Хоразмда оилавий жанжал сабаб эр хотинини бўғиб ўлдирди

0

Хоразм вилояти Урганч туманида 16 сентябрь куни ярим тунда эр ва хотин ўртасида юз берган оилавий жанжал аёлнинг ўлими билан тугади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 16 сентябрь куни соат 01:30 да Урганч тумани ИИБ навбатчилик қисмига туман касалхонасидан хабар тушган. Хабарда Урганч тумани Ғалаба қишлоғи «Қумробод» маҳалласида яшаган, уч нафар фарзанди бор уй бекаси, 1976 йилда туғилган У.А.нинг бўйин соҳасидан бўғиб ўлдирилган ҳолдаги жасади олиб келинганлиги билдирилган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида аниқланишича, шу куни соат 00:30 да У.А.нинг уйида унинг турмуш ўртоғи, Россияда мавсумий ишловчи, 1976 йилда туғилган С.А. билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжал юз берган. Жанжал натижасида эркак қўллари билан У.А.нинг бўйин соҳасидан бўғиб ўлдирган.

Ҳозирги пайтда Урганч тумани прокуратураси томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, 2020 йил 12 август куни С.А уйида турмуш ўртоғи У.А билан жанжаллашган, улар бир-бирини уриб тан жароҳати етказган. Ушбу ҳолат бўйича уларнинг иккаласи ҳам Урганч тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Аризалар бўйича суриштирув олиб борилиб, 2020 йил 21 август куни Маъмурий ишлар бўйича Урганч тумани суди томонидан С.А Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасига (енгил тан жароҳати етказиш) асосан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Суриштирув давомида аниқланишича, С.А ва У.А. турмушдан ажрашиш арафасида бўлган, С.А. уйидаги буюмлар ҳамда У.А.нинг тилла-тақинчоқларини сотмоқчи эканлигини айтиб юрган.

loading...