Ўзбекистонда фильмларини суратга олган хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисми қайтарилади

0

Ҳукуматнинг тегишли қарори (№568, 19.09.2020й) билан, Ўзбекистон ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш (“rebate”) тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Унга кўра, Ўзбекистон Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан хорижий кинокомпанияларга республика ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг 20 фоизи миқдорида қайтарилади.

Бироқ хорижий кинокомпания томонидан ҳар бир фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланган харажатларнинг қайтариладиган қисми 300 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлмайди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги хорижий кинокомпанияларга харажатлар қисмини қайтаришни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади.

Низомга кўра, фильм деганда бадиий тўлиқ метражли, бадиий қисқа метражли, ҳужжатли ва хроникал, илмий-оммабоп, бадиий-публицистик, мультипликацион аудиовизуал маҳсулот, ижтимоий видеороликлар, кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар тушунилади.

Ўзбекистон ҳудудида ўз фильмларини яратиши учун Давлат бюджетидан маблағ ажратилган хорижий кинокомпаниялар рўйхати (реестри) “Ўзбеккино” веб-сайтига жойлаштирилади.

loading...