Анвар Собиров Фатҳулла Масъудов билан бўлган жойнамоз воқеасини айтиб берди (видео)

0

Хонанда ва актёр Анвар Собиров  «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга Фатҳулла Масъудов билан гастрол сафарига борганда содир бўлган жойнамоз воқеаси ҳақида сўзлаб берди.


«Биз оиламиз билан устозни жуда яхши кўрардик. Оғабек акам, раҳматли онам жуда яхши кўрардилар, ўғлим, дер эдилар. Яхши кунларимизда доимо Фатҳулла акам хизмат қилганлар. Мен ва Оғабек акамнинг кўпгина концертларида Фатҳулла акам бошловчилик қилганлар. Бироз ранг-баранглик учун алмашган бўлиши мумкин, лекин ўшанда ҳам Фатҳулла акамнинг маслаҳатларини олардик. Йигит киши бир одамни ўзига идеал деб биладиган бўлса, мен санъатда Фатҳулла акамни идеал билардим. Фатҳулла акам ҳаётда тутган ўрни, инсонийлик, мусулмонлик жиҳатидан ҳақиқий ибрат эди. Ибрат бўлишга арзир эди. Ўғлим Фатҳулла акадек бўлса, меҳнатсевар, инсонларга ибратли, тартибли, тарбияли инсон бўлса розиман.

Бу жойнамоз мен учун жудаям улуғ бир эсдалик бўлиб қолди. Кеча ўша шум хабарни эшитган куним кўзимга босиб йиғладим. Сабаби охирги марта Фатҳулла акам билан Қашқадарёда хизмат сафарида бирга бўлиб қолганимизда меҳмонхонада иккимизнинг жойнамозларимиз ўхшаш экан. Меҳмонхонада 3-4 кун туриб қайтганимиздан кейин жойнамозлар алмашиб қолган экан, мен сезмаган ҳам эдим. Орадан қанчадир вақт ўтди, ҳар кўрганида Анвар, жойнамозингга розимисан, дердилар. Фатҳулла ака, жойнамоз алмашди холос-ку, десам, барибир рози бўлиб қўявер, сеникини адашиб олиб кетибман, дейдилар, қаранг, одамийликни. Ҳозир орамизда шунақа розичилик сўрайдиганлар борми? Бировнинг ҳаққини шундай кўзингни олдида еб индамай кетишади-ку. Дунёдан қанақа инсон ўтганини сезяпсизларми? Кимни йўқотганимизни сезяпсизларми? Мен яқин туғишган акамни йўқотдим. Мен доим маслаҳат олиб турадиган қадрли инсонимни йўқотдим.

2015 йили Миллий театрга раҳбар бўлди, деб эшитиб телефон қилсам, камтарликни қаранг: Анвар, ҳали табриклашга шошилма, мен бажарувчи сифатида қўйилдим, ҳали тасдиқланмади, дейдилар. Бошқа бировлар раҳбар бўлмасдан туриб шовқин қиларди-ю. Тарбияни қаранг!

Бу нарсалар шунчаки гапдек туюлиши мумкин, аммо булар ҳаммамизга ибрат бўлиши керак!

Анвар Собиров,

хонанда ва актёр«

Маълумот учун, Фатҳулла Масъудов 1963 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 2015 йилдан буён Ўзбек Миллий академик драма театри директори лавозимида ишлаб келаётганди. 1999 йили «Шуҳрат» медалига сазовор бўлган, 2003 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвони билан мукофотланган. 2014 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

loading...