MMA жангчиси Сергей Харитонов боксдаги дебют жангида Дэнни Уильямсни нокаутга учратди

0

Россиянинг Химки шаҳрида навбатдаги профессионал бокс оқшоми 11 сентябрь, жума оқшомида бўлиб ўтди.

Кечанинг асосий жангида профессионал боксда дебют қилган аралаш жанг санъатлари устаси Сергей Харитонов ва бир вақтлар Майк Тайсонни мағлубиятга учратган Дэнни Уильямс ўзаро куч синашди.

Россиялик спортчи биринчи раундни тўлалигича ўз устунлигида ўтказди ва рақибини нокдаун ҳолатига ҳам туширди. Уильямс иккинчи раундни фаол бошлаб, ҳимояни унутиб қўйди. Бундан фойдаланган Харитонов унга кучли зарба бериб, уни эсанкиратиб қўйди. Уильямс йиқилмаган бўлса-да, ҳакам ҳисобни очди ва бир неча дақиқадан сўнг жангни тўхтатишга қарор қилди.

Шу тариқа Харитонов ўзининг дебют жангида техник нокаут билан ғалабага эришди. Жангнинг тўлиқ видеосини бу ерда томоша қилиш мумкин — ҳавола.

Харитонов Pride ва Bellator’даги чиқишлари билан яхши танилган. Россиялик оғир вазнли жангчининг ҳисобида 30 ғалаба ва 7 та мағлубият бор.

Уильямс эса 2004 йилда оғир вазнда собиқ жаҳон чемпиони Майк Тайсонни нокаутга учратиб, ажойиб ғалабага эришганди. Британиялик спортчининг ҳисобида эса 54 та ғалаба ва 28та мағлубият бор. У профессионал фаолиятини 1995 йилда бошлаган.

loading...