«Роса онамни кўрдим!..»

0

Уйга келсам, отам чорпоя устида чой ичиб ўтирибди. Аниқ биламан, кўк чой. Қорасини ичолмайди. Қон босими кўтарилиб кетади.

— Ассалому алайкум, — дедим отам узум сўрисига илинган тўрқовоқдан кўзини узиб менга қараши билан.

— Ва алайкум. Бормисан? Тўрт кундан бери қорангни кўрсатмайсан.

— Ота, энди шу… ишлар кўпайиб қолди-да. Ўзингиз ишга ўргатиб қўйгансиз…

— Ҳа, дарров мени балогардон қил. Ишга ўргатган бўлсам, отангдан хабар олма, демагандирман.

— Бўлди, ота. Тавба қилдим…

— Ҳимм, қаердан келаяпсан? — дея отам қўлидаги пиёлани хонтахта устига қўйди.

— Тўйдан.

— Ютиб олибсан-да, сасияпсан.

— Озроққина. Лекин ҳаммасини чўқиштириб ташладим.

— Ни-ма?!

— Ҳалиги, чўқиштириб ташладим. Битта стол атрофида ўн киши ўтириб қолдик. Шундай ўйин қилдимки, ҳаммаси чўқишиб қолди.

— Нима дединг? Чўқиштирдим дедингми?! Мен сен ифлосни шу умидда катта қилганмидим? Бировларнинг тўйини бузиб, ўн одамни чўқиштириб ташладингми?! Ҳали мени ҳам онанг билан чўқиштириб қўярсан! Мен сени ҳозир!..

Отам яшин тезлигида чорпояга суяб қўйилган ҳассасини олди-да, елкамга ўхшатиб бир туширдики, кўзимдан ўт чақнади.

— Вой, нима қилдим сизга?! — дея чинқириб юбордим.

— Ҳали  бировларни муштлаштириб қўйиб, битта бечоранинг емай-ичмай йиғиб қилган тўйини бузадиган бўлдингми?!

Навбатдаги марта ҳассадан еб қолмаслик учун ўрнимдан турдим-у, беш-олти қадам нарига қочдим. Кайфим тарқаб кетди.

— Нима қилдим?! — дедим йиғламоқдан бери бўлиб.

— Мен сени бунақа тарбияламаганман! Ҳаммаси онангнинг иши, ҳе-е, сенга тарбия берган оначангни, тақир-туқур, қасир-қусу-у-у-р!

— Нимага сўкасиз?

— Битта бечоранинг тўйини бузиб келибсан-ку.

— Нимага буза-а-ман?!

— Ўзинг ҳозиргина чўқиштирдим дединг-ку!

— Чўқиштирдим деганим, хўрозларга ўхшатиб чўқиштириб ташладим деганиммас, улар қадаҳларини бир-бирларига уриштиришди. Шуни чўқиштириш дейди. Кейин ичишади.

Отам қандай қайнаган бўлса, худди шундай совиди.

— Шундай демайсанми, аҳмоқ? Мен бўлсам… Беданалар ҳам бир хил пайтлари чўқишиб қолишади.

Отамнинг ҳассаси елкамга ёмон текканди. Лабим гезариб силадим. Ва дарвоза томонга юрдим.

— Қаёққа бораясан?! — бақирди отам.

— Кўрдим сизни…

— Энангни кўрмайсанми?

— Энамниям кўрдим!..

loading...