Ўзбекистонда 8 ойда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 135 трлн сўмни ташкил этди

0

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–август ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 135 триллион сўмга етди. Унинг номинал ҳажми 11,9 триллион сўмга ошди. Бу ҳақда давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, таққослама эквивалентда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 0,1 фоизни ташкил этди.

2020 йилнинг январь ойига нисбатан жорий йилнинг август ойида (дискрет ой) кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 2,2 триллион сўмга ўсди ва 18,5 триллион сўмга етди.

2020 йил VII дискрет (июль) ойининг ҳажмига нисбатан таққослаганда, 2020 йил VIII дискрет (август) ойининг ҳажми 2,6 триллион сўмга ўсди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрсатилган бозор хизматлари таркибида энг катта улушни савдо хизматлари эгаллайди. 2020 йилнинг январь—август ойларида уларнинг улуши 26,2 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, юқори кўрсаткичлар транспорт хизматлари (24,2 фоиз), молиявий хизматлар (21,9 фоиз), алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бўйича (6,1 фоиз) қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар кўрсатиш ҳажмларининг унча катта бўлмаган ўсиши кузатилди, уларнинг улуши атиги 1,4 фоизни ташкил этди. Шунингдек, нисбатан юқори бўлмаган улуш компьютер ва маиший товарларни таъмирлаш бўйича хизматлар – 1,5 фоиз, ижара соҳасидаги хизматлар – 1,8 фоиз, меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасидаги хизматлар ҳиссаси 2,1 фоизга тўғри келди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми июнда 100, 6 триллион сўмни, июль ойида эса 116, 5 триллион сўмни ташкил этган эди.

loading...