АҚШда 20 сентябрдан бошлаб TikTok ва WeChat дастурларини юклаб олиш тақиқланади

0

АҚШ президенти Дональд Трампнинг фармонига асосан АҚШда 20 сентябрдан бошлаб Хитойнинг TikTok ва WeChat дастурларидан фойдаланишни чеклаш режалаштирилмоқда.

АҚШ Савдо вазирлиги томонидан маълум қилинишича, 20 сентябрдан бошлаб АҚШда WeChat ва TikTok мобил дастурларини тарқатиш ва уларга ҳамкорлик қилиш бўйича ҳар қандай хизматни кўрсатиш, шунингдек, онлайн дўконлар орқали уларни янгилаш тақиқланади.

Бундан ташқари, 20 сентябрдан бошлаб АҚШда пул ўтказиш ва тўловларни амалга ошириш мақсадида WeChat дастури орқали ҳар қандай хизматни кўрсатишга ҳам тақиқ қўйилади.

Шунингдек, 20 сентябрдан WeChat, 12 ноябрдан TikTok учун уларнинг АҚШда ишлашига имкон берувчи интернет-хостинг хизматларини кўрсатиш тақиқланади. Мазкур тақиқларни қўллашдан мақсад АҚШ фуқаролари ва миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш ҳисобланади.

АҚШ савдо вазири Уилбур Росснинг маълум қилишича, WeChat мамлакатда 20 сентябрдан блокланади, TikTok’ни эса 12 ноябрдан тақиқлаш режалаштирилмоқда. Вазирнинг қайд этишича, АҚШдаги TikTok фойдаланувчилари ҳозирча дастурдан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолади, чунки дастурнинг америкалик фойдаланувчилари маълумотлари хавфсизлиги бўйича хавотирларни бартараф қилиши мумкин бўлган музокаралар олиб борилмоқда.

Савдо вазирлиги томонидан маълум қилинишича, Хитой АҚШ миллий хавфсизлиги, халқаро сиёсати ва иқтисодиётига таҳдид қилиш учун воситалар ва сабабларга эга. «Бугун эълон қилинган чоралар америкалик фойдаланувчиларни ҳимоя қилади, чунки улар дастурлардан фойдаланиш ва уларнинг ишлаш имкониятини сезиларли даражада чеклайди», — дейилади вазирлик хабарида.

«Эълон қилинган ҳаракатлар президент Трамп миллий хавфсизликни кафолатлаш ва америкаликларни Хитой Коммунистик партиясидан чиқаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун қўлидан келадиган барча ишларни қилаётганини яна бир бор исботлайди», — дея маълум қилган Уилбур Росс.

Дональд Трамп 2020 йилнинг 6 август куни АҚШда TikTok’ни блоклашни кўзда тутувчи фармонни имзолаган. Фармонга кўра, агар хизматнинг АҚШдаги операциялари америка компаниясига сотилмаса, TikTok АҚШда ҳужжат имзоланганидан 40 кундан кейин блокланиши назарда тутилганди. Шу тариқа, Дональд Трамп ByteDance компаниясига шартнома тузиш учун 20 сентябргача муҳлат берганди. Шунингдек, Трамп ана шу санада WeChat’ни блоклашни ҳам ваъда қилганди.

Кейинроқ, 14 август куни Трамп янги фармон имзолади. Янги фармонга кўра, TikTok’нинг эҳтимолий шартнома тузиш муддати 90 кун этиб белгиланди ва бу муддат 12 ноябргача якунланиши керак.

daryo.uz

loading...