ИИБ биносида вафот этган чироқчилик марҳумнинг яқинлари: «Жасадни ювамиз десак, ғичирлайди. Шунчалик калтакланганки, синмаган суяги қолмаган экан»

0

Чироқчи туман ИИБ биносида вафот этган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмонов ўлимидан олдин ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтакланган. Бу ҳақда суд мажлисида гапириб берган марҳумнинг яқинлари — Шодмон ҳамда Маҳмариза Абдураҳмоновларнинг маълум қилишича, марҳумнинг синмаган суяги қолмаган, деб ёзмоқда «Daryo.uz».

«Ўликни ювдик, ғичирлаган суяк. Синмаган жойи қолмаган. Ҳатто эшакни ҳам бунчалик уришмайди. Буларни ҳам инсон туққан-ку, ахир», — дейди марҳумнинг укаси Шодмон Абдураҳмонов.

Судда сўз олган навбатдаги гувоҳ, марҳум Юсуф Абдураҳмоновнинг акаси Маҳмариза Абдураҳмоновнинг айтишича, 2020 йил 23 январь куни укаси яшайдиган Лангар қишлоғига кетаётган пайтда йўлда марҳумни олиб келаётган ИИБ ходимларига дуч келган. Марҳумнинг уйини билмаяпмиз, дея йўлда тўхтаб турган ИИБ ходимларига йўл кўрсатиб, жасадни отасининг хонадонига олиб борган.

«Жасадни ташлаб кетишгач, эртаси куни ювамиз деб кўздан кечирдик. Ўнгга оламан десам, ғирт этиб бир ниманинг товуши чиқади. Бу ёққа оламан десам, ҳам суякнинг товуши чиқади. Демак, бу болани эзиб ташлашибди-да деган хаёлга бордим», — дейди Маҳмариза Абдураҳмонов.

Марҳум Юсуф Абдураҳмонов ўлими бўйича 2020 йил 8 сентябрь куни бошланган суд ишини Олий суд судьяси К.Толлибоев раислигида судьялар Э.Эргашев ва Р.Орзиқуловдан иборат суд таркиби кўриб чиқмоқда.

loading...