Мутахассис: «Интернетда ҳам, бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам зўравонлик ва нафрат тарғиботининг олдини олиш учун чоралар кўриши шарт…»

0

Сўз эркинлиги ва нафрат аралашган нутқ ўртасидаги ҳуқуқий чегара қаерда ётади? Ижтимоий тармоқлардаги зўравонликка қарши ҳуқуқий ҳимояни қандай кучайтириш мумкин? Бу ҳақда инсон ҳуқуқларии бўйича адвокат, Global Shapers Tashkent Hub ташаббуслари асосчиси Дилфуза Куролова сўз юритади.

Бир кишининг эркинлиги бошқа бир кишининг эркинлиги бошланган жойда тугайди, деган фикрни ҳамма билади. Шуни эсда тутиш керакки, Ўзбекистон Конституцияси сўз эркинлигини кафолатлайди. Лекин бу ҳуқуқнинг чегаралари борми ва бошқа одамга зарар етказадиган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликлар учун жавобгарлик қаердан бошланади?

Сўнгги пайтларда интернетда — ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти ҳам бундан мустасно эмас — интернет-буллинг ёки бирор масала бўйича ўз фикрини билдирганларни таъқиб қилиш ҳоллари тез-тез учраб турибди.

Кўпинча жамиятимизда барча учун қабул қилинган фикрлардан фарқ қилувчи ғояларни илгари сурадиганлар ўз фикрини айтгани учун нафратли таъқибларга дучор бўлади. Таъқиб инсонга маънавий ва жисмоний зарар етказади. Бундай ҳаракат интернетдаги аудиторияси катта фойдаланувчилар томонидан амалга оширилганда зарар кўлами яна ҳам кенгаяди.

Таъқиб қурбонининг тарафдорлари ҳам онлайн ҳужумга учраса, вазият янада оғирлашади. Бу ҳол қўрқув ва ўз фикрини билдирмасликка, бора-бора эса ижтимоий бефарқликка олиб келади.

Сўз эркинлиги ҳуқуқининг халқаро стандартлари қандай? Мамлакатимиз қонунчилиги онлайн-зўравонликдан қандай ҳимоя қилади? Бундай нафратли сўзлар муаллифларининг жавобгарлигини қандай кучайтириш мумкин?

Келинг, ушбу саволларни навбат билан кўриб чиқамиз. Қонунчилик базасини аниқлашга ўтишдан аввал нафратли нутқ ёлғон маълумотларнинг тарқалишидан тубдан фарқ қилишини аниқ тушуниб олиш керак. Бу кўпинча сўз эркинлигига босим ўтказишга сабаб бўлади.

Халқаро ҳуқуқ сўз эркинлиги ва нафрат тарғиботига қарши кураш тўғрисида нима дейди?
Халқаро ҳуқуқда нафрат нутқининг аниқ таърифи йўқ, лекин сўз эркинлиги ва нафрат уйғотиш/уйғотмаслик чегаралари қаерда эканини аниқлайдиган халқаро стандартлар ва ҳуқуқий асослар мавжуд. Шу билан бирга «[сўз эркинлигини] чеклашлар истисно бўлиши керак ва қатъий шартлар ва қаттиқ назоратга бўйсуниши керак» (БМТнинг фикр ва ифода эркинлигини илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича 2019 йил 9 октябрдаги махсус маърузачисининг ҳисоботидаги 6-бандга қаранг, A/74/486).

Ўзбекистон томонидан 1995 йил ратификация қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг (ФСҲХП) 19-моддасида қуйидагилар белгиланган:

«Ҳар бир инсон эркин фикрлаш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар оғзаки, ёзма, матбуот воситасида ёки бадиий ифода шаклида ёки ўзи танлаган бошқа усулда ҳар қандай маълумот ва ғояларни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади».

Ушбу ҳуқуқ мамлакатимиз қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган ва кафолатланган. Аммо баъзи ҳолларда ҳақоратли изоҳлар нафақат ифодаланган фикрга тегишли бўлади, балки шахсий ҳақоратга ҳам айланиб кетади, зўравонлик, камситиш ва жазо таҳдидини тарғиб қилади.

Жиноятни содир этган шахс, шубҳасиз, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жазога тортилади. Бироқ нафратли нутқ муаллифи ижтимоий тармоқларда бошқа фойдаланувчилар томонидан унинг риторикаси тарқалиши учун ҳам жавобгар бўлиши керакми?

Мисол: жинсга асосланган безорилик ва ҳуқуқий ҳимоя
Баъзан биз ижтимоий тармоқларда гендер сиёсати бўйича қилинаётган ислоҳотларга нисбатан салбий ва холис бўлмаган муносабатни кузатамиз. Бироқ гендер тенглиги ҳақида салбий фикр билдираётганда сўз эркинлиги ҳуқуқи ва аслида унинг чегараларини тушунмаслик, hate speech, зўравонлик, зулм қилиш ва жинсига қараб камситишни эркин тарғиб қилувчининг масъулиятсизлигини оширади ва интернет-буллингни ҳосил қилиб, кўпайтиради.

Бундан ташқари, бундай ҳужумлар ирқий, миллий, диний ёки гендер низоларига олиб келиши мумкин, бу эса Ўзбекистон миллий хавфсизлигига бевосита таҳдиддир.

Мақоланинг тўлиқ вариантини ушбу ҳаволада ўқишингиз мумкин.

loading...