Қашқадарёда 47 ёшли мактаб директори ўз жонига қасд қилди. Марҳум ўлимидан олдин хат ёзиб қолдирган (фото+видео)

0

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабида жорий 31 август куни кўнгилсиз воқеа содир бўлди.

Мактаб директори Н.Т. нинг жасади мактаб ҳожатхонасида осилган ҳолда топилди. Воқеа тафсилотларини ўрганган «Nasafnews» мухбирининг айтишича, марҳумнинг яқинлари воқеа бўйича туман Халқ таълими бўлимини айбдор қилиб кўрсатмоқда.

Директорнинг тоғаси Латиф Эшқобиловнинг маълум қилишича жияни вафотидан олдин хат ёзиб қолдирган.

Директор ўз хатида “Ҳурматли устоз касбдошлар, ҳар қандай шароитда ҳам коррупцияга йўл қўйманг. Мактабда ўтирган ътўнкаларʼ ҳам қимирласин. Кимлигини билдингиз. Ўшаларга яратгандан инсоф тилаб қоламан. Халқ боласининг кўзини ўйманг. Сизлардан ҳам илтимос” – деган фикрларни билдирган.

Мактаб ўқитувчиси ва қорувули билан бўлган суҳбатда хат директор томонидан ёзилгани тасдиқланди. Қорувул воқеа бўйича фикр билдирар экан, мактаб жамоасида муҳит яхши эмаслигини айтди.

Шу куни тушлик пайтида директор мени туман халқ таълимига юборди,- дейди мактаб қоровули Ҳусниддин Эргашев. – Қоғозни олиб, бўлимнинг кадрлар бўлимига етказишимни айтди. Қоғозни кўрсам ариза экан. Шундан сўнг, туманга бордим. Энди бўлимга кираман деганимда ён қўшним менга телефон қилиб қолди. Ва у менга директор ўзини ҳожатхонага осиб қўйганини айтди. Уни стадионда ўйнаб юрган болалар кўриб қолган экан. Жамоада ўзаро келишмовчиликлар ҳам бўлган. Мактабда аввалги директордан буён раҳбарлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб олган.

Марҳумнинг опаси ва тоғаси ҳамма воқеага сабабчи сифатида туман халқ таълими бўлими масъуллари кўрсатмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, марҳум қарзга ботиб кетган. Ўзини осиб қўйишига шу сабабчи бўлиши мумкин.

– Укам ўлимидан бир кун олдин менга туман халқ таълими бўлими мудирига қишлоқ оқсоқолларини олиб борсам, берган бир ярим минг долларимни қайтариб берар эканми деб айтди,- дейди директорнинг опаси Барно Турдиева. – Мен унга бўлим мудири буни тан олмаслигини айтиб, ҳадемай карантин очилса Россияга ишлагани кетасан деб айтдим. Укамни қишлоқ аҳли сайлаб директор қилган. Аммо уни ишга киришида туман халқ таълими бўлимига ҳаммадан қарз олиб, бир ярим минг доллар йиғиб берганмиз. Укам қарзларини тўлолмай, мактабни камоматини тўлайман деб, ўз жонига қасд қилди. Бунга 100 фоиз тинимсиз пул йиғган туман халқ таълими бўлими айбдор.

Марҳумнинг устози, айни пайтда мактабда рустили фанидан дарс берувчи Маҳорат Шукруллаеванинг айтишича, мактабнинг ҳамма юки директор зиммасига тушган. У ҳатто бир неча бор ўқитувчилардан мактабнинг қарзини тўлаш учун ёрдам сўраган.

-Марҳум директорни ўқувчилик давридан биламан, устози бўлганман,- дейди Маҳорат Шукруллаева. – Бирга ишлаганмиз, ўзини жонкуярлиги билан ажралиб турар эди. Меҳрибон инсон ва ота эди. Устозларини қадрлайдиган одам эди. Мактабни юкини кўпроқ бир ўзи тортарди. Ҳар бир масъулнинг ўзини вазифаси бўлади. Кўпроқ вазифа эса директор бўйнида эди. Юқори ташкилотлардан топшириқ бўлган вақтларга пул йиғиш керак деб айтилган. Кимдир орқага тортади. Ноилож бўлгандан кейин ўзини маблағларини ишлатарди. Кимдандир олиб , кимдандир беришга мажбур бўлган. Моддий томондан бора-бора бу етишмовчиликка олиб келган.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи эри спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслигини, воқеа содир бўлган кун тонгда кайфияти яхши бўлганини айтар экан, «бугундан ўзгараман, мактабни ўзгартираман» – деган фикрларни билдирганини маълум қилди.

nasafnews.uz

loading...