Оҳангаронда Hyundai’нинг трактор тиркамасига урилиши оқибатида бир аёл ва унинг беш ойлик фарзанди ҳалок бўлди

1

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўрган М-39 автомобиль йўлида Hyundai Porter ва трактор ўртасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир оиланинг икки аъзоси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди

Маълумотларга кўра, 17 сентябрь куни соат 20:30 да Х.Т. исмли 35 ёшли Hyundai Porter автомобили ҳайдовчиси Гулистон—Бўка—Ангрен—Қўқон—Андижон—Ўш автомобиль йўлининг Тошкент шаҳри йўналишига қараб ҳаракатланаётиб, ўзи билан бир йўналишда чапга қайрилиш учун (рухсат этилган жойда) тўхтаб турган «Т-28» русумли тракторнинг тиркамасига келиб урилган.

Натижада Hyundai Porter автомашинасининг йўловчилари, яъни ҳайдовчи Х.Т.нинг 32 ёшли турмуш ўртоғи тан жароҳатлари олиб ҳодиса жойида ҳамда беш ойлик қизи Оҳангарон туман марказий шифохонасининг қабул бўлимига олиб келинган вақтда вафот этган. Бундан ташқари, Х.Т.нинг 7, 10 ва 12 ёшли ўғиллари турли даражадаги тан жароҳатлари билан туман марказий шифохонасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда жиноят иши вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.

Аввалроқ Фарғона вилоятида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 9-синф ўқувчиси бошқарган Labo автомобили қарама-қарши йўналишда келаётган трактор тиркамасига бориб урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани тўғрисида хабар берилганди.

loading...

1 ТА ФИКР

  1. Охангарон туманида М-39 автомобиль йули мавжуд эмас. Тарихдан булмаган. А-373 «Гулистон-Бука-Охангарон-Ангрен-Кукон-Андижон оркали Уш» Узбек Миллий автомагистрали хисобланади

Comments are closed.