“Менга Президент совға жўнатди”

0

Биринчи синф. Ҳаяжонли дақиқалар. Мактаб остонасига олам-олам орзулар билан илк қадам қўйган пайтдаги хурсандчилик ва қувончни ким ҳам эсламайди дейсиз.

Хат-саводни ўргатган биринчи ўқитувчим, биринчи партадошим, биринчи партада ўтириш учун интилиш, жой талашиш, алифбе китоби буларнинг барча-барчаси бир умрга ширин хотиралар бўлиб, қалбга муҳрланади…

Бугун Қашқадарёдаги барча умумтаълим мактабларида биринчи синф ўқувчиларига Президент совғалари тарқатилди.

Узоқ кутилган онлар келди. Жонажон мактаб ўқувчиларни ўз бағрига қабул қила бошлади.

Қарши шаҳридаги 35-умумтаълим мактаби ҳам жорий ўқув йилида 150 нафар ўқувчини биринчи синфга қабул қилди ва Президент совғаларини топширди. Ота-оналари ҳамроҳлигида келган ўқувчиларнинг қувончи чексиз.

Шаҳардаги Худойзот маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сарварбек Ўктамов ҳам бугун 35-мактабнинг ўқувчисига айланди. Тенгдошлари қатори унга ҳам Президент совғаси берилди.

– Катта бўлсам учувчи бўламан, – дейди Сарварбек. – Кенг осмонларга парвоз қиламан. Менга ҳам Президент совға жўнатибди. Совғаси менга жуда ёқди, кейин устозим ҳам. Албатта аъло баҳоларга ўқийман.

Ҳа, беғубор қалбларнинг орзулари ҳам ўзидек беғубор. Дарҳақиқат, мазкур таълим муассасасида жорий ўқув йилида қарийб 1,5 минг нафарга яқин ўқувчи таҳсилни давом эттиради. 640 ўринга мўлжалланган ушбу мактабга Худойзод маҳалласидан ташқари Арал маҳалласилик ўқувчилар ҳам қатнайди. Шу боис жорий йилда Арал маҳалласида ҳам 630 ўринли янги 42-мактаб биноси қад ростлади. Яқин кунларда ушбу мактаб ҳам фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугундан эътиборан карантин талабларига тўла амал қилган ҳолда 112 та мактабда анъанавий дарслар бошланди. Қолган мактабларда ҳозирча онлайн дарслар давом этмоқда.

UzA.uz

loading...