Дизайнер Akfa ва Artel ҳақидаги ҳажвий видео учун узр сўради

0

Дизайнер Шавкат Эгамбердиев Akfa, Artel ва Тошкент ҳокими ҳақидаги ҳажвий видеоси учун узр сўради. У ушбу видеони кенг оммага тарқалиб кетганлиги учун Troll.uz ни «подстава» қилганликда айблади. Troll.uz муаллифи дизайнерга нисбатан таҳдид қилинганини таъкидламоқда. Artel компанияси вакили эса «Troll.uz нинг фикрлари ҳар доим ҳам тўғри ва адолатли бўлавермаслигини» айтган.

Визуал эффектлар бўйича рассом Шавкат Эгамбердиев Akfa (компаниялар гуруҳи, асосий йўналишларидан бири алюмин профил ишлаб чиқариш) ва Artel (маиший техника ишлаб чиқарувчи йирик компания) компаниялари, шунингдек, Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳақидаги ҳажвий видеони тармоққа жойлади. Бироқ у кейинроқ видеони ўчириб, ўз иши учун кечирим сўради, шунингдек, Troll.uz саҳифасини уни қийин аҳволга солиб қўйганликда айблади.

Видеода «6 секунд» деб ёзилган таксини ва автомашина орқа ойнасида пушти рангдаги калта пайпоқни кўриш мумкин. Ундан кейин видео муаллифи Шавкат Эгамбердиевнинг ўзи, елкасида кондиционер кўтарган ҳолда кўриниш беради ва чўнтагидан бир нечта доллар валюталарини чиқариб, ҳавога сочиб юборади. Сочилган пуллар CARTEL ва БРAKFA ёзувлари акс этган иккита бино томон учади. Шунингдек, CARTEL биносинининг пастида «любая монополия хороша» ва «духа нет» каби жумлалар ёзилган. Банкноталар шамол парраклари томон учади, бошқа томондан эса маиший техника воситалари чиқади. БРAKFA деб ёзилган бинонинг том қисмида костюм кийган бир эркак (тахминларга кўра, ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев) Гангнам Style услубида рақсга тушмоқда. Бутун видеолавҳа «Афсона» фильмининг (асосий ролда Том Харди) қаҳрамони томонидан айтилган иқтибос билан давом этади.

Видеолавҳа 31 август куни Troll.uz саҳифасига жойланган ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқала бошлаган. Эртасига Шавкат Эгамбердиев ва Troll.uz саҳифаларидаги видео ўчириб ташланган, видеолавҳа муаллифи эса узр сўраган ҳолда видеомурожаат йўллаган. Унинг айтишича, у видеога қолдирилган барча изоҳларни ўқиб чиққан ва қаттиқ тушкунликка тушган.

«Бу видео, бу қилган ишим нотўғрилигини тушундим. Чуқур афсусдаман. Виждоним қийналди», — деган у.

Эгамбердиевнинг айтишича, у графист сифатида фаолият олиб боради ва ҳар хил видеоклиплар ва реклама роликларини яратиш билан шуғулланади. Бироқ коронавирус пандемияси ва карантин чоралари сабабли буюртмалар сони кескин камайган.

«Тирикчилик қилиш керак. Шунга Instagram даги обуначиларни кўпайтираман деб, ‘дешевий хайп’ қиламан деб Akfa ва Artel, ва шу жумладан Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қилинган видеоролигим жудаям катта хато бўлди. Бундан, албатта, афсусдаман. Бир кун ичида 2000 та ‘подписчик’ қўшилди. Бу ҳалол ‘подписчик’ ҳисобланмайди», — деган визуал эффектлар бўйича рассом.

Шавкат Эгамбердиев таъкидлашича, Troll.uz блогининг муаллифи видеолавҳани кенг оммага тарқатиб юбориб, уни қийин аҳволга солиб қўйган.

«Бу вазиятдан Troll.uz фойдаланди. У мени ‘подстава’ қилди десам ҳам бўлади. Чунки жудаям кўп одамларга тарқалиб кетди. Бу кичкина, ўзимиз учун яратилган видеоролик, қанақадир катта масштабга айланиб кетди. Шунинг учун, Troll.uz’ дан норозиман. Умумий айтганда, қилган ишимдан афсусдаман. Бу ватанпарварликка кирмайди. Узр сўрайман. Афсус!», — деган Эгамбердиев.

