Жиззахда поччасини ўлдириб, каналга оқизиб юборган шахс ҳибсга олинди

0

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида ўзаро жанжал сабаб қариндошини ўлдирган шахс қўлга олинди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ.

Қайд этилишича, Шароф Рашидов тумани “Қизлартепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан тан жароҳати етказилган жасад топилди. Марҳум Шароф Рашидов тумани “Совунгарлик” маҳалласида яшаган, 1978-йилда туғилган, киракашлик билан шуғулланган У.Х. бўлиб чиқди.

Суд тиббий экспертиза ўлимга бош мия соҳасининг ёпиқ жароҳати ҳамда мия тўқималарига қон қуйилиши сабаб бўлганлигини кўрсатди.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор суриштирувлар натижасида жиноятни у билан бирга истиқомат қилувчи, қайниси, 1993-йилда туғилган С.А. содир этганлиги аниқланди. Айбланувчи жанжал туфайли поччасини ўлдириб қўйган ва жасадни марҳумга тегишли автомашинада каналга олиб бориб ташлаган. Автоуловни эса кўздан пана жойда қолдирган.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда С.А. ҳибсхонада экани маълум қилинган.

Daryo.uz

loading...