Қобилжоннинг қўлидан маҳкам ушлаб катта йўл томон юрдим. Кичик дўкончадан ўта бошлаганимизда…

Не кўз билан кўрайки, Сусанна бизга терс ўгирилган кўйи жим турарди. Йиғлаётганми, елкалари силкиниб-силкиниб қўярди.

Уни кўриб сал бўлмаса қувонганимдан додлаб юбораёздим. Ўзимни аранг қўлга олиб унга яқин бордим-да, маҳкам қучдим.

Сусанна бир силтаниб, ўзини нари олди. Аммо мен чекинмоқчи эмасдим. Чунки Сусаннамнинг феълини яхши биламан. Қаттиқ ранжиса-да, кечира олади. Қолаверса, менинг мушкулимни енгиллаштириб, Қобилжон ҳам онасига ёпишди-да, унсиз йиғлай бошлади.

— Кечир мен аҳмоқни! — шивирладим Сусаннанинг қулоғига. — Мен шунақа… Жирканч, бадбахт одамман! Акс ҳолда сени, сендай фариштамни ранжитмаган бўлардим! Кечир мени, кечир! Ишон, энди ҳеч қачон қиз хусусида сўз очмайман. Қалбингга озор етказмайман! Уйимизга қайтсанг, яна бағримизни тўлдирсанг бас!..

— Э, бу гапларни кўп эшитганман сиздан, — деди қайсарларча силтаниб Сусанна. — Ичкилик оғзингизга тегса, тамом, тасмани бошқатдан айлантира бошлайсиз.

— Йўқ, — дедим қатъий оҳангда. — Ичкиликка қул бўлган, унинг измига кирган номард! Бундан буён шайтоний хаёлларни, ичкиликнинг бўлмағур ўйларини ҳайдаб соламан. Сенга, боламга меҳр кўрсатиб яшайман!

Хайрият, Сусаннам пича юмшади. У Қобилжонни қучоқлади-да, оҳиста елкамга бош қўйди.

— Ҳеч қачон мени ранжитманг, — тайинлади Сусанна йиғламсираб. — Менга ватанимдан олисдалигим, яқинларимнинг дийдорига зорлигим ҳам етиб ортади. Сизни, фарзандимни азбаройи севганимдан тилимни тияман. Сизни безовта қилмай, ортиқча ташвишларни елкангизга ортиб, зўриқтирмай дейман!..

Шундай деди-ю, Сусанна қўлтиғимдан олиб уйимиз томон юрди.

Мен… Шу лаҳзаларда дунёни гўё қайтадан, янгитдан кўра бошлагандим.

Самони тўлдирган юлдузлар, тўлин ой, паға-паға оқиш булутлар бир-биридан гўзал, мен жуда-жуда бахтиёр эдим.

ХОТИМА ЎРНИДА

Ҳаёт давом этавераркан. Биз ҳам ҳануз аламларимизни аллалаб, қувончларимизни қўлтиқлаганча яшамоқдамиз. Гарчи бадавлат бўлмасак-да, аммо бахтимиз ҳеч бир ўлчовга сиғмаслигини биламиз.

Азбаройи севинсак ёхуд қалбимизни маҳзунлик чулғаб олса, дарров Сусанна иккимиз яқин ўтмишга қайтамиз. Энг оғир лаҳзаларни ёдга оламиз. Шунда вужудимизда шукроналик туйғуси чарх ура бошлайди. Фарзандимизга шу тўғрида сўзлаймиз. Унга ҳам келажакда бизлардек яшашни тайинлаймиз.

Мана шунақа гаплар! Ишқилиб, бахтимизга, армонларимизга, андуҳлар-у, ташвишларимизга кўз тегмасин!

Омон бўлинг, азизим!

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...