Қашқадарёда мактаб директори коррупция ҳақида хат ёзиб қолдириб, ўзини ўлдирди. Марҳум «юрак ҳуружидан вафот этган» қилиб кўмиб юборилди

0

Бугун ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Китоб туманида мактаб директори ўз жонига қасд қилганлиги, вафотидан олдин хат ёзиб қолдирганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура Матбуот хизмати маълумот тақдим этди.

Келтирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текширишда марҳумнинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак ҳуружидан вафот этгани важи билан жасадни кўмиб юборишганлиги аниқланган.

Ҳозирда туман халқ таълими, ички ишлар бўлимлари ҳамда махалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази туман бўлимининг мутасадди ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.

Айни пайтда «darakchi.uz»га маълум бўлишича, марҳум Китоб туманидаги «Янги қишлоқ» қишлоғидаги 13-мактабнинг 47 ёшли раҳбари Т.Н. бўлга. Мактабга икки йил аввал раҳбар қилиб тайинланган. Раҳбар ўзи ишлаб турган мактабнинг ҳожатхонасида ўзини осган. У ушбу лавозимга тайинланиш учун бир нечта одамлардан катта миқдорда қарз кўтарган. Сўнгги кунларда марҳумдан олинган қарзни сўраб келувчилар сони кўпайгани айтилмоқда. Биз ўша ҳудудда истиқомат қилувчи ва тумандаги бошқа мактабларда ишловчи ўқитувчилар билан суҳбатлашар эканмиз, айни пайтда ҳудудда марҳумни мактабда эмас, ўз хонадонида жонига қасд қилган дея расмийлаштиришга уринишлар бўлаётганини маълум қилишди.  У билан ишлаганлар ва билганлар марҳум 47 ёшли эркакни ўз соҳасининг устаси, бироқ, қўрқоқроқ инсон сифатида эслашди.

loading...