Хивалик шифокорнинг қариндошлари марҳум коронавирусдан вафот этган дея ҳисобламоқда. Вилоят ССБ эса буни рад этяпти

0

5 сентябрь куни Хоразм вилоят 1-сон клиник шифохонаси шифокори Бахтиёр Қиличев 66 ёшида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди. Унда беморнинг ўлимига коронавирус асоратлар сабаб бўлгани ҳақида ёзилган.

15 сентябрь куни Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли карантин шифохонасидан олинган касаллик тарихи маълумотларига таяниб, марҳумда коронавирус инфекцияси тасдиқланмаганини маълум қилди.

«27 август касалхонага ётқизилган беморда бирламчи текширув жараёнида махсус лаборатория текширувида ҳам, кейинги ташхисларда ҳам коронавирус инфекцияси аниқланмаган. Беморнинг ўлимдан кейинги ташхиси натижаларига кўра, беморнинг вафотига икки томонлама пневмония сабаб бўлганини кўриш мумкин», — дейилади баёнотда.

«Gazeta.uz» нашри билан суҳбатлашган марҳумнинг рафиқаси Санобар Жуманиёзова (терапевт) ва унинг ҳамкасблари ушбу баёнотга қўшилмаган. Улар лаборатория таҳлиллари ва текширувларга асосланиб, Қиличевнинг ўлимига айнан коронавирус асоратлар сабаб бўлганини тасдиқламоқда.

Бахтиёр Қиличев 1954 йили Хивада туғилган, 1978 йилда Тошкент тиббиёт институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Хива тумани шифохонасида бошлаган, кейинроқ вилояти ИИВ амбулатория тиббиёт хизмати бошлиғи, 1-сонли вилоят клиник шифохонаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. Узоқ йиллар давомида Хива тумани марказий шифохонаси терапия бўлимига мудирлик қилган. Халқ депутатлари туман кенгаши депутати бўлган.

Бахтиёр Қиличевнинг қариндошлари ва ҳамкасбларининг сўзларига кўра, у коронавирус пандемияси бошланганидан буён беморларни даволаш билан шуғулланиб келган, август ойида эса ўзи ҳам коронавирус юқтириб олган.

Таъкидланишича, Қиличев коронавирусдан даволанганини кўрсатувчи қатор фактлар мавжуд. Хусусан, унинг карантинга жойлаштирилгани ва Тошкент тиббиёт академиясининг вилоят филиали қошидаги Урганчдаги COVID-19 марказига ётқизилгани (янги туғруқхона базасидаги). Унинг даволанишини россиялик мутахассислар, жумладан, Москвадан келган реаниматолог Музаффар Закиров назорат қилган.

«Иккала ўпка интерстициясининг сиқилиш белгилари (интерстициал пневмония). Катта эҳтимол билан COVID-19. Ўнг ўпкада паренхима 30 фоиз, чап ўпкада эса 26 фоиз. Оғирлик даражаси КТ-3 (оғир)», — дейилади 24 август кунги МСКТ ташхисида.

COVID-19 ташхиси касалхонадан ташқаридаги пневмония, артериал гипертензия ва семириш билан бирга Хоразм вилояти патологанотомия бюроси актида келтирилган (нусхаси таҳририятда мавжуд). Шунингдек, ушбу актда марҳумни кўмишга ва дафн маросимларини ўтказишга тайёрлаш жараёнига изоҳ берилган. Унга кўра, марҳум қариндошлари гувоҳлигида икки нафар маҳаллий СЭС вакили назорати остида кўмилган.

20 сентябрь ҳолатига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юритилаётган коронавирус статистикасига кўра, Ўзбекистонда ҳозиргача 433 киши COVID-19 оқибатида вафот этган. Бироқ «Дарё» юритаётган алоҳида ҳисоб бўйича, Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони расмий статистикадагидан камида 19 тага кўп.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида, Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Тўлқин Ашуров 51 ёшида, Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бошқарма ҳузуридаги COVID-19’га қарши курашни мувофиқлаштирувчи штаб раҳбари Шерали Нурматов 61 ёшида, Самарқанд шаҳридаги 1-сонли туғруқхона бош врачи Гулнора Жўраева 56 ёшида, Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Алишер Уралов 52 ёшида, Тошкентнинг Олмазор туманидаги 18-оилавий поликлиника катта ҳамшираси Феруза Тўхтаева 60 ёшида, Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова 62 ёшда коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган эди.

daryo.uz

loading...