Ҳамширанинг битта муҳр босиши 5000 сўм турадими?

0

Самарқанд томонларга бир мухлисга ёрдам бериш учун бордим. Мухлиснинг қизининг соғлиғи тўғрисида маълумотнома олиш учун қишлоқ врачлик пунктига бордик. У ердаги дўхтир маълумотнома ёзиб берди. Фақат маълумотномага бошқа қишлоқда жойлашган поликлиникадан иккита муҳр қўйдириб олишимизни таъкидлади.

Биз поликлиникага бориб, маълумотномага муҳрни катта ҳамшира қўйиб беришини билиб, унинг хонасига кирдик. Ҳамшира ҳақиқатан ҳам иккита муҳр босиб, биздан “5 минг сўм беринг” дея пул сўради.

Мухлиснинг қўлида чақалоғи бўлганлиги учун ҳамёнини менинг пакетимга солганди. Шунинг учун у пакетимдан ҳамённи олмоқчи бўлди.

“Қаерда муҳр учун 5 минг сўм тўлансин деб ёзилган?” дедим мухлисга. Бечора аёл ерга қаради.

“Уялмайсизми пул сўрагани? Ўзи бечоранинг эри 7 ойдан буён Туркиядан пул жўнатмаётган бўлса. Ҳаттоки боласига дори олиб беришга пули йўқ экан”, дедим ҳамширага.

“Пули бўлмаса, ҳеч бўлмаса, 2-3 минг ташлаб кетсин. Бизларниям харажатимиз бор”, деди ҳамшира бўзрайиб.

“Қанақа харажат? Нимага харажат қилдингиз? Битта тайёр ёзилган маълумотномага муҳр босганингиз харажат бўлиб кетдими?” дедим ҳамширага.

“Пуллари йўқ бўлса, майли, раҳмат, деб кетса бўлди”, дейди биздан пул ундиролмаслигини билгач, ноилож ҳамшира.

Шундан сўнг хонасидан чиқиб кетдик. Ҳамширанинг исмини сўрамаганим учун яна бинога қайтиб кирдим. Эшик қулф эди. Деворда эса унинг лавозими ва исм-шарифи ёзилган экан. Телефонимга суратга тушириб чиқдим. Ҳовлида бир дўхтир “Нима гап, тинчликми?” дея мендан сўради.

“Сизларда маълумотномага муҳр бостириш пуллими?” дея сўрадим ундан.

“Йўқ, бепул. Ким айтди пулли деб?” дея ҳайрон бўлди у.

Шу пайт ҳамшира фойедан менга қараб: “Опа, нима хизмат?” деди.

“Раҳмат, хизматни қилиб бўлдингиз”, дедим унга ва дўхтирга юзланиб: “Анави ҳамшира 5 минг сўм пул сўради-ку! Ана, тирик гувоҳим ҳам бор?” дедим.

“Энди пул сўрамайди”, деди дўхтир ерга қараб.

Мана сизга қишлоқ поликлиникасидаги аҳвол. Ҳамшира ҳар бир борган инсондан 5 минг сўмдан олиб қолаверса, бу нима деган гап? Бу таъмагирлик эмасми?

Хонбиби ҲИММАТ қизи,

журналист

loading...