Итлар ҳам коронавирусга чалинмоқдами?

0

Иорданияда ит коронавирусга чалингани аниқланди. Бундай ҳолат Иорданияда илк бор қайд этилди. Жума куни расмий Иордания ахборот агентлиги бу маълумотни тасдиқлаган.

Ушбу итнинг эгаси Ал-Рамса ҳудудида яшовчи хорижлик инвестор бўлиб, у ўзининг уй ҳайвонини самолёт орқали хотинига жўнатмоқчи эди. Лекин, парвоздан олдинги текширувларда ит коронавирусни юқтириб олгани аниқланган.

Иорданиядаги Эпидемияларга қарши Миллий қўмитанинг матбуот котиби доктор Назир Обейдатнинг айтишича, CОVID-19 га чалинган итлар ва бошқа ҳайвонлар бу касалликни одамларга ташувчи асосий манба эмас. Шунга қарамай, ҳукумат эҳтиёт чораси сифатида хорижлик инвесторнинг уйини изоляцияга олган. Уй эгаси ва унинг қўшниси ўзларининг тест натижалари чиққунча карантинга олиндилар.

Иорданияда коронавирус илк бор март ойида аниқланганди. Бу мамлакатда 17 сентябрда коронавирус билан касалланиш бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилиб, 279 кишининг мазкур инфекцияни юқтириб олгани аниқланган. 17 сентябрь ҳолатига кўра Иорданияда жами бўлиб 4131 кишига коронавирус ташхиси қўйилган ва уларнинг 26 нафари вафот этган.

tarjumon.uz

loading...