Видеода Шавкат Эгамбердиев бир неча бор кўзларини пастга туширганини кўриш мумкин — афтидан матнни ўқиш учун.

Узр сўралган мурожаат, шунингдек, Artel ва Akfa Windows&Doors компанияларининг Facebook’даги расмий саҳифаларида ҳам жойлаштирилган.

Troll.uz’ нинг муносабати ва таҳдидлар эҳтимоли

Troll.uz блогининг муаллифи Умид Гафуров ушбу вазиятни изоҳлади ва Шавкат Эгамбердиевдан ҳафа эмаслигини айтди.

«У кишининг ҳолатларини тўлиқ тушунаман ва сиздан у кишига нисбатан ғазабланмаслигингизни сўрайман. Чунки, видео чиққанидан кейин эртаси куни Шавкат менга Artel компанияси вакилларидан таҳдид келаётганини айтди. Рамзиддин деган одам қўнғироқ қилиб таҳдид билдирган ва ўзини Artel бош директори деб таништирган (телефон рақами * 107000 билан тугайди). Видео муаллифидан видеода узр сўраш талаб қилинган. Мен Шавкатдан бундай қилмасликни сўрадим, чунки у ҳеч нарсада айбдор эмас эди», — деб ёзди блогер.

Унинг айтишича, компаниянинг вакили Тошкентдан Наманганга «Шавкат билан суҳбатлашиш учун» кетган.

«Учрашув бугун соат 7 да бўлиб ўтиши керак эди. Шавкат билан телефонда гаплашдим, кечикяпти, деди. Ёнингизда одам борми, деб сўрадим. Бор, деди. Соат 8 ларда учрашишди, шекилли. Шундан сўнг, Шавкат қўнғироқларга ва Telegram’ даги хабарларга жавоб бермади. Кейин у менга ‘Мен сизни ҳурмат қиламан, лекин мажбур бўлдим’ деб ёзди», — деб ёзди Умид Гафуров.

Шунингдек, блогернинг постида Troll.uz ва Шавкат Эгамбердиевни «кир қидиришда» айблаган Шуҳрат Мусаев деган блогер, Artel, Akfa компаниялари ва ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳимоя қилган  Artel ишчилари фаол тарзда изоҳлар қолдирган.

«Менимча, Шавкатдан менинг барча сўзларимни рад этишни ва барча ёзишмаларни тозалашни сўрашади. Мендан ҳам ушбу хабарни олиб ташлашимни ‘жуда қаттиқ’ сўрашса керак. Балки шунга мажбур ҳам қилишар. Ҳозир ҳеч нарсага кафолат бериб бўлмайди. Аммо, барчангиз биласизки, интернетда нашр этилган барча нарсалар у ерда абадий қолади», — таъкидлаган у.

Умид Гафуровнинг айтишича, Шавкат Эгамбердиев ундан бу ҳолат юзасидан ҳеч нарса юкламаслигини илтимос қилган.

«Шунинг учун барча эътирозларингизни фақат ўзимга билдиринг. Шавкат Эгамбердиев жуда истеъдодли монтаж устаси. Бундай инсонларни қўллаб-қувватлаш керак. Айтганча, буларнинг барчаси 1 сентябрда содир бўлди. Барчангизга байрамингиз муборак бўлсин!» — деб ёзди Troll.uz муаллифи.

Kurbanoff.net блоги муаллифи вазиятни Стрейзанд эффектига — «бирор бир информациянинг оммага тарқалиб кетишини тўхтатишга ҳаракат қилиб, унинг янада кенг тарқалишига сабабчи бўлиши» (асосан интернет орқали) каби ижтимоий феноменга ўхшатди.

Artel изоҳи

Artel брендини ривожлантириш ишлари бўйича раҳбар Рамзиддин Қўчқоров Gazeta.uz сўровига жавобан дизайнерга таҳдидлар қилинганлиги ва ундан видеони Instagram’ дан ўчиришни талаб қилинганлиги ҳақидаги версия, бу шунчаки Troll.uz’ нинг тахминлари эканлигини айтди.

«Troll.uz’ нинг фикрлари ҳар доим ҳам тўғри ва адолатли бўлавермайди», — деди у, Шавкат Эгамбердиевнинг ўзидан унга қарши таҳдидлар бўлган ёки бўлмаганлигини аниқлаштиришни маслаҳат берган ҳолда.

«Gazeta.uz» Шавкат Эгамбердиев билан боғлана олмаганини ёзган.

Манба: daryo.uz

loading